Меню

Қашқадарё

27.03.2020 1816

КИМДИР ИЙМОН, КИМДИР ҲАМЁН ДАРДИДА

Маълумки, мамлакатимизда коронавирус аниқлангани ортидан карантин ҳолати жорий этилди. Натижада айрим ваҳимакаш одамлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик истеъмол товарларини жамғариш ҳолатлари кўпайди.

Бундан айрим инсофсиз "ишбилармон"лар фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини оширишга урингани ҳам бор гап. Аммо бизда бундай худбин, фақат ўзини кўрадиган кишилардан кўра, савобталаб, қийин вазиятда ўзгаларга ёрдам беришга ҳаракат қиладиган кишилар кўп.

Бугун кўплаб саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар томонидан эҳтиёж юқори бўлган маҳсулотлар, буюмларни аҳолига бепул тарқатиш, арзонлаштирилган нархларда сотиш одатий ҳолга айланиб улгурдики, натижада бозордаги нарх-наво кўтарилишининг ҳам олди олинмоқда.

Ана шундай акциялардан бири 25 март куни Қарши шаҳридаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи йирик супермаркетлардан бирида ташкил этилди. Шу куни бу ерда соат 10 дан кечки 22 га қадар барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 30 фоиз арзонлаштирилган нархда сотилди.

Акция ўтказилиши ҳақида бир неча кун давомида турли ижтимоий тармоқлар орқали эълон бериб боргани тадбиркорнинг бу ишни сидқидилдан амалга оширганини кўрсатади.

Қамашилик тадбиркор Д.Назаров эса бугунги кунда энг талабгир бўлган буюм - тиббий ниқобларни бепул тарқатди. Кун давомида ҳудуддаги "Қамаши файз" деҳқон (озиқ-овқат) бозорига келган ҳар бир харидор ва сотувчи бепул тиббий ниқоб ва бир марталик нам салфеткаларга эга бўлишди.

Касби тумани марказида эса озиқ-овқат маҳсулотлари сезиларли равишда арзонлаштирилган махсус расталар ташкил этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу расталарда ҳудуддаги саховатпеша фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сезиларли даражада арзон нархларда сотишмоқда.

Мисол учун, ушбу расталардан мол гўштини 20 минг сўмдан, картошкани 3300, пиёзни 1500, тухумни 500 сўмдан қиммат бўлмаган нархларда харид қилиш мумкин.

Шу билан биргаликда, вилоят давлат солиқ бошқармаси, вилоят прокуратураси ва бошқа масъул органлар томонидан деҳқон бозорларида нарх-наво сунъий равишда оширилишининг олдини олиш борасида ҳам тизимли назорат ва тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Вилоятимиздаги барча деҳқон бозорларида ушбу органларнинг ишонч телефонлари рақамлари кўрсатилган махсус пешлавҳалар илиб чиқилган. Фуқаролар нархни сунъий равишда ошираётган сотувчи ҳақида дарҳол ушбу рақамлар орқали тегишли органга хабар бериш имкониятига эга.

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, мамлакатимизда карантин ҳолати жорий этилган дастлабки икки куннинг ўзида  қўмита ишонч телефонларига Қашқадарё вилоятида яшовчи 64 нафар фуқародан, вилоят давлат солиқ бошқармаси ишонч телефонларига эса 33 нафар фуқародан нарх-навонинг кўтарилиши юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Ҳар бир мурожаат юзасидан давлат солиқ хизмати ходимлари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганишлар ташкил этилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!