Меню

Қашқадарё

03.08.2017 2014

“КИМЛИГИНИ БИЛМАЙ СЕВАМАН…”

- Ҳа, болам, ўтган йилги ўзимизнинг қалдирғочлар. Ана, бирининг думига қаранглар, четида бироз кемтик жойи бор.

- Нега бу йил ҳам бизникига келишди, бобо? – опасининг гапини бўлиб, ичини қиздириб юборган саволини берди болакай. – Кейин улар ҳар йили бизнинг уйимизни адаштирмай қандай топиб келишади ўзи?

Отахон жилмайди. Бир пайтлар шу боланинг отаси – ўғли ҳам худди шундай савол берарди. Жавобини билишга шу қадар ошиқардики... У бундан неча йиллар илгари шу саволга берган жавобини яна такрорлади:

-  Ахир, сен ҳам уйингни, кўчанг, маҳаллангни танийсан-ку! Улар ҳам худди шундай-да. Ўзининг юртини, қадрдон гўшасини нега танимасин? Албатта, танийди-да, албатта, билади. Ахир, неча-неча йиллардан бери шу уйда ин қурадилар, бола очадилар, полапонларини учирма қиладилар, бу ер уларнинг-да Ватани, уларнинг-да уйи, болам...

- Нима, қушларнинг ҳам Ватани бўладими? – саволи тугамайди боланинг. - Уларнинг ақли йўқ-ку, бува, ватан нималигини қаердан билади?

Бобо кулимсираб ўйга толади.  Дарҳақиқат, қаердан билади бу митти жонзот? Ҳатто бир йили шу уйни бошдан-оёқ таъмирлаб, дарвозасига қадар янгилаганларида ҳам топиб келишганди, айвону хоналарда учиб-учиб, бир-бири билан вижир-вижир кенгаша-кенгаша ахийри доим ин қурадиган жойларини ҳам топганди. Ўшанда усталар бузиб, ўрнини чиройли қилиб суваб юборган қалдирғоч уяси ўрнига ўғли белги қўйиб қўйганди, “қалдирғочлар келса, билармикин, кўрамиз”, деб. Чиндан ҳам адашмай топган, худди ўша белги устига ин қуришганди...

Демакки, одамнинг қалби сиғдирган ватан меҳри-муҳаббатини қалдирғочнинг миттигина юраги ҳам жо қилар экан-да? У-да худди инсон сингари юрт қайғусига бегона эмас экан-да? Ватан туйғуси жон қадар яқинлиги ростдирки, ҳатто жонзотлар ҳам уни шу қадар ҳис қилади, билади. Қадрдон манзил-маконига уни боғлаган ҳиснинг Ватан туйғуси эканлигини жониворлар билмас, лекин бу гўшани жони қадар севади, усиз ўзини ғариб сезади.

Одамзод ҳам шундай: кимдир юртини мадҳ этиб, энг гўзал нарсаларга қиёс этади. Кимдир уни энг яқин инсонига ўхшатади. Лекин юракдаги юрт муҳаббатининг баҳоси йўқ, таърифида чексиз, чегарасиз. Шу қадарки, баъзан унинг нелигини билмай ҳам севасан киши...

Буларни хаёлидан ўтказа туриб, куни кеча невараларидан бири такрорлаб юрган мисраларни эслади:

Гоҳида онам деб, гоҳида синглим,

Ватан, кимлигингни билмай севаман...

***

Қия очиқ дарвозани аста итариб, ичкарига қадам босаман. Ҳовлида ҳеч ким кўринмайди. Уйдан жиянчамнинг қийқиргани, онамнинг ўзига хос оҳанг билан айтаётган овутма хиргойиси эшитилади:

- Абдумалик – бойвачча,

Оёғида нўғайча.

Нўғайчани олинглар,

Оқ сандиққа солинглар.

Оқ сандиқнинг қулфи йўқ,

Ўрис момом - зулфи йўқ.

