Меню
Қашқадарё
КИМЛАР ДОРИ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ИМТИЁЗЛИ ТАЪМИНЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА?
Мутахассисларнинг таъриф беришича, ижтимоий ҳимоя яхлит тизим сифатида намоён бўлиб, ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитларнинг ўзаро боғлиқлигида ўз аксини топади. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишсизликда, даромадлар камайган ёки умуман йўқотилганда, касаллик ҳолатида, фарзанд кўрилганда, ногиронлик ёки кексайганлик сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда ҳамда бошқа шу каби омиллар боис кўрсатиладиган зарур ёрдамлар билан ифодаланади.
Мамлакатимизда кучли ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Шунга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари ва ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати шакллантирилган. Унга кўра: онкологик касалликларга; сил касаллигига; мохов касаллигига; эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга); руҳий касалликларга чалинганлар; ОИВ касаллигини юқтирганлар; юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар; ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар; 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар; 1941-1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари; Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар; байналмилалчи жангчилар; ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация - ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга.
Уларга имтиёзли бериш учун мўлжалланган дори воситалари даволовчи врачларнинг тайинлашига мувофиқ, тиббий хизмат олиш учун ўзлари бириктирилган амбулатория-поликлиника муассасаси раҳбарининг буйруғи билан белгиланган масъул шахс томонидан берилади.
Талаб этиладиган дори воситалари тегишли амбулатория поликлиника-муассасасида мавжуд бўлмаган тақдирда даволовчи врачлар уларни дорихоналардан имтиёзли бериш учун рецептлар ёзадилар. Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаларига кирувчи беморларга дорихоналардан тегишли дори воситаларини имтиёзли ажратиш ана шу рецептлар бўйича амалга оширилади.
Рецептда дори воситалари даволашнинг бир курсидан ортиқ бўлмаган миқдорда тиббий кўрсаткичлар бўйича ёзилади. Рецепт берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.