Меню
Қашқадарё
КИЧИК ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА БОЖХОНА ИМТИЁЗИДАН ФОЙДАЛАНИШ КАФОЛАТЛАНГАН
Аниқ рақамларга мурожаат этайлик. 2016 йилда юртимиз ҳудудига хомашё, технологик асбоб-ускуналарни импорт қилишда давлатимиз томонидан вилоятимиздаги тадбиркорлик субъектларига берилган божхона имтиёзлари миқдори 693,7 миллиард сўмни ташкил этди. Бу борада аввалги йилга нисбатан сезиларли ўсиш қайд этилди. Бунинг самарасида ҳудудда рақобатбардош ва экспортбоп истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кўлами кенгайди. Бир сўз билан айтганда, имтиёзлар вилоят иқтисодиёти янада тараққий этиши, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни шу мақсадга қаратилган 2015 йил 20 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борада муҳим аҳамият касб этаяпти. Ушбу ҳужжатга асосан, кичик тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлардан ваколатли органлар ва ташкилотлар (давлат солиқ, божхона хизмати органлари, давлат статистика органлари, банклар ва бошқалар)га ёзма равишда мурожаат этмасдан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни янги 301-модда (Тадбиркорлик фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг кафолатлари) билан тўлдирилди. Унга кўра, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ўз ваколатлари доирасида тушунтириши, шунингдек, уларнинг қўлланилишини таъминлаши шарт этиб белгиланди.
Тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг маъмурий жавобгарликка, агар шу хатти-ҳаракатлар бир йил ичида такрорланса, жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Илгари тадбиркорлик субъектлари амалдаги қонун ҳужжатларида улар учун божхона тўловларидан қандай имтиёзлар назарда тутилганини ўзлари ўқиб-ўрганган бўлсалар, эндиликда мавжуд барча имтиёз ва преференциялар, уларни қўллаш тартиби ҳақида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига тўлиқ тушунчалар бериш мажбурияти давлат хизмати ходимига юклатилди.
Ҳозирги вақтда божхона тўловларидан имтиёзлар бериш назарда тутилган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча субъектларига тааллуқли бўлган умумий тусдаги 23 га яқин ва фақат айрим корхона ва ташкилотларга нисбатан татбиқ этиладиган индивидуал тусдаги 300 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда. Улар талабларидан келиб чиқиб, Ягона давлат интерактив хизматлари порталидаги Ягона реестрда божхона тўловларини тўлашдан тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган имтиёз ва преференциялар рўйхати эълон қилинди ва доимий янгилаб борилиши назоратга олинди. Бу каби имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашёлар ва материаллар импорти бўйича қўлланилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2015 йилда импорт товарларига ҳисобланган божхона тўловларининг 78,7 фоизини имтиёзлар ташкил қилган бўлса, 2016 йилда мазкур кўрсаткич 87 фоизга етди. Натижада ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан 56 миллиард сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2018 йил 1 январгача бўлган даврда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш белгиланган. Ушбу қарорга асосан, вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига 2016 йил давомида 833,5 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 7 июлдаги “Ички бозорни ёғоч-тахта материаллари билан тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унинг талабларига кўра, четдан келтириладиган ёғоч-тахта материаллари, ёғоч-тахта ва ёғочдан ясалган буюмларнинг айрим турига импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўланмайди. Бунинг самарасида ҳудудда ушбу йўналишда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ўтган йили 2 миллиард 162,2 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан берилган имтиёзлардан фойдаланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ ҳўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини янада кўпайтириш, шу асосда қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва даромадларини, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишини ошириш ҳамда ички истеъмол бозорининг тўлдирилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Шунга кўра, 2021 йилнинг 1 январигача бўлган даврда наслчиликка ихтисослашган чорвачилик субъектлари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари, омихта ем, озуқа қўшимчалари, ветеринария вакциналари ва препаратлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича наслчилик материаллари, технологик ва ёрдамчи ускуналар, омихта ем ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар пайвандтаг, кўчат ва томчилатиб суғориш ускуналарини олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиниши белгиланган. Мазкур қарор бўйича 2016 йил мобайнида вилоятимиз ишбилармонларига 1,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилган.
Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлар бу каби имкониятлардан унумли фойдаланиб, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, маҳсулдорликни оширишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконига эга бўлаяпти, шу аснода аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуд иқтисодиёти ривожи жадаллашига катта ҳисса қўшаяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эса бозорларимиз тўкинлигини таъминлаши билан бирга, вилоятимиз экспорт салоҳияти юксалишига ҳам хизмат қилмоқда.
Олим ҚОДИРОВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи