Меню
Қашқадарё
КИБЕРТЕРРОРИЗМ ШИДДАТ БИЛАН ЎСИБ БОРАЁТГАНИГА САБАБ НИМА?
Қайд этиш ўринли, кибертерроризм янги ва ўрганилмаган жиноий соҳадир. Интернет тармоғидаги очиқ манбалар орқали биологик, кимёвий, ҳаттоки ядро қуролларини тайёрлаш технологияларини ўрганган ҳолда амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмоқда. Сайтларни ноқонуний йўллар билан бузиш орқали кибертеррорчилар турли махфий маълумотларни олиш имконига ҳам эга бўлаётганини айтиш жоиз.
Кибертерроризм аслида ахборот технологиялари ички фаолиятига ноқонуний аралашиш, компьютерда мавжуд дастурлар ёки маълумотларни мақсадли равишда йўқ қилиш, зарар келтириш, давлат органларининг муҳим қисмлари фаолиятини издан чиқариш, шу билан бирга, инсонлар ҳаётига хавф солиш, моддий зарар келтириш ёки оммавий қўрқитиш, ҳарбий низолар каби турли зарарли оқибатларни келтириб чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатдир.
Кибертерроризм шиддат билан ўсиб боришининг яна бир сабаби, у қурол-яроғ ёрдамида амалга ошириладиган террорчилик ҳаракатидан арзонга тушади, жанговар ҳаракатлар, хунрезликлар бўлмайди. Бузғунчи ҳаракатлар интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Интернет тармоғи ўзининг очиқлиги, тезкорлиги ва тежамкорлиги, назоратнинг сустлиги ёки умуман йўқлиги, дунё бўйлаб фойдаланувчилари борлиги, ахборотларнинг тез ва арзон йўл билан тўлиқлигича тарқалиши, ҳамфикр гуруҳларни ташкил этиш мумкинлиги, алоқаларнинг аноним экани, асл манбани аниқлаш имкони йўқлиги, стратегик объектлар, ҳарбий ташкилотлар компьютерларига ноқонуний уланиш имкони мавжудлиги, тармоқларнинг яшовчанлиги билан террорчи ташкилотларни ўзига жалб қилаётир.
Бугун терроризм жангарилар яшириниб юрган ёки бош қароргоҳлари жойлашган муайян давлат ҳудуди билан чегараланиб қолаётгани йўқ. Улар аллақачон кибероламга кўчиб улгуришган. Террорчи ташкилотлар ўз сафларини кенгайтириш ҳамда мақсадларига эришишда техника ва интернетнинг сўнгги имкониятларидан устомонлик билан фойдаланаяпти. Шу йўл билан террорчилик ҳаракатлари, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бериш, ўз ғоя ва мафкурасини омма орасида тарқатиш билан бирга интернет фойдаланувчиларига ахборот-психологик таъсир ўтказиш, одамлар ўртасида ваҳима уйғотиш, террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш, заҳарли моддалар, портловчи восита ва қурилмалар ҳамда уларни тайёрлаш технологиясини ўргатиш, террорчилик ташкилоти сафига янги аъзоларни қабул қилиш сингари ҳаракатларни амалга оширишмоқда.
Ушбу жиҳат кейинги 5-6 йилда даҳшатли оқибатлар келтирган ИШИД террорчилик ташкилоти фаолиятида яққол кўринди. Улар ўз тизимида ғоя ва мақсадларни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи мутахассисларни бирлаштирган алоҳида тузилма ташкил этишди. Бугунги кунда интернетда тарқатилаётган бу каби маълумотларнинг 80 фоизи Яқин Шарқ ҳудудларида фаолият юритаётган террорчи ташкилотларга тегишлидир.
ОАВ маълумотлари таҳлили ҳамда жабрланувчиларнинг иқрорларига кўра, радикал ғояларнинг тарқатилиши ва ташкилотларга ёллаш ҳаракатларининг аксарияти "Facebook", "Odnoklassniki", "Vkontakte", "Twitter", "Youtube" каби ижтимоий тармоқларда амалга оширилмоқда.
Ҳозир психологик жиҳатдан ишлов берилган, жангариларнинг экстремистик, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видеороликлари билан бир қаторда мобил иловаю, террорчилар белгиси акс эттирилган буюмларни сотиб олиш имконини берувчи электрон дўконлар кўпайиб бораётгани ҳам кибертерроризмнинг таркибий унсурларига айланган.
Биз ана шундай хавфдан огоҳ бўлишимиз, фарзандларимизни уларнинг таъсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим.
Б.НУРМАТОВ, вилоят ИИБ ходими