Меню
Қашқадарё
ХУСУСИЙЛАШТИРИШ САМАРА БЕРМОҚДА
Аҳамиятлиси, ўтган даврда вилоятимизда ҳам бир қатор ташкилот ва идораларга қарашли фойдаланилмаётган объектлар инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан ошкора савдоларга чиқарилиши белгиланди. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, ўтказилган танлов натижаларига кўра 2017 йилнинг 1 январь ҳолатида 57 та давлат мулки объекти “ноль” харид қийматида хусусий сектор вакиллари тасарруфига берилди ва улар белгиланган муддатда муайян мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олган. Тузилган шартномаларга кўра муайян тартиб асосида хусусийлаштириладиган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича ўз таклифларини илгари сурган ташаббускор тадбиркорлар томонидан мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга жами 58 миллиард 775 миллион сўм ва 4 миллион 790 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилиши ҳамда 1300 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.
Биргина 2016 йил давомида ушбу мақсад рўёби учун 25 миллиард 725 миллион сўм ва 1 миллион 788 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарф этилди. Айтиш жоиз, бу борада белгиланган прогноз ортиғи билан уддаланди. Бунинг ҳисобидан тегишли объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва хориждан замонавий асбоб-ускуналар келтирилди. Айрим объектларда аллақачон ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани натижасида эса 260 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Шу ўринда ушбу кенг кўламли ишларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги 29-механизациялашган кўчма колоннаси анча вақтгача қаровсиз қолган, корхонадаги мавжуд бино ва иншоотлардан фойдаланилмай келинаётганди. 2015 йилда ўтказилган танловда “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” шўъба корхонаси томонидан ушбу объект эксплуатацияси бўйича мақбул таклиф билдирилган ва ташаббускор тегишли танловда ғолиб деб топилганди. Эътиборлиси, тадбиркор ўтган вақт мобайнида инвестиция мажбурияларининг асосий қисмини муваффақиятли адо этди.
- Лойиҳа доирасида объект эксплуатациясига 600 миллион сўм инвестиция киритиш мажбуриятини олганмиз, аммо ҳозирга қадар 2 миллиард 800 миллион сўмликдан кўп иш бажаришга муваффақ бўлдик, - дейди корхона раҳбари Дилшод Кичкинаев. – Объектнинг умумий майдони 0,8 гектарни ташкил этади. Унинг бир қисмида бинолар жойлашган. Асосий маблағимиз биноларни таъмирлаш ва пардозлашга сарф этилди. Шунингдек, зарур техника воситалари харид қилдик. Ўтган йили бу ерга Хитой давлатидан ускуналар олиб келиб ўрнатдик ва бир неча турдаги темир-бетон плиталарини ишлар чиқаришни бошладик. Яқинда бунинг ёнига шлакоблок ҳам қўшилди. Натижада 16 кишини иш билан таъминладик. Маҳсулотларимизни қурилиш ташкилотларига етказиб бераяпмиз. Келгусида корхонамизда йўлакбоп рангли плита ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштираяпмиз. Бу яна 8 та янги иш ўрни яратилади, дегани.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва бу жараённи жадаллаштириш, уларни хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шу тариқа хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларга янада кенг йўл очди.
- Мазкур қарорга асосан, вилоятлар ҳокимларига давлат мулки бўлган ностратегик объектларни, шу жумладан, давлат кўчмас мулки объектларини инвестиция маж-буриятлари қабул қилинган ҳолда “ноль” харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди, - дейди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасининг хусусийлаштириш ва инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторинги бўлими бошлиғи Ўктам Нусуров. – Албатта, бу тартиб бўш турган, фойдаланилмай ётган бино ва иншоотларни тадбиркорларга сотиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, танловда бир томон қатнашса, у томонидан билдирилган таклиф савдо шартларига тўлиқ мос келса, давлат мулкини харид қилиш-сотиш тўғрисидаги шартномани тузишга рухсат берилади. Қолаверса, ушбу фармонда давлат мулкини тасарруф этаётган тадбиркорлар учун бошқа бир қатор имтиёз ва қулайликлар тақдим этиш ҳам кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда тегишли ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда жойлашган бўш турган давлат мулки объектлари хатловдан ўтказилмоқда. Келгусида уларни танлов асосида тадбиркорларга “ноль” харид қийматида сотиш мақсад қилинган.
Мухтасар айтганда, давлат мулки объектларининг хусусий сектор вакилларига бепул берилиши мулкдорлар сафини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга истиқболли инвестицияларни кенг жалб қилиш, пировардида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
М.ЖЎРАЕВ