Ўрис бувам ўлибди,

Араваси қолибди...

Хиргойини бўлгим келмайди. Остонада тўхтаб, қулоқ солиб туравераман. Онам айтаверади. Қўлидаги гўдак ўзича гувраниб, ғужурлаб, унга жўр бўлади. Момо-неваранинг шу   хушҳол, бахтиёр ҳолатини томоша қилиб тураверсам, тураверсам, дейман. Шу лаҳзаларда дунё фақат онам ва шу гўдакдан иборатдай туюлиб кетади менга. Уларнинг ўзи бир оламу қолган оламлар унинг теграсида айланаётгандай...

Мени ўйлантириб, ташвишлантириб турган бор ташвишлар, майда-чуйда муаммолар чекинади, кўнглимни қуршаб олган безовталик булутдай тарқаб кетади, шу ерга етаклаб келган соғинч аллақачон онам бағрига бош қўйиб, нозбўй исини туйибгина энтикаяпти, эндигина ёшини тўлдирган ширингина болакайнинг қоп-қора мунчоқ кўзларидаги беғубор ҳайратга сингиб бораяпти...

Бирпасдан сўнг у ёқ-бу ёқ (“бу дунёда не бору не йўқ”)дан гаплашиб ўтирганимизда онамни яна хиргойи қилишга ундайман. Боя узилиб қолган қўшиқнинг давомини эшитгим келади. Халқнинг ўзидай кўҳна, замонлар оҳанги, миллат бошидан кечирган турфа эврилишу ўзгаришлар нафаси уфуриб турган бу айтимнинг тарихини, биринчи бўлиб ким тўқигану ким айтганини билгим келади:

- Араванинг изиман,

Отамнинг бой қизиман.

Отам мени ўқитди,

Орқа сочим тўқитди.

Орқа сочим оловдай,

Қайнаб пишган паловдай...

Онам бу айтимни онасидан – менинг момомдан эшитиб, ёдлаган. Қизиқ, момомга буни ким ўргатган экан? Онасими? Ё дугоналарими? Зулфи йўқ ўрис момо куйланганига қараганда, юртимиз тупроғига руслар босқинидан кейинги даврлар манзараси тасвирланган бу қўшиқда. Хаёл кишини ўша олис замонларга бошлаб кетади. Миллатимизнинг бошидан ўтган кўп қаро кунлар, замон долғалари, давр ўзгаришлари кўз олдимдан лип-лип ўтади. Миллатнинг бойликларини, ноёб осори атиқаларини “қулфи йўқ” “оқ сандиқ”қа солиб, ўзи билан олиб кетганларни ўйлайман. Аммо давр улардан ҳам ўтди, абадий қолмадилар (“Ўрис бувам ўлибди, араваси қолибди”). Миллат уйғонди, дунёга янгича назар билан қарамоққа бошлади. Жадидлар фаолияти, уларга эргашиб, фарзандларини янгича таълим-тарбия олиши учун (“Отам мени ўқитди, орқа сочим тўқитди”) жон куйдирган миллатпарвар зиёлилар ҳақида ўқиганларим, эшитганларимни эслайман. Ўз тарихини, кечаги кунини ўтмиш китобига муҳрлаб, бугунини яратаётган, эртасига пойдевор қўяётган буюк халқнинг бир бўлаги эканимдан фахр туяман. Шу билан бирга, кўнглимда ҳайрат ҳам бош кўтаради: бор-йўғи 10-16 мисралик айтимига бутун бошли бир даврни жо қила олган нақадар зукко бу халқ...

