Меню
Қашқадарё
КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИ ҲУДУД РИВОЖИНИ ТЕЗЛАШТИРАДИ
“Истиқлол юксалиш тараққиёти” хусусий корхонасининг яқинда иш бошлаган цехи қиймати 200 миллион сўмга баҳоланган лойиҳа рўёби натижасидир. Бугун бу ерда турли металл конструкциялар, темир дарвоза, эшик ва ромлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан аҳолига хилма-хил спорт инвентарлари, ювиниш кабиналари етказиб берилмоқда.
Эътиборлиси, бу ишлар Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
Қарши шаҳрида O‘zLiDeP сиёсий кенгаши ташаббуси билан “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кичик саноат зоналарининг аҳамияти” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.
Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бир қанча тадбиркорлик субъектлари, партия гуруҳлари аъзолари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусий мулкчиликни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳам фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектларини, бўшаётган ер участкаларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотишни кўзда тутади. Бундан кўзланган мақсад ушбу жойларда ишбилармонлар томонидан замонавий рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини ташкил этишга кўмаклашиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлашдан иборатдир.
- Мазкур қарорга мувофиқ, тегишли даврда вилоятимизнинг 3 та ҳудуди – Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларидаги жами 6,8 гектар бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилиши белгиланган, - дейди O‘zLiDeP вилоят кенгаши раиси Санжар Эргашев. – Тадбиркорлик субъектларини бир ҳудудда жамлаш уларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари, табиий газ, электр энергияси, сув, канализацияга улаш имкониятини янада осонлаштиради. Албатта, бу ишбилармонларга маъқул келди ва улар кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ташаббуси билан чиқишди. Уларга ер участкалари ажратиб берилди. Ҳозирги кунгача мазкур кичик саноат ҳудудларига 28 та саноат корхонаси жойлаштирилди. Уларнинг аксарияти маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам бошлаган. Қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари шулар сирасига киради. Бу ички бозорга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот чиқариш баробарида янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.
Тадбир давомида тегишли қарор ижроси доирасида жойларда олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, дастурдан жой олган лойиҳаларнинг ўз вақтида рўёбга чиқарилиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда коммунал ва архитектура соҳаси ташкилотлари вакилларининг шу вақтга қадар бажарилган ишлар ҳақидаги маърузалари тингланди.
Давра суҳбати сўнгида мавзу юзасидан тегишли хулоса ва тавсиялар билдирилди.
М.ЖЎРАЕВ