Меню

Қашқадарё

10.06.2017 2294

КИЧИК ЁШЛИЛАР УЧУН БЕЖИРИМ ПОЙАБЗАЛЛАР

Қарши шаҳрида кўпдан бери фаолият кўрсатаётган “Бадахшон-Б” хусусий корхонасида сўнгги вақтда амалга оширилаётган ишлар эътирофга муносиб. Қурилиш-пудрат ишлари соҳасида катта тажрибага эга мазкур тадбиркорлик субъекти жорий йил бошида ишлаб чиқариш билан шуғулланишга киришди. Аниқроғи, ушбу корхонада болалар учун турли ўлчамдаги пойабзалларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

- Болалар оёқ кийимлари вилоятимизга асосан хориждан импорт қилинади, - дейди тадбиркор Баҳриддин Сувонов. – Ўрганиб кўрсак, бу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришни шу ерда ташкил этиш унчалик қийинчилик туғдирмайди.  Боиси, бунинг учун зарур хомашёнинг деярли барчаси ўзимизда бор. Керакли ускуналарни харид қилиб, пойабзал ишлаб чиқаришни бошладик. Ҳозирги пайтда турли материаллардан мокасинлар тайёрлаяпмиз. Маҳсулотларимиз тури 10 дан ошди. Шунингдек, корхонамизда аёллар учун енгил оёқ кийимларини ҳам ишлаб чиқараяпмиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, тайёр маҳсулотлар асосан ички бозорга йўналтирилаяпти. Келгусида хилма-хилликни ошириш мақсад қилинган. Жумладан, чармдан болалар ва катталар учун пойабзаллар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Шу мақсадда корхонага замонавий дастгоҳлар келтириш мўлжалланмоқда. Ушбу истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш учун эса ишбилармон тижорат банкининг кўмагидан фойдаланишни режалаштираяпти.

 

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!