***

Ижтимоий тармоқлар – фикрлар жанги кечадиган майдон. Баҳс майдони, мунозара майдони. Яқинда бир фойдаланувчининг постига кўзим тушди. Унга юкланган суратда тўхтовсиз ҳарбу зарбдан абгор ҳолга келган шаҳар харобалари фонида оппоқ либосдаги келин, унинг қаршисида тиз чўкиб, қўлидаги гулдастани ёрига тутаётган ҳарбий кийимдаги куёв тасвирланган. Тагида эса изоҳ: “Суриядаги келин-куёв. Куёв ўзининг бўлажак рафиқасига гулни муҳаббат эмас, балки тинчлик рамзи сифатида тутмоқда”. Давомида эса фойдаланувчининг ўз юртдошларига гинаси келтирилади: “Сизлар юраверинглар, гўшт нархи фалон сўмга ошиб кетди, у унақа бўлди, бу бунақа бўлди, деб! Энг муҳими, гўзал Ўзбекистонимизнинг тинчлиги эмасми?!”

Чиндан. Юрт тинчлиги – энг бирламчи, энг муҳим масала. Қолгани ҳал қилса бўладиган, бирлашиб ечимини топиш мумкин бўлган муаммолар. Бугун уруш кечаётган, шиддатли жанглар одамларнинг тинчини еб битирган давлатлар ҳақида ўқиб, эшитиб, ҳамманинг хаёлига энг аввало шу гап келади: “Худо кўрсатмасин бизга бу кунларни!” Тинчлик аталмиш неъматнинг энг бебаҳо, энг топилмас бойлик эканини ҳам шундай пайтларда яққол сезасан киши. Атрофга қарайсану яшаб турган ҳудудингда рўй бераётган ўзгаришларни, ободончилик, бунёдкорлик ишларини кўрасан. 26 йил ичида бу жаннатмонанд диёрнинг қанчалик яшнаб, қанчалик гуркираб кетганига амин бўласан. Кўзинг яшнайди, қалбинг ғурурга тўлади. Шундай гўзал юртда яшаётганингга шукр қиласан. Қариялар тилида такрорланадиган дуони беихтиёр пичирлайсан: “Ишқилиб,  юртимиз тинч бўлсин!” Истиқлол йилларидаги бу ютуқлар, муваффақиятларнинг калити ҳам аслида шу тинчлик, шу осойишталикда эканини ўйлайсан.

Тинчлик ҳукмрон бўлиши кимга боғлиқ, нимага боғлиқ? “Аввало, ниятга”, дейди кимдир. Дарҳақиқат, яхши ният – ярим давлат, деган доно халқ. Ният – ишнинг аввали. Аммо фақат унинг ўзи билан иш битмайди. Тинчлик ҳам худди шундай, фақат уни исташ, ният қилиш билангина тинчликка эришиб бўлмайди. Унга муносиб бўлиш ҳам керак. Яъни халқнинг бирлиги, жипслиги, буюк мақсад йўлида баҳамжиҳатлиги тинчликни таъминлайдиган омил эмасми? Ёки огоҳлик, ҳушёрлик, атрофдагиларга лоқайд, бепарво бўлмаслик, жамият тақдири, ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш тинчликка қўйилган пойдевор эмасми? Биринчи Президентимиз каби ўзини заррама-зарра шу эл, шу халқ, шу Ватан равнақи учун фидо қилиш-да аслида  тинчликнинг гарови...

Буларни хаёлдан ўтказиб, ўша фойдаланувчининг фикрини маъқуллайман: ҳа, энг муҳими, тинчлик. Бошқа муаммолар эса ечилади, уларга ечим топилади. Аммо буни ҳам шу халқ истаса, шу одамлар хоҳласа... Бугун Президент талаб қилаётган ўз-ўзини назоратга оладиган, “ура-ура”ни эмас, амалий ишга ярайдиган, шу ватаннинг эртасини бугунидан порлоқ, мунаввар қилишга астойдил бел боғлаганлар ҳар қандай муаммога ечим топа олади. Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ёзгани каби:

Сажда қилма,

Юрт тупроғин ўп!

Унга қуллар эмас, фидолар керак.

Унинг сену мендек шоирлари кўп,

Буюк юртга энди даҳолар керак...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!