Меню
Қашқадарё
ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИ ОЧИҚ ВА ШАФФОФ БЎЛИШИ УЧУН
Матбуот анжумани
Қарши шаҳрида ташкил этилган корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси орқали тадбиркорларга хусусийлаштириш жараёнлари ва амалдаги тартиблар тўғрисида тушунтиришлар ҳамда хусусийлаштириш дастурлари бўйича кенг маълумотлар бериб борилади.
Бу ҳақда Журналистлар уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктам Нусуров маълум қилди.
Мутасадди вилоятда Президентнинг “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси ҳақида гапирар экан, бу борадаги ишлар олтита йўналиш бўйича амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Улардан бири фармоннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва ёритиш, хусусийлаштириш жараёнлари шаффофлигини таъминлашдан иборат бўлиб, корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси айнан шу мақсадларга хизмат қилади.
-Мазкур клиникада биз хусусийлаштириш билан боғлиқ маълумотлар базасини шакллантириб, хусусийлаштирилаётган корхоналар паспортларини жамладик, - деди Ўктам Нусуров. – Тадбиркорлар ушбу маълумотларни тегишли мутахассислардан ва инфокиоскалар орқали олишлари мумкин. Умуман олганда, бу клиникада корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш билан боғлиқ барча масалалар бўйича хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида ташкил қилинади. Келгусида эса жойларда бу клиниканинг филиалларини ҳам очиш мўлжалланган.
Шунингдек, матбуот анжуманида давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари (шу жумладан, вилоятимиздаги «Ҳисоргeология» давлат унитар корхонаси) ҳамда хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали оммавий савдоларда тўлиқлигича давлат акция пакетлари (улушлари) сотиладиган корхоналар (хусусан, воҳамизда фаолият юритаётган «Тeмир йўл транспорти ва қурилиш бирлашмаси» ДУК) ҳақида маълумотлар берилди.
- Фармонга асосан давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхатига Қашқадарёдан 52 та корхона киритилган, - деди Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари. – Уларни давлат активлари алоҳида ёндашув асосида ва умумбелгиланган тартибда тезкор сотиладиган корхоналар тоифаларига ажратса бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, алоҳида ёндашув асосида 16 та корхона хусусийлаштирилиб, қолган 36 таси умумбелгиланган тартибда тезкор сотилади. Хусусан, алоҳида ёндашув асосида 8 та газета бўйича савдога чиқариш шартлари юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан таклиф олинади. Бунда давлат улушлари бошланғич нархи «1 сўм»га тенг қийматда қўйилгандан сўнг ҳам сотилмаганда, меҳнат жамоасига ўзаро келишув асосида сотиш таклиф этилади. Бундан ташқари, савдога чиқариш шартлари юзасидан 1 та компьютер хизматлари кўрсатиш маркази бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 7 та тиббиёт муассасаси бўйича эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан таклиф олинади.
Тадбирда журналист ва блогерларнинг мавзуга оид кўплаб саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Темур НИЗОМОВ