Меню
Қашқадарё
“КИЙГАНИМ АТЛАС ЭКАН…”
Эсида бор, у кичиклигида онаси сандиғини очиб, ичидаги бисотини кунга ёядиган пайтларни орзиқиб кутарди. Чунки сандиқдаги бири биридан чиройли матолар, каштали кўйлагу желакларни томоша қилиш, қўнжи попукли хиром этикчани кийиб кўриш унга бир олам завқ берарди. Ҳаммасидан ҳам онасининг келинлик сепидаги хонатлас мато унинг кўзига оловдай кўринарди. “Сен тўнғич қизимсан, шунинг учун бу хонатласни сенга атаб олиб қўйганман”, деган гап унга аллақандай сурурми, масъулиятми бағишлагандай бўларди. Матонинг номи ҳам жажжи тасаввурида хаёлий манзаралар чизарди. Онасидан мато нега хонатлас дейилишини сўраганида, шундай ривоятни эшитганди:
Қадим замонда Марғилонда бир ҳунарманд бўзчи яшаган. Унинг гўзалликда танҳо – ой деса оғзию кун деса кўзи бор сулув қизи бўлган экан. Унинг таърифини эшитган Марғилон хони қизни ўзига хотинликка сўрабди. Аммо қиз унамабди. Бўзчи қизининг хоҳишини инобатга олиб, хон совчиларига рад жавобини берибди. Шунда ғазабланган хон бўзчига бироз вақт бериб, шу муҳлат ичида ҳайратланарли бирон нима яратишини буюрибди. Агар бўзчи бу шартни бажарса, ўзи ва қизи жазодан қутулиб қолишини, йўқса, бу ишнинг оқибати яхши бўлмаслигини айтибди. Ғамга ботган бўзчи ариқ бўйида узоқ ўтирибди. Бир маҳал тўсатдан ҳаво айниб, ёмғир ёғибди, сўнг булутлар орасидан қуёш кўриниб, осмонда жилоланган камалак акси ариқдаги сувга тушибди. Бўзчи турфа тусда ялтираётган ранго-ранг камалак аксидан ҳайратланганича бир зум қотиб қолибди ва устахонасига қайтиб камалакдан андаза олиб, бир мато яратибди. Бу матода ҳамма ранглар уйғунлашган экан. У ишини тугатиб, тўқилган матони хон ҳузурига олиб борибди. Хон матони кўриб, ҳайратга тушганидан лол бўлиб қолибди ва бўзчидан буни қандай яратганини сўрабди. Бўзчи:
- Мен бу матога лоланинг қизил рангини, осмон мовийлигини, мажнунтолнинг яшиллиги, қуёш заррин нури ва қизимнинг кўзидаги меҳр учқунини жо қилдим, - деб жавоб берибди. Хон матони силаб туриб, унга “хонатлас” деб ном берибди. Бўзчи эса қизини севган йигитига никоҳлаб берибди...
Ҳалима улғайгунича онасининг сандиғидаги ўша хонатласни неча бор тушларида кўрди, ундан тикилган бежирим кўйлакнинг эгнида ял-ял товланиб, ёниб туриши худди ўнгида рўй бераётгандай, ўша туш таъсирида бир неча кунлаб ҳаяжонланиб юрарди. Кейинчалик – мактабга бориб, расм дарсларида чизиш, бўяшни ўрганиб қолганидан кейин тушидаги ўша кўйлак тасвирини қоғозга туширди. Бу – унинг илк дизайнерлик иши эди.
“AТЛАС” СЎЗИ АРАБЧАДА “ТЕКИС, СИЛЛИҚ” КАБИ МАЪНОЛАРНИ АНГЛАТАДИ. АТЛАС – ТАНДА ИПИ ҲАМ, АРҚОҚ ИПИ ҲАМ ТАБИИЙ ИПАКДАН ТЎҚИЛАДИГАН БИР ЮЗЛАМА СИЛЛИҚ МАТО. УНИНГ ТАНДА ИПИ АБРБАНДИ УСУЛИДА БЎЯЛАДИ ВА БЕЗАТИЛАДИ. АТЛАСНИНГ ТАБИИЙ ИПАКДАН ТЎҚИЛГАН ЭНГ АЪЛО НАВИ САККИЗТЕПКИЛИ ХОНАТЛАС САНАЛАДИ. САККИЗТЕПКИЛИ АТЛАС ТЎҚИЛАДИГАН ДАСТГОҲНИНГ ТЕПКИСИ СОНИ 8 ТАГА ТЕНГ БЎЛГАН. ЎТМИШДА АТЛАСНИНГ БИР КИЙИМЛИГИ ЯХЛИТ ҲОЛДА ҲАМ, ИККИ БЎЛАККА БЎЛИБ ҲАМ СОТИЛГАН. ИККИГА БЎЛИНГАН МАТОНИНГ БИР БЎЛАГИ ТОҚА, ИККАЛА ТОҚА ЭСА БИР ЖЎРА ДЕБ АТАЛГАН.
