Меню
Қашқадарё
КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА ҲОЗИРЧА 2 ТА ЛОЙИҲА ИШГА ТУШДИ
Албатта, ишлаб чиқариш қувватларини бу тахлит бир жойда тўплаш кўп афзалликларга эга. Мисол учун, сув, газ, электр энергияси билан таъминлаш бир йўла амалга оширилади. Бу тизим охирги пайтда яхши самара бераяпти. Ана шундай махсус ҳудудлардан жой олиб ишлашга талабгорлар кўпайгани ҳам бежиз эмас. Илгари биргина Қашқадарё вилоятида учта ҳудуд - Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида кичик саноат зоналари ташкил этилганди. Яқинда эса бундай ўзига хос ишлаб чиқариш бирлашмалари сони янада ошди. Давлат раҳбарининг 2018 йил 29 февралдаги қарорига асосан яна 7 та ҳудудда кичик саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.
Ушбу ҳужжатга кўра вилоятдаги йирик хўжалик субъектларининг фойдаланилмаётган бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш майдонлари тадбиркорларга ажратиб берилиши лозим эди. Қарши туманидаги "Агросервис МТП" МЧЖнинг бўш турган 1 гектардан ошиқ ҳудудида ҳам кичик саноат зонаси иш бошлаши кўзда тутилганди.
- Ўтган вақт мобайнида қарор талабларини бажариш бўйича фаол иш олиб борилди, - дейди Қарши тумани "Кичик саноат зонаси ягона дирекцияси" ДУК раҳбари Акбар Зулфиқоров. - Ташаббускор тадбиркорларни танлаб олиш учун тендерлар ўтказилиб, ғолиблар аниқланди. Ҳозирда зонамизга 8 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилди. Улар томонидан 9 та истиқболли лойиҳа илгари сурилган. Уларнинг фаолият йўналиши аниқ, ишга тушириш муддатлари белгиланган. Дастлабки келишувга кўра, бунинг учун жами 7 миллиард 120 миллион сўм сарфланади. Ташаббускорлар 3,5 миллиард сўмдан зиёд маблағни ўз ҳисобидан йўналтираяпти, қолгани тижорат банклари кредитларидир. Ишбилармонлар лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга 135 нафар кишини иш билан таъминлаши ҳам керак.
Мутасаддининг айтишича, тадбиркорларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун барча мақбул шароит яратилган. Жумладан, кичик саноат зонаси зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланган. Бу ишлар асосан давлат бюджети маблағи ҳисобидан амалга оширилган.
Лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг барчаси ноозиқ-овқат саноат тармоғига тааллуқли эканини кўриш мумкин. Жисмоний шахс Шаҳзод Исоқов 800 миллион сўм сармоя эвазига пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Лойиҳа ижроси 2019 йил учинчи чорагидан кечикмаслиги керак. Яна бир тадбиркор Шаҳзод Турдиев бу ерда мих ва шуруп ясашни ташкил этишни таклиф этган. "Проммакс" МЧЖ томонидан илгари сурилган лойиҳа савдо терминаллари ишлаб чиқаришга оид.
Аҳамиятлиси, шу кунга қадар кичик саноат зонасида 2 та лойиҳа тўла ишга тушган. Хусусан, "Камолов-М" хусусий корхонаси томонидан замонавий қувват ташкил этилиб, МДФ эшик-ром ясаш бошлаб юборилган.
- Лойиҳамиз қиймати 700 миллион сўмга тенг, - дейди корхона раҳбари Муҳиддин Камолов. - Бизнес-режамни амалга ошириш бўйича "Ёшлар - келажагимиз" дастурини молиялаштирувчи жамғармага мурожаат қилдим. Натижада 500 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Буни четдан зарур дастгоҳлар олиб келишга ишлатдим. Қолганини ўз ёнимдан қўшдим. Зона ҳудудида янги ишлаб чиқариш цехи бунёд этдик. Маҳсулот чиқараётганимизга эса бир ойча бўлиб қолди. Аҳоли ва ташкилотлар буюртмаси билан ишлаяпмиз. 8 нафар кишини ишли қилганман.
Ушбу кичик саноат зонасида барча лойиҳалар жорий йил охиригача тўлиқ ишга тушиши керак. Албатта, маҳаллий тадбиркорларнинг бу тарзда қўллаб-қувватланиши ҳудуд иқтисодиёти ривожига, саноати юксалишига хизмат қилади.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: "Камолов-М" хусусий корхонасидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.