Меню
Қашқадарё
КИМЁГАРЛАР КУНИ НИШОНЛАНДИ
Май ойининг якшанбаси, яъни 28 май – Кимёгарлар куни муносабати билан заводда тантанали тадбир ташкил этилди. Унда корхона муҳандис-техник ходимлари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари, ҳамкорлар ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Айтиш жоизки, ушбу йирик саноат корхонаси қишлоқ хўжалиги учун муҳим маҳсулот саналган калий ўғитини етказиб бермоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 32,43 минг тоннани ташкил этди. Унинг асосий қисми Индонезия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ироқ каби мамлакатларга экспорт қилинди. “Ўзсаноатэкспорт” АЖ билан ҳамкорликда ҳамда тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида келгусида Литва, Малайзия, Филиппин мамлакатларига калий ўғитини экспортга жўнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидланганидек, келгусида корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи 3 йирик лойиҳани рўёбга чиқариш мўлжалланган. Умумий қиймати 128 миллион долларга баҳоланган ушбу лойиҳалар асосида Россиянинг “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси билан ҳамкорликда корхона тоғ-кон мажмуасининг 2-босқичини кенгайтириш, кондан ишлаб чиқариш мажмуасига хомашёни элтиб берувчи “Осма канатли йўл” мажмуасини қуриш ва 110 кВли электр узатиш тармоғини барпо этиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида 220 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имкони юзага келади.
Тадбир доирасида корхона фаолиятида эришилган ютуқларга ўз меҳнати билан салмоқли ҳисса қўшаётган ходимларга “Ўзкимёсаноат” АЖ, корхона раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари топшириди. Шунингдек, заводда ишлаб нафақага чиққан фахрийларга ҳам қиммабаҳо совғалар берилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, ўз имкониятларига кўра, Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу саноат корхонаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 17 декабрдаги қарорига асосан 2009 йилда қуриб фойдаланишга топширилганди. Энг сўнгги технологиялар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган мазкур гигант йилига 600 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга.
Музаффар ТУРОПОВ