Меню
Қашқадарё
ХУСУСИЙ МУЛК ВА ТАДБИРКОРЛИК ҲИМОЯЧИСИ
Дарҳақиқат, Биринчи Президентимизнинг доно сиёсати боис юртимизда хусусий мулкнинг қадри ортди, дахлсизлиги таъминланди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, тадбиркорлар манфаатлари давлат ҳимоясига олинган. Ушбу юксак эътибор ўзининг самараларини бермоқда. Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, бугун ҳудудда 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти яратилган имконият, имтиёзлардан унумли фойдаланиб фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз иқтисодиёти равнақига улкан ҳисса қўшаётган саноат корхоналарининг аксарияти шахсан Ислом Каримовнинг ташаббуси, кўрсатмаси ва қўллаб-қувватлови асосида барпо этилгани, модернизация қилингани аҳамиятлидир.
Шаҳрисабз шаҳрида фаолият олиб бораётган “Оқсарой текстиль” масъулияти чекланган жамияти шундай корхоналардан биридир. Ушбу корхона томонидан ҳар йили ўртача 4 минг 800 тонна ип-калава ва 248 минг тонна дағал мато ишлаб чиқарилаяпти. Мазкур субъектда ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан яхшилаш, маҳсулот сифатини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили корхонада тайёрланган қиймати 6 миллион АҚШ долларилик маҳсулот Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Босния ва Герцеговина каби мамлакатларга экспорт қилингани бунинг тасдиғидир. Айни вақтда бу ерда 600 нафардан ошиқ ишчи меҳнат қилаяпти.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур корхона фаолиятидаги ютуқлар Биринчи Президентимиз томонидан мамлакатимизда етиштирилган пахта толасини замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлашни жадаллаштиришга қаратилган эътибор самарасидир.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.