Меню

Қашқадарё

28.11.2017 2193

КИМГА КИТОБ, КИМГА ЭСА ИНТЕРНЕТ МУҲИМ

Кейинги пайтларда “Китоб афзалми ёки интернет?” тарзидаги баҳс-мунозаралар тез-тез кўзга ташланмоқда. Бизнингча, бу икки воситани ўзаро қаршилантириш тўғри бўлмайди. Зероки, китоб орқали илм ўрганиш ва интернет тармоғи воситасида илмни такомиллаштириш кетма-кетликда бўлади, ўрни келганда бири иккинчисини тўлдиради.

Бугунги кунда ёшларимизнинг китобдан кўра, кўпроқ интернет тармоғидан фойдаланаётгани ҳам бир “ўтиш даври”га ўхшайдики, бу жараёнда уларни ўз вақтида назорат қилиб бориш, кузатиб туриш, ундан тўғри фойдаланишни тушунтириш, турли салбий иллатларни  тарғиб қилувчи сайтлардан узоқ бўлишга ўргатиб бориш зарур. Бу ўтиш даврида ислоҳотчи, асосан, ота-она ва устозлар ҳисобланади.

Китоб – бу таълим олиш, хусусан, дарс тайёрлаш учун асосий манба. Виртуал оламдаги электрон дарслик, электрон луғат, турли видео ёки аудио материаллар, ранг-баранг слайд ва жадваллар билан босма шаклдаги дарслик ёки китоб ўрнини тўлдириб бўлмайди. Дарс эса шундай жараёнки, унда ҳам худди муқаддас ибодат сингари илм олиш нияти, сокинлик, озодалик, диққатни бир жойга жамлаш, атрофдаги турли нарса ва ҳодисаларга назар ташлаб чалғиб қолмаслик кабилар талаб қилинади. Фарзандларимиз эндигина кириб бораётган виртуал оламда ўзларини нималар кутаётганидан   бехабар бўлади. Улардаги “ажойибот”ларни, ҳали ҳеч нигоҳи тушмаган “гўзаллик”ларни кўриб, йўлдан адашиб қолишлари турган гап. Зероки, бугунги кунда ёшлар тугул, ҳатто ёши катталарнинг ҳам “ўргимчак тўри”га “илиниб” қолаётгани, вақтини беҳуда йўқотиб қўяётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шунга мувофиқ, ёшларнинг интернет тармоғидан ўринли фойдаланишларини назорат қилиб бориш, аввало, ота-она, сўнг эса устоз-мураббийлар зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Акс ҳолда, уларни айрим номаъқул ва номақбул йўллардан, одатлардан қайтариб олиш анча қийин кечиши тайин.

Ўрни келганда, аждодларимиз ва уларнинг улкан мероси ҳақида фахрланиб гапирамиз. Дунёга донғи кетган машҳур боболаримиздан Имом Бухорий, Алишер Навоий, Ибн Сино, Форобий, Беруний каби даҳоларимиз борки, улар мероси башарият манфаати учун хизмат қилмоқда. Уларнинг барчаси на интернет, на компьютер мавжуд бўлмаган пайтларда, ягона илм олиш манбаси - китоб орқали ўрганганлар, ижод қилганлар, шуҳрат топганлар.

Интернет тармоғи ҳозирда дунё замонавий ахборот технологиясининг ноёб намунаси сифатида тан олинган. Унинг бугунги кундаги аҳамияти барчамиз учун беқиёс. Бироқ билим олиш, илм ўрганиш маълум бир устоз ёки устозлар орқали, маълум бир аниқ манба ёки манбалар орқали амалга оширилади. Компьютер хотирасидаги биргина электрон шаклдаги 200-300 саҳифалик асарни ўқиб чиқиш қанчалик мураккаб, асабни толиқтирувчи ҳолатни юзага келтирса, қоғоз шаклидаги, муқоваланган шу асарни ўқиб тугатиш енгиллигини кўпчилигимиз тажрибадан ўтказганмиз.

Умуман олганда, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси барчамиз учун қадрли неъматдир. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш оқиллик билан иш тутилгандагина, ҳаётимиздаги оғир юкларни енгил қилгандагина қимматли ҳисобланади. Агар бугунги кун ёшлари учун ота-она – ўқитувчи-мураббий – маҳалла фаоллари тизими ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилса, ёшларимиз ўз муаммоларини дунёга достон қилиб, маслаҳат учун тажрибасиз, илми ҳаминқадар “дўстлар”га эҳтиёж сезишмайди.

Одамларимизнинг китоб ўқиши масаласига келсак, ютуқ ва камчиликларимиз мавжуд. Энг муҳим вазифамиз эса халқимиз орасида китоб мутолаасини кенг ёйиш, ёшларни дурру гавҳарлар хазинасидан баҳраманд этишда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишдир.

Отабек ШУКУРОВ,

Қарши давлат университети катта ўқитувчиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!