Меню

Қашқадарё

02.02.2017 2169

ХУФЁНА “ҚАДАМ РАНЖИДА”

Менинг ҳам, уйдагиларнинг ҳам энг аввал эътиборимизни тортгани мобиль ўйинлар бўлди. Бирин-кетин очиб кўра бошладик. Мана бирови: нимқоронғи мозорот, унда қўлини сермаб, ҳар томонга чўзиб турган соянамолар – булар арвоҳлар экан. Экранда асосий қаҳрамон кўринмайди, унинг ҳарсиллаган нафасию қўрққаннамо узуқ-юлуқ товушларини эшитасиз, холос. У бечора оч арвоҳларга чап бериб қочиши, уларга ўзини ушлатмаслиги керак экан, акс ҳолда, жон аччиғида қичқирган овоз эшитилиб, телефон экранига қора-қура доғлар ёйила бошлайди, демак, қаҳрамон, яъники телефон эгаси бўлмиш “ўлди”. Этни жунжиктирадиган ҳол. Аммо укам ва жиянларимнинг айтишига қараганда, бу ҳали ҳолваси эмиш, бундан-да даҳшатлироқлари бор экан... Кейинги ўйинда ҳартугул “қаҳрамон” аниқ-тиниқ кўринди, лекин у бечора ҳам “қурбон”: машҳур америкача фильмдаги Кинг-Конгга ўхшаган улкан махлуқ таъқибида жон ваҳимасида чопади (албатта, сиз унга ёрдам берсангиз), агар бир муддат секинлашса, тамом, ортидан қувлаётган махлуққа ем бўлади. Яна ўша овоз, қичқириқ.

Навбатдагилари – машинадаги пойгалар. Тўсиқлари мўл йўллар, тўда-тўда машиналар, сизнинг уловингиз ғизиллаб, бир текисда кетишини, яъники ўйинда ютишни истасангиз, бошқа машиналарни пачоқлашингиз, уриб-туртиб бўлса-да олға юришингиз шарт. Бу ўйинларнинг вертолётлигию самолётлиги ҳам бор экан. “Қойил”, деб қўйиб, иловаларни титкилашда давом этаман. Интернетдан “скачать” қилишни сўраб турган рекламалар телефон экранида дам-бадам пайдо бўлиб, эътиборни тортади. Шундай ўйинлардан бири империялараро уруш олиб боришга дастурланган экан: ўйин учун рўйхатдан ўтасиз, ўзингизга махсус лақаб танлайсиз. Энди ўз салтанатингизга эгасиз: бошида махсус ўргатувчи (бу соҳибжамол бир қиз) шаҳар қуришингиз кераклигини уқтиради, сўнг унинг сарҳадларини мустаҳкамлай бошлайсиз. Ўз қўшинингиз, артиллериянгиз бор. Бирор рақиб давлат билан ўртада уруш келиб чиқса, қандай бўлмасин, ғолиб бўлишингиз шарт! Бунинг учун ўлдириш, қириш керакми, ҳийла ишлатиш керакми, фарқи йўқ – экран тепасидаги махсус катакчада балларингиз ошиб бориши, ҳар бир “ютуқ”дан сўнг пайдо бўладиган “приз” – ҳадяга эга бўлишни истасангиз, бажараверасиз. Бу ўйиндан ҳам ҳафсала пир бўлди. Сўнг бировнинг тавсияси билан яна бирини юклаб, ўргана бошладим. Буниси бир қарашда фойдалидек: тарихий шахслар, дунёнинг машҳур кишилари русча қисқа жумлаларда таърифланади ва суратлар чиқади, сиз тўғри суратни аниқлашингиз керак. “Хайрият, жиллақурса, битта фойдалироғи бор экан, баҳонада тарих борасидаги билимларимни мустаҳкамлаб, ҳозирги дунёнинг спорт, санъат, кино юлдузларини билиб оларканман”, дея иштиёқ билан “эрмак”ка киришдиму тез орада ҳафсалам пир бўлди. Негаки, ўйин ортида турган ёт ғоялар ўзини манаман деб ошкор эта бошлади: спорт, санъат оламидаги таниқлилардан қай бири “бир жинсли”лардан эканлигини “аниқлаш”дан тортиб, вампиру бошқа қонхўр персонажлар, турли комикс ва компьютер ўйинларининг бош қаҳрамонларини топишимни “сўрай бошлашди”. Бундан ташқари, Америкада машҳур бўлган, бизнинг менталитетга буткул ёт ҳисобланган мультсериаллардаги ақли заифлиги, ирқчи, миллатчилиги билан ажралиб турадиган қаҳрамонлар қаторлашиб чиқиб кела бошлади. Хуллас, бугун биз тиш-тирноғимиз билан қарши турганимизга қарамай, эшикни беркитса, дарчадан ҳатлаётган оломонча маданият унсурлари мобиль ўйинларга бутунича сингдириб юборилганини ўз-ўзимга исботладим. Беихтиёр онгимда бир сўроқ бош кўтарди: “Бошқаларга ҳам бу нарса сезилаяптимикин?”

