Меню
Қашқадарё
КИРЛАНГАН КЎНГИЛДАН ҲАР НАРСА КУТИШ МУМКИН...
Сараланган сатрлар
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президент фармони билан мукофотланганлар орасида "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ҳам бор экан. Хўш, нима бўпти дерсиз? Гап шундаки, мамлакатдаги кўплаб етук қаламкашлар устози бўлган Мелибоев мана энди "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист" фахрий унвонини олибди. Ваҳоланки умрида лоақал тузук-қуруқ мақола ёзмаганлар ҳам улкан даъволар билан юрган бир чоғда устоз журналист меҳнати чинакам эътирофини топгани эътиборга молик.
Аҳмаджон Мелибоевдан бошловчи қаламкаш нималарни ўрганиш мумкин? Аввало, содда, равон, юморга бой услубни. Кейин, мўлжални жуда узоқдан олиш эмас, яқин-атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларни қаламга олишни. Ўз ўрнида жаҳон тажрибасини ҳам пухта эгаллашни.
Ана шундай омиллар жамланган "Торнинг чўмичдан фарқи" китобидан айрим лавҳаларни келтираяпмиз. Сўз кучи, қудрати, ижодкорнинг мавзуга куюнчаклик билан ёндашуви борасида кўп нарса ўрганишингизга, модомики ижоддан йироқ бўлган тақдирингизда ҳам мутолаа завқ-мароқ билан кечишига ишончимиз комил.
* * *
У пайтлари ҳам эл-юртда тўй-томошалар бўлган, ҳофизу ҳофизалар хизматда бўлишган. Аммо қўшиқчилар навбат талашиб мухлислар кўз ўнгида қирпичоқ бўлишмаган. "Мен турганда сенга ким қўйибди, ...жиқ, ...лос", деб таэквондога тушишмаган. Аксинча, бир-бирларига йўл беришган.
Бу гаплар нечоғли аччиқ бўлмасин, ҳаётда бор ва кўз ўнгимизда ҳар куни, кунора содир бўлиб турган воқеалардир. Табаррук санъатимиз, муқаддас саҳнамиз ҳаққи, улар тўғрисида ҳам гапириб туришимизга тўғри келади. Зеро, санъат - гулдек нозик нарса, уни ҳар жиҳатдан эҳтиётламоқ, асраб-авайламоқ зарур.
* * *
Эшитганмисиз, кимнингдир кўнгли ғаш бўлиб, чеҳраси тундлашиб турса, бошқа биров "Ҳай, кўнглингизга олманг, бунақа гапларни хаёлингиздан чиқариб ташланг, яхши ният қилинг", дейди. Бу гапнинг маъноси жуда ҳам чуқур. Инсон наинки уйини, йўлаги ё ҳовлисини, ҳатто кўнглини ҳам тозалаб туриши керак. Бундай қилмаса кўнгли кирланиб кетади. Кирланган кўнгилдан эса ҳар нарса кутиш мумкин.
* * *
Дени Дидро "Ким китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, у фикрлашдан ҳам тўхтаган бўлади", деган экан. Дарҳақиқат, биз дунё, унинг ўтмиши ва келажаги, жамият тараққиёти, табиат ва инсон муносабатлари тўғрисида онг-шууримизга сингган жамики билимлар учун китоблардан миннатдор бўлишимиз керак. Яхши китоб бизга олам ва одамни идрок этишга, инсон ҳаётининг мураккаб чорраҳаларида тўғри йўл ва тўғри ечимларни топишга, ўзликни англашга ёрдам беради. Китобга ошнолик - эзгуликка ошноликдир.
* * *
Санъаткорлар ҳақида ёзилган, ёзилаётган кўпдан-кўп мақолаларни ўқисангиз, аксариятида "Санъатга бўлган иштиёқ уни пойтахтимиз Тошкентга етаклаб келди..." деган жумлага дуч келасиз. Бугун журналистика факультетларимизда таҳсил олаётган талабаларни бу ерга қандай иштиёқ бошлаб келди экан? Бу саволга "Газетачиликнинг машаққатли меҳнати, тинимсиз югур-югур, чопа-чоп, кимларнингдир чала-чулпа қўлёзмаларини таҳрир қилишга бўлган кучли иштиёқ", дея жавоб бера оламизми? Таассуфки, дея олмаймиз. Улар орасида ўқишни тугаллаган куниёқ хорижга хизмат сафарига отланишни, телевидениеда кўрсатув олиб бориб, юлдузга айланишни орзулаб юрганлар ҳам оз эмас. Шу боис, бугун ўқишни тугаллаётган айрим талабаларнинг шу чоққа қадар матбуотда оддий хабари ҳам босилмагани ҳеч ҳам ажабланарли эмас. Аслида, бу ниятларнинг ёмон жойи йўқ. Аммо улар газетачиликка тааллуқли бўлмаган орзулардир.
