Меню
Қашқадарё
КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДАГИ МАҚБУЛ ШАРОИТ
Ўтган даврда вилоятимизнинг 3 та ҳудуди - Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларидаги жами 6,8 гектар бўш турган ер майдонларида ана шундай саноат зоналари ташкил этилди. Мазкур ҳудудларда қарийб 30 га яқин ишлаб чиқариш субъекти танлов асосида жойлаштирилди. Улар аллақачон ички бозорга турли халқ истеъмоли товарлари етказиб беришга киришган. Бу кенг миқёсли ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги "Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги "Зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли ташкилотларнинг фойдаланилмаётган ҳудудларини ҳамда ортиқча ишлаб чиқариш майдонларини янада мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
- Қарши шаҳридаги собиқ "Керамзит" заводининг бўш ер майдонида барпо қилинган кичик саноат зонасида 12 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда, - дейди Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зонасини бошқариш ягона дирекцияси раҳбари Санжар Эргашев. - Уларни бир ҳудудда жамлаш корхоналарни табиий газ, электр энергияси, сув, канализация тармоқларига улаш имкониятини осонлаштиради. Албатта, бу тадбиркорларга маъқул келди. Ташқи муҳандислик коммуникация тармоқларини қуриш ишлари тўлиқ маҳаллий давлат ҳокимияти ва тегишли идораларнинг бюджети ҳисобидан бажарилди. Асосийси, саноат зонаси ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари тадбиркорлик субъектларига давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун энг кам ижара тўлови ставкаси бўйича, ижарага олинган майдонда амалга ошириладиган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, тегишли коэффициентларни қўлламасдан узоқ муддатли ижарага берилди.
Таъкидлаш жоиз, қисқа вақт ичида ушбу ҳудудда ишбилармонлар томонидан янги саноат корхоналари барпо этилиб, бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Бугунги кунда аксарият лойиҳалар бўйича темир-бетон буюмлари, эшик-ром, металл конструкциялар, йўлакбоп плита каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. "Истиқлол юксалиш тараққиёти" оилавий корхонаси ана шундай ташаббускор тадбиркорлик субъектларидан биридир.
- Лойиҳамизни рўёбга чиқариш учун қарийб 400 миллион сўм маблағ сарфладик, - дейди корхона раҳбари Санжар Қудратов. - Шунинг 140 миллион сўмини тижорат банки кредити ташкил этди. Ушбу маблағни асосан цех қуриш ва хомашё сотиб олишга йўналтирдик. Ҳозирги пайтда корхонамизда 20 хилдан ортиқ металл конструкциялар, темир дарвоза, алюмин профилли эшик ва ромлар тайёрланмоқда. Қувонарлиси, яқинда хилма-хил спорт тренажёрлари, ювиниш кабиналари ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Ушбу маҳсулотларимиз импорт ўрнини боса олади. Бугунги кунда қурилиш ташкилотлари ва аҳолига буюртма асосида қурилиш материаллари етказиб бераяпмиз. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллиард сўмлик маҳсулотни реализация қилдик. Фаолиятимиз маҳсулдорлиги ошишида кичик саноат зонасида яратилган мақбул шароитлар муҳимлик касб этди, десам хато бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда ташкил этилган кичик саноат зоналари самараси ҳудуд иқтисодиёти ривожи тезлашаётгани, аҳоли бандлиги таъминланаётгани, истеъмол бозори сифатли маҳсулотлар билан тўлаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратда: "Истиқлол юксалиш тараққиёти" оилавий корхонаси устаси Ҳасан Хуррамов.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.