Меню

Қашқадарё

06.03.2018 1873

КИМНИНГДИР ЁЗГАНИГА ОФАРИН, КИМНИНГДИР ЁЗМАГАНИ УЧУН РАҲМАТ

Китоб – бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

* * *

Эшик ёпилганда жимликнинг этаги қисилди.

* * *

Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.

* * *

Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.

* * *

Ёзувчи саёз жойда чўкади.

* * *

Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.

* * *

Тошнинг бардоши зўр.

* * *

Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

* * *

Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам ишонч билан иш кўриши керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.

* * *

Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совутиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.

* * *

Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман.

* * *

Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, менинг бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* * *

Инсон – табиат боласи, боланинг гуноҳидан кечиш мумкин.

* * *

Истеъдод нималигини, таркибий   қисмларини билмайману, тасаввур салоҳияти унинг жуда муҳим жиҳати эканига аминман. Биз қаҳрамонларимизни, уларнинг ҳаракат ва вазиятларини аввал тасаввур этамиз, кейин тасвирлаймиз... Тасаввур салоҳияти адиб истеъдодини фан билан яқинлаштиради.

* * *

Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

* * *

 Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди.

* * *

Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.

* * *

Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

* * *

Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

* * *

 У ўз сўзига ўзи хўжайин: бугун беради, эртасига қайтиб олади.

* * *

Шоир учун асосий иш – кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса – касб.

* * *

Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

* * *

Худо, ҳақиқат, шеърият, бахт, муҳаббат, вақт, нариги дунё… борди-ю, буларнинг нима эканини билсак, ҳаётимиз қандай бўларди? Билмайман. Фақат шуни биламанки, дин, адабиёт, орзу-хаёл бутунлай бўлмасди…

* * *

Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?

* * *

Шарқ шеърияти - муҳаббат ва меҳр тўла, гўзал ва ҳассос, юксак бадиий рамз ва ташбеҳларга бой, эркин, инсоний, теран фалсафий, анъанавий романтик шеърият. Қадимдан шундай. У асрлар давомида Ғарб адабиётининг романтик руҳини бир неча бор қутқариб қолди.

* * *

Ёшлик қайтиб келмайди. Лекин гўё ёшлик қайтиб келгандагидек, мўъжизавий бир ҳиссиётни кўп бор бошимдан кечирганман. Бундай ҳиссиёт кўнгилда ва хаёлда янги роман ёки қисса туғила бошлаган чоғларда вужудимни қамрар эди. Аммо китобни ёзиб тугатгунча яна қарийсиз.

Дилфуза тўплади.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!