* * *
Севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик айтганидек, истеъдод Аллоҳ томонидан берилади ва ...бу неъмат ҳаммага ҳам берилавермайди. Уни қандай сарфладик, нимага ишлатдик - бунинг ҳам сўроқ-истоғи бўлади.
* * *
Ҳожибой Тожибоевнинг футбол мавзусидаги ҳангомаларидан бирида стадионларимиз ҳамиша ҳам мухлислар билан тўла эмаслиги нозик ишора билан берилади: "Мана, бизнинг футболчиларимиз ҳам дунёнинг машҳур тўпсурарларидан тажриба ўрганмоқдалар. Яқинда битта ҳужумчи тўпни рақибларидан олиб, ҳимоячиларни алдаб, мингга қўйиб бориб, дарвозага гумбурлатиб тепди. Гол бўлди. Ана ундан кейин хорижликларга ўхшаб майкасини ечиб, боши узра айлантириб-айлантириб, ишқибозларга отмоқчи эди, қараса... стадион бўм-бўш..."
Афсуски, бугун катта саҳналаримизда, радиоканалларда тинимсиз ижро этилаётган, кунига неча бор қайтарилаётган қизиқчилик дастурларида кулги бору, маъно йўқ. Улар айтаётган баъзи ҳангомалар тингловчини кулдиради эмас, кулгисини қистатади. Бунинг, албатта, фарқи бор. Уларни тинглаб туриб, қизиқчи нима демоқчи, бошқа бировнинг эмас, ўзининг устидан кулаётганини наҳотки фаҳмламаётган бўлса, дегинг келади.
* * *
Йигитлар ишончни йўқотишмоқда. Битта синглимиз анчадан бери "қоп-қоп ваъдаларни бериб, кейин қочворадиган ёлғончиларга ишонма, кастумидан маҳкам тут", деб огоҳлантирмоқда. Худдики, кастум ёрдам берадигандай. Ечадию қочади номард, ўзини ушлаш керак.
Битта кўримлигина йигит "Севиб қолишдан қўрқаман" деб хиргойи қилиб ётибди. Тоғни урса ярмини қум, ярмини шағал, "крошка" қилиб ташлайдиган азамат, бекордан бекорга, бунақанги қўрқоқ бўлиб қолмайди. Духтурга кўрсатиш керак.
* * *
Санъаткор дўстим!
Қўшиқларингизни минг азоб билан тинглайман. Билсангиз, тинглаётиб... қийналиб кетаман. Негаки, пардани баланддан оласиз, бўриқиб, зўриқиб куйлайсиз. Куйлаётган сиз, аммо мен азоб чекаман. "Ишқилиб, омон-эсон тугатиб олсин-да", дея юрагимни ҳовучлаб ўтираман. Авжига келганингизда кўзимни чирт юмиб оламан.
Тингловчига раҳмингиз келсин, укажон!
* * *
Бир вақтлар ён дафтаримга "селдай келиб, елдай кетди" деган жумла ёзиб қўйган эканман. Амал отига мингач "ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, ҳаммасини тўғрилаймиз, тузатамиз..." қабилида қоп-қоп ваъдалар берадиган, аммо ваъдасида турмайдиган тутуруқсиз раҳбарга нисбатан халқ шу иборани ишлатади.
* * *
Эрталаб соқолни қиртишлаб, сочни тараб, бўйинбоғни тақиб ва... жомадонда тахи бузилмай ётган дўппингизни кийиб ишга келинг-чи. Энг яқинларингиз ҳам "тинчликми" дегандай сергакланиб қарайди.
Бир гал Муҳаммад Юсуфга шу мулоҳазаларни айтиб, "бош қолмади дўппига лойиқ" - "бел қолмади, белбоққа лойиқ..." дея лутф қилган эдим, шоир дарҳол жавоб қайтарди:
- Дўппи, белбоғ... Эркаклар, аёллар кўп нарсалардан воз кечишди, аммо ҳаммасини ёзиб бўлмайди-да, ака...
