Меню

Қашқадарё

04.10.2018 2163

КИМКИ БИР КЎНГИЛНИ ОБОД АЙЛАСА...

Диний арконларимиздан бизга маълумки, Аллоҳ таоло инсонларни барча ишларда адолатли бўлишга чақирган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ адолат ва яхшиликка буюради. Қариндошларга (садақа) беришга буюради. Фаҳш, мункар ва тажовуздан қайтаради. Сизларга ваъз-насиҳат қилур. Шоядки, насиҳат олсангиз” дейилади (“Наҳл сураси”, 90-оят).

Манбаларда ёзилишича, адолат икки хил бўлади. Булардан бири инсон ва яратган орасидаги адолат бўлса, иккинчиси инсоннинг бошқа инсонлар билан бўлган адолатидир. Инсоннинг Яратган билан адолати шуки, инсон ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилади ва унга бошқани шерик қилмайди. Инсоннинг бошқа инсонлар билан адолати шундайки,  бошқаларни эшитади, уларга зулм қилмайди, уларнинг манфаатларини юзага чиқаришда ёрдам беради.

Дарвоқе, инсонларнинг дардини эшитиш, мушкулини осон қилиш азалдан халқимизда эъзозланган юксак инсоний фазилатлардан. Бир эҳтиёжманд инсоннинг дарду ташвишини эшитиб, унинг кўнглини олиб, хурсанд қилиш Каъбани обод қилиш билан баробар дейилади. Шу хусусида мутафаккир бобомиз ҳазрат Навоий шундай дейди:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Дарҳақиқат, мўмин киши бошқа бир мўминга тўғри маслакдош бўлса, уни қийнаётган масалани ўзаро ҳал қилиб, мушкулини осон қилса, унга шерик бўлиб қайғусини аритса, ўзининг ҳам қайғуси кетади, бировга ёрдам бердими, унга ҳам ёрдам берилади. Бу йиллар давомида синалган ҳаётий ҳақиқатлардан бири. Бу ҳақда ҳадисда: “Кимки бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бир қайғусини енгиллаштирса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини енгиллаштиради. Кимки дунёда бир қийналган мусулмоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Кимки бу дунёда бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охиратда айбини яширади. Мадомики, бир банда бошқа бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таолодан унга мадад етади” дейилади (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбарлардан бири Довуд (а.с.) одамлар билан диний мулоқотда бўлишга вақт ажратиб, уларни тинглаб ўзаро муаммоли масалаларни ечган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм кезларини эсланг. Ўшанда унга қавмининг қўйлари тунда кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат (пайғамбарлик) ва илм ато этдик…” дейилади (“Анбиё” сураси, 78-79-оятлар).

Ҳадисларда келтирилишича, кунлардан бир куни Довуд (а.с.) ҳузурига бир киши қўшнисидан шикоят қилиб келади ва у:

- Мен деҳқончилик билан шуғулланаман. Бу йил деҳқончилик қилиб экинзоримда анча ҳосил етиштирган эдим. Қўшним қўйларини қаровсиз қолдириб, бу йилги деҳқончилигимни пайҳон қилди, -  деди. Довуд (а.с.) унинг қўшнисини топдириб келдилар ва ундан:

- Сенинг қўйларинг қўшнингни экинларини пайҳон қилибди, шу ростми? - деб сўрадилар. У:

- Ҳа, шундай бўлди, - деб жавоб берди.

Довуд (а.с.):

- Қаровсиз қолдириб, деҳқоннинг экинига зарар бергани учун қўйлар деҳқонга олиб берилсин! - деб қарор чиқарди. Шунда Довуд (а.с.)нинг ёнларида турган фарзанди Сулаймон (а.с.) ўрнидан туриб:

- Бу ҳукм адолат юзасидан бўлмади, - деди. Довуд (а.с.) фарзанди Сулаймон (а.с.)дан:

- Бу иш юзасидан адолатли ҳукм қандай бўлади? – деб сўради.

Сулаймон:

- Пайҳон этилган экинзор қўй эгасига, экинни пайҳон қилган қўйлар экинзор эгасига берилсин! Қўй эгаси экинзорни ишлаб, унга экин экиб, экинлар то ҳосил қилиб пишгунича парваришласин, ҳосил тайёр бўлгач, экинзорни эгасига қайтариб, қўйларини қайтиб олади. Шу муддатда экинзор эгаси қўйларнинг сути ва шу даврда туғилган қўзичоқлардан фойдаланади, - деб ҳукм чиқаради.

Инсон ҳар бир ҳолатда, қандай вазиятда бўлмасин, хоҳ хурсанд, хоҳ қайғуда бўлсин ўзгаларга нисбатан адолат қилиши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд ( а.с.)га берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш, пинҳон ва ошкора пайтида ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш” дедилар (Термизий ривояти).

Инчунун, ҳаёти давомида ҳар бир ишида адолат тарозисини тенг қўя олмаган киши кўп бора адашади. Бундан ўзи кўп азият чекса-да, алалоқибат, адолатсизлиги туфайли бор ҳузур-ҳаловатидан айрилади, тинчлиги ва хотиржамлиги йўқолади. Шунда у ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозониш ўрнига, нафрат ва ғазабга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам киши ҳар бир ишида адолатли бўлса, айниқса, раҳбарлик мақомида бўлганлар умумхалқ манфаатини кўзлаб мавжуд масала юзасидан адолатли қарор чиқарса, ўша жамиятда фаровон ҳаёт ҳукм суриб, тинчлик ва хотиржамлик бўлади, қолаверса, фозил инсонлар орасидаги меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Руҳиддин АКБАРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!