Меню
Қашқадарё
Хурофотчиларга қарши рейд
Тожикистонда сеҳр-жоду ва фолбинлик билан шуғулланувчи 1500 нафар киши, шунингдек, 5 минг нафардан ортиқ расмий маълумотга эга бўлмаган муллалар қўлга олинди. Бу ҳақда "Новости" манбаси хабар тарқатган.
Кенг миқёсдаги назорат тадбирлари маросимбозлик ва оккультизм (дуохонлик, иссиқ-совуқ, афсун каби хурофотларга ишонтирувчи мистик таълимот)га қарши қаратилган. Бунга Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатда хурофотлар тобора кенг ёйилаётганидан билдирган ташвиши сабаб бўлган. Унинг фикрича, бундай амалиётлар жамиятга салбий таъсир кўрсатади ва унинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Сеҳр-жоду ва фолбинлик хизматлари мамлакатда, жумладан, пойтахт Душанбеда ҳам жуда оммалашган. Ҳукумат нафақат улар, балки муносиб диний таълим кўрмаган муллалар билан ҳам курашмоқда.
Ким шу каби норасмий хизматларни кўрсатиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни бузса, 270 доллардан 340 долларгача жаримага тортилади - ушбу миқдор мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (70 доллар)дан сезиларли даражада кўпроқ. Агар ҳуқуқбузарлик такрор содир этилса, жарима миқдори 680 долларгача кўтарилади.
Бундан ташқари, сеҳр-жоду билан шуғулланганлар учун ярим йилгача бўлган мажбурий меҳнатга жалб этиш тарзидаги жазо турини киритиш режалаштирилмоқда.