Меню

Қашқадарё

26.08.2017 2134

КИЧИК БИЗНЕС СУБЪЕКТИ МАҲСУЛОТИ — ЭКСПОРТГА

Нишон туманидаги "Нишон нуртекс" масъулияти чекланган жамияти ҳам экспортчи корхона саналади. Бир неча йилдирки, ушбу тадбиркорлик субъекти хорижлик ҳамкорларига ўзида ишлаб чиқарилаётган момиқ маҳсулотини етказиб бермоқда.

- Бундан 10 йилча аввал Хитойдан пахта чиқиндисини қайта ишловчи замонавий ускуна олиб келиб, момиқ тайёрлашни ташкил этгандик, - дейди корхона раҳбари Нуриддин Нурматов. - Ҳозир мазкур йўналишда самарали иш олиб бораяпмиз. Цехимизда йилига 2 минг тонна момиқ ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Бу маҳсулотга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Кўпдан бери момиқни экспортга чиқараётганимиз бунинг исботидир. Ўтган йили қарийб 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилгандик. Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида эса хорижга жўнатилган момиқнинг қиймати 35 минг долларга тенг бўлди. Эрон асосий харидор мамлакат ҳисобланади. Агар чет эллик ҳамкорларимиздан яна буюртма келиб тушса, йил охиригача экспорт ҳажми сезиларли ошишини тахмин қилиш мумкин.

Эътиборли жиҳати, мазкур корхонада яна бир йўналиш - текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳам муваффақиятли иш олиб борилаяпти. Зарур дастгоҳлар билан жиҳозланган тикувчилик цехида кўрпа-тўшак, чойшаб, ёстиқ ва жилд, махсус иш кийимлари, аёлларнинг турли либосларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Тадбиркор шу йил баҳорда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қатнашиб, тиббиёт, мактабгача таълим ва ободонлаштириш соҳаси ташкилотлари билан қиймати 65 миллион сўмлик шартнома тузган. Бугунги кунга келиб, буюртмаларнинг қарийб 50 фоизи бажарилган.

Нуриддин Нурматовнинг айтишича, корхона даромадларини ошириш мақсадида бошқа тармоқларни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, келгусида хорижий технология асосида бўз матоси ҳамда болалар тагликлари ишлаб чиқариш лойиҳасини рўёбга чиқариш мўлжалланган. Шу аснода корхонада 10 дан ортиқ янги иш ўрнини яратиш белгиланган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!