- Кейинги пайтларда қўл телефонларида “мушукча”, “кучукча”, “пандача” дейишаётган ўйинлар оммалашиб кетаяпти, - дейди Қарши шаҳридаги 34-мактаб ўқитувчиси Дилбар Абдуллаева. – Иккала фарзандим ҳам бу ўйинларга жуда қизиқишади. Турмуш ўртоғим билан бирга текшириб кўриб, бир нарса эътиборимизни тортди: бу жониворчалар фақат овқат еркан, 20 га яқин ўйинларни ўйнаркан, чарчаса, ухларкан, ҳар замонда кийимларини алмаштириб, ясанаркан, тамом. “Ўғлим, бу мушугинг ҳеч иш қилмайдими, онаси, дадаси йўқми?” десам, ўғлим “Сиз билмайсиз-да, иш қилишининг нима кераги бор, унинг учун мен қилаяпман-ку”, дейди.

Ростдан, бу турдаги ўйинларни кўриб чиқиб, шунга амин бўлдимки, вақти-вақти билан миёвлаб, вовуллаб эътиборингизни ўзига тортадиган ўйин дастурида бирор юмушни бажаришга оид функция йўқ. Мушук ё ит, айиқ, яқинда кўзим тушиб қолди - яна бир кўринишидан кўпчиган хамирга ўхшаш алламбало махлуқчалиси ҳам бор экан, фақат тараллабедод ҳаётни тарғиб қилишга қаратилган бундай ўйинларни “вақт ўғриси” дейиш мумкин. Чин-да, на одамнинг ақлий фаолиятига, на жисмоний чиниқишига наф келтирмаса, яна нима деб аташ мумкин? Айтганча, бу ерда “ўйин ичидаги ўйин”лар ҳам бор: мушугингиз қизалоқ бўлса, шундай пардоз қиладики, анча-мунча стилист йўлда қолади, кийимлари-чи, бирини ечиб, бирини кияди. Ёшига ёш қўшилгани сари мушуккинанинг “имконият”лари кенгайиб боради: ҳали хэллоуин ошқовоғини кийиш, ҳали эмоларнинг соч фасонини қилишга “юқоридан” рухсат олади... Бу энди оломонча маданиятнинг бети қаттиқлиги, таъсири шундай нозик кўринишга жойлаб, йўлланаётганидан бошқа нарса эмас. Хўш, бунинг таъсирини камайтириш, шу хилдаги хуружларга қарши тура оладиган  йўл-усулларни ўйлаб топиш мумкинми?

- Бу каби ўйинларни, компьютер ва мобиль эрмакларни ишлаб чиқараётган ва шунинг изидан миллионлаб даромад қилаётганларнинг аксарияти фақат даромад келадиган тарафни ўйлайди, - дейди Қарши давлат университети профессори Санжар Чориев. – Қолаверса, улар “истеъмол бозори” деб аталадиган ижтимоий қатлам эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда иш кўради. Демак, шундай ўйинларга ҳозирда эҳтиёж бор. Улар замиридаги маънавий ҳужумни қайтаришнинг йўли эса, Биринчи Президентимиз Ислом  Каримов таъкидлагани каби “ғояга қарши ғоя” билан иш тутиш. Яъни биздаги компьютер дастурчилари булардан-да қизиқроқ, менталитетимизга мос ва хос, шу билан бирга, ақлий фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган ўйинларни яратишлари лозим, деб ўйлайман.

Унгача-чи? Унга қадар ота-оналар, ўқитувчилар сергакроқ, ҳушёрроқ бўлишлари керакдир эҳтимол? Чунки катта авлод вакиллари сифатида сизу биз бунинг таъсирини яққолроқ сезамиз. Болаларга тушунтириш, ўйинлар тагидаги асл маънони англатишдан тўхтамаслик орқалигина ёт ғояларнинг ёш авлод онгига сингишига йўл қўймаслик мумкин...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!