* * *
Машҳур тиббиётчи олимлардан бири "Одамнинг боши оғримайди, бошдаги оғриқ - инсон танаси аъзоларидан биридаги хасталик ишорасидир" деганди. Олим инсон кўзларининг кўриши ҳодисасини ҳам кўриш эмас, борлиқнинг онгимизда акс этиши дейди.
Демак, бош оғриши - бу ишора, огоҳлик белгиси. Шундай ҳолатга тушган одам танасидан хабар олиши, вужудининг ёрдамга муҳтож жойини аниқлаши керак.
Ўйлаб кўрилса, одам боласининг бутун ҳаёти шундай билинар-билинмас ишоралардан иборатга ўхшайди. Ҳар бир киши кунига ўнлаб, балки юзлаб ишораларга дуч келади. Аммо уларни аксар ҳолларда пайқамайди, эътибор бермайди, ишора тугунларини ечишга ўзини чоғламайди. Фақат, боши бир жойга урилганида, иши чаппасидан кетганида, тўшакка михланиб ётиб қолганида ва ё бошқа шу каби изтиробли ҳолатлар қуршовига тушганидагина "Э, калла, кўнглимга келувди-я, кўнглим сезувди-я, оёғим тортмаганди-я, тушим ҳам сал чалкашувди-я..." қабилида афсус қилади. Аммо фойдаси бўлмайди.
* * *
Йўл четидаги симёғочларда, бекатларда яна ғаройиб эълонлар пайдо бўла бошлади: "Шпаргалка", "Бюджетга тайёрлайман", "Ўқишга киришга ёрдамлашаман..."
Бундай ёзувлардан, таажжубки, ҳеч ким таажжубга тушмай қўйди. Эълонларда шпаргалка тайёрлаб, болаларни илм олишдан чалғитаётган, нопок йўлларга бошлаётган кимсаларнинг манзили, телефон рақами кўрсатиб қўйилган бўлса ҳам бирор киши "Ие, бу нимаси" демайди. Бутун шаҳарни айланиб чиқинг - бирор жойда, бирор симёғочда "Имло қоидаларига, саводхонликка, тўғри талаффузга, мантиқий фикрлашга ўргатаман" деган ёзувни кўрмайсиз. Бундай эълонлар, таассуфки, ҳали-вери урф бўладиганга ўхшамайди.
* * *
Бир вақтлар куюнчак муаллифларимиздан бири таҳририятга мактуб йўллаб: "Баъзи ота-оналарни тушуниб бўлмайди. Подадан бузоғи келмаса, етти маҳаллани зир айланиб қидиради, аммо ўғли ёки қизи икки-уч кун уйга келмаса, парво ҳам қилиб қўймайди", деб ёзган эди.
* * *
Анваржон ҳеч кутилмаганда шахмат ўйини қоидаларини мантиқий жиҳатдан бойитишга ўз ҳиссасини қўшди. Бу ҳиссанинг моҳияти содда: "Ўйин бошландими, ўзингни камида Капабланкадай тутиб, ортиқча ҳаяжонга берилмай, уч-тўртта юриш қил ва... тўхта, бошқа юрма, юриш навбати сенга келса ҳам юрмай туравер. Рақибинг "Юринг, ака", деса: "Мумкин эмас", деб жавоб қайтар. Баҳсга ҳакам ёки рақиб томоннинг ҳайбаракаллачилари аралашса, уларнинг ҳорғин кўзларига ишонч билан қараб Фишерона шундай де: "Биродар, умримда бировга ёмонлик қилмаганман, мен юрмасам, яъниким ҳужум қилишни бошламасам, бировнинг тинч қўрғонига ёмон ниятда бостириб бормасам, у ҳам бостириб келмайди, бостириб келмаса, демакки, ҳеч қандай талафот юз бермайди, гижинглаб турган отлар, салобатли филлар беҳудага қурбон бўлмайди. Тинчлик-хотиржамлик тарафдори бўлган ҳар бир киши буни англамоғи даркор. Бу усулни қўллаган лубой бошловчи лубой гроссмейстер билан ҳам дуранг ўйнаши мумкин..."
Афсуски, кўплар бу усулнинг моҳиятини ҳозирча тўла англаб етмадилар.
НАСРИДДИН тайёрлади.