Мактабни тугатгач, дадасининг маслаҳати билан университетнинг хорижий тиллар филологияси факультетига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлди. Аммо онасидан ўргангани, ўз қобилияти билан сайқаллантириб боргани – тикувчиликни ҳам ташламади. Ўқишдан бўш пайтларида турли-туман андазалар чизар, эски кўйлакларни бузиб, сингилларига, ўзига кийим тикарди. Аста-секин қўли келишиб, бинойидай кўйлаклар тика бошлаганини кўрган қўни-қўшни унга буюртма берадиган бўлди. Маҳаллада ном чиқарди. Ҳаммасидан ҳам атлас матодан кўйлак тикиш унга ўзгача завқ бағишларди. Вақти келиб, турмушга узатилаётганида эса сепидаги ҳамма кўйлагини ўзи тикди. Онаси берган ўша хонатласдан тиккан бежирим кўйлагини севиб кийди. Энг қизиғи, кўрган қиз-жувоннинг ҳавасини келтирадиган бу кўйлакни ҳали-ҳамон асраб-авайлаб, худди онаси сингари сандиғида сақлаб келади. Ўша пайтларда ноёб саналган бу атласнинг ҳам ҳозир тури кўп. Бозорлар атласу адрасга тўла. Аммо у тенгилар ёш бўлган даврларда – собиқ иттифоқ ҳукм сурган йилларни эсласа, ҳайрон қолади. Негадир ўша пайтларда шундай чиройли матога деярли эътибор йўқ эди. Кам ишлаб чиқарилганми, “подприлавка” сотиларди кўпинча. Онаси раҳматли шунинг учун ҳам бир жўра хонатласни қизига деб, асраб қўйган экан-да...
Ҳозир-чи? Минг шукур, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин миллий ҳунармандчиликка эътибор кучайди. Ҳалима опа мактабдаги ўқитувчилиги билан бирга тикувчиликни ҳам йўлга қўйган эмасми, шу соҳага оид ҳар бир янгилик ва ўзгаришни кузатиб борди.
Марғилонда ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилгани ҳам унинг эътиборидан четда қолмади. Қадимдан атласу адрас, банорасу беқасам тўқилган маскан сифатида ном қозонган бу шаҳарга бориб, ҳунармандлар тўқиётган ва ўзи севган миллий матолардан танлаб-саралаб келтирадиган, сўнг улардан бежирим либослар тикиб, бозорларга чиқарадиган бўлди. Мустақилликнинг илк йилларида очган кичкина устахонасини кенгайтириб, цехга айлантирди. Бугун унинг мижозлари сони ортиб бораяпти. Маҳсулотлари турини ҳам кўпайтирди. Коллежни тамомлаган икки қизини ҳам ёнига олди. Тўнғич қизи китобга ўч, тарихга қизиқувчан чиқди. Унга ёрдамлашиш билан бирга, университетга ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган қизига ўзи бир маҳаллар онасидан эшитган ривоятни айтиб берганида, қизи тушмагур эртасигаёқ кутубхонадан атлас, адрас матолари тарихи ҳақида бир дунё маълумот йиғиб келибди. Айтишига қараганда, бизнинг ўлкада атлас тўқиш милоддан аввалги замонларга бориб тақалар экан. “Хонатлас деб эса энг аъло сифатли атласни айтишган экан”, дейди қизи. Аммо ривоят замирида ҳам катта бир ҳақиқат борлигини Ҳалима опа билади: бу мато ҳунармандларнинг пешона тери, қалб қўри, кўз нури эвазига юзага келган.
Бугунги кунда кўча-кўйда атлас ё адрасдан тикилган либосдаги қизу жувонларни кўрганида Ҳалима опанинг кўзлари яшнаб кетади, кўнгли ғурурга тўлади. Халқининг шундай қимматбаҳо мероси борлигидан ҳайратига ҳайрат қўшилади, фахрига фахр эш бўлади. Атлас ҳақидаги машҳур қўшиқлар ёдига тушади:
Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас,
Кўзимни яшнатиб, кийибсиз атлас...
Ёки мактабда ўқиб юрган кезларида дугоналари билан бирга байрам тадбирларида айтган қўшиғини хиргойи қилиб, шу матолардан кўйлаклар тикади:
Марғилон – шаҳри ипак,
Товланади ҳар ён ипак.
Кийганим атлас экан,
Бўлдим ғазалхонинг, ипак...
...Ҳалима опа мижозининг хурсанд, кўнгли тўлиб кетганини эслаб, яна бир карра ўз ишидан қониқиш ва сурур туйди. Хаёлини эса шошиб кириб келган қизининг гаплари бўлди:
- Ая. Аяжон! Ҳозиргина интернетдан ўқидим. Атлас ва адрас матолари ЮНЕСКОнинг жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилибди! Мана, эшитинг, телефонимдан ўқиб бераман:
“Марғилон ҳунармандчилик маркази тажрибаси” номзодномаси, яъни ўзбек ипак матолари – атлас ва адрасни тайёрлаш бўйича кўҳна билим ва кўникмалар ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича “Илғор тажрибалар реестри”га киритилди. Бу ҳақда Маданият вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
БУНДАН АВВАЛ МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ САНАЛГАН ШАШМАҚОМ, БОЙСУН МАДАНИЙ МУҲИТИ, КАТТА АШУЛА, НАВРЎЗ БАЙРАМИ ВА АСКИЯ САНЪАТИ ЮНЕСКОНИНГ ЖАҲОН НОМОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОСИ РЎЙХАТИГА КИРИТИЛГАН.
Бу бўйича қарор 2017 йил 4-9 декабрь кунлари Жанубий Корея Республикасининг Чужу шаҳрида ўтказилган номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг XII сессиясида қабул қилинди...”
Ҳалима опанинг кўзларида қувонч чақнади:
- Киритилса арзийди-да, қизим! Хўп ажойиб иш бўлибди...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА