Меню
Қашқадарё
КИЧИК ЦЕХ - БИР ОИЛА ОБОД
Хўп, ким шундай қипти, эришгани нима, деб ўйлаётгандирсиз. Ишбилармонликка қўл урганига эндигина 5 йил тўлган, фақат оила аъзолари билан ўз ишини ривожлантириб келаётган, Қарши шаҳрида яшовчи Шариф Жўраев ҳақида ҳамма ҳам эшитмаган. Бизнеси у қадар катта эмас, аммо ҳар қанча ҳавас қилгулик. Асосан ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бунинг учун катта жойни ҳам банд этмаган. Ихчам ва замонавий қувватни ўз кучи билан юргизиб келаяпти.
- Ўғлим Тошкентдаги катта бир корхонада механик бўлиб ишлайди, уйдагилар бекор қолмасин деб, 2013 йилда тўқув дастгоҳи олиб берганди, - дейди тадбиркор. - Бунақасига тишимиз ўтмаса, эплолмасак керак, деган хаёлга ҳам боргандик. Йўқ, ўргандик, уддасидан ҳам чиқдик. Гап шундаки, бу икки ускуна пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уйимизда цех ташкил қилганмиз. Биласиз, бу маҳсулотга бизнинг бозорда доим харидор бор. Хомашёни ҳам катта ўғлим ўзи етказиб беради. Кичик фарзандим, рафиқам ва келиним билан деярли ҳар куни цехимизда меҳнат қиламиз. Ҳар хил турдаги пайпоқ тўқиш имконияти мавжуд. Совуқ тушгани боис ҳозир кўпроқ иссиқ тутувчи маҳсулот тайёрлаб, аҳолига тақдим этишга ҳаракат қилаяпмиз.
Ишбилармоннинг айтишича, мавжуд қувватдан ўз ўрнида фойдаланилса, бир кунда 70-100 жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш мумкин. Қайси мавсумга мўлжалланганига қараб, маълум миқдорда табиий ва сунъий ип ишлатилади. Оила вакиллари ўз ишидан юқори манфаат кўраётганини айтиш ўринли. Кичик ишлаб чиқариш бир рўзғорни кўтаришга етади. Бироқ улар бу билан кифояланмоқчи эмас. Фаолиятни янада равнақ топтириш, тижорат банкидан қўшимча молиявий кўмак олиб, ишлаб чиқаришни бир қадар кенгайтиришни кўзлашмоқда.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.