Меню

Қашқадарё

04.02.2020 1672

ХУДКУШНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ?

Дин ва давр

Дунё тинчлигига рахна солиб келаётган террорчилик ҳаракатларида худкушлик ҳужумлари намоён бўлаётгани, турли террористик ташкилотлар ёш болаларни аскар сифатида ёллаб, уларни жаллод қилиб тарбиялагани ва ўз асирларини қатл этишда фойдаланиши ниҳоятда ачинарлидир.

Худкушлик ҳужумлари хоҳ мусулмонларга нисбатан, хоҳ ғайримусулмонларга нисбатан бўлсин, мусулмон ва ғайридин ўлкаларда бўлсин, шаръан ҳаром, хиёнат ва разолат ҳисобланади. Унинг исломга ва Аллоҳ йўлида бўладиган жиҳодга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, қўшни Афғонистонда "халифалик болалари"ни ёллаш, онгини заҳарлаш ва жангариликка тайёрлаш турлича куч ишлатиш йўллари билан амалга оширилади. Жангарилар ўзларининг назорати остида бўлган жойларда болаларни ёллайдилар ёки ўғирлаб, тайёргарликдан ўтказадилар. Бундан ташқари, халқининг саводсизлиги ва ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг фарзандларини гуруҳ сафига ёллаш ва онгини заҳарлаш билан шуғулланадилар. Шунингдек, руҳий хаста одамлар, ногиронлар ва ёш болаларни "овлаб", заифлигидан фойдаланган ҳолда улардан тирик қалқон ёки худкуш террорчи сифатида фойдаланишни кўзлашлари ҳам бор гап.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, айни пайтда ижтимоий тармоқлар орқали турли баландпарвоз чақириқ ва шиорлар, ўзини яқин ва холис қилиб кўрсатувчи яширин "дўст"лар ортида пухта ўйланган жирканч манфаатлар ётгани, бундай чорловларга эргашиш оқибатида ўзимизни, оиламизни, ёинки бутун мамлакатни оғир аҳволга солиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Маълумотлар шуни тасдиқлайдики, сўнгги йилларда жаҳонда болалар иштирокида террорчилик ҳужумларини амалга ошириш кўпайган. Хусусан, 2019 йил бошида Нигериянинг Борно вилоятида содир этилган учта қўпорувчилик ҳаракати болалар ёрдамида амалга оширилган бўлса, 2018 йилда Индонезиянинг Сурабая вилоятида 9 ва 12 ёшли қизлар орқали маҳаллий черковларга ҳужумлар уюштирилган.

Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган хабарларда аҳоли гавжум жойларда худкуш ўзини портлатгани ва бунинг оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлгани, яна қанча киши яралангани, улар орасида аёллар ва болалар кўплиги, бинолар вайрон бўлганини кўришимиз мумкин. Яна ҳам ачинарлиси, бу каби хунрезликлар тез-тез содир этилмоқда. Агарда фақатгина худкушлик оқибатида содир этилган портлашларда ҳалок бўлганларни ҳисобласак, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлинганини кўрамиз.

Террористик ташкилотларнинг бу каби ишларига ислом дини нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: "Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик" ("Исро" сураси, 70-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом умрларининг охиригача ўз умматларини илоҳий таълимот асосида рушду ҳидоятга бошлаб, нафс ва шайтон йўлларидан қайтариб ўтдилар. "Ҳажжатул-вадоъ" - видолашув ҳажидаги хутбаларида бундай деганлар: "Эй одамлар, албатта бир-бирингизнинг қонларингизни тўкиш, молларингизни ноҳақ ўзлаштириш ва    обрўларингизни тўкиш сизларга ҳаромдир. Худди ушбу арафа кунингиз ва бу зулҳижжа ойингиз ҳурматли бўлгани каби. Огоҳ бўлингиз, сизлардан ҳозир бўлганлар ушбуларни ғоибларингизга етказсин. Эй одамлар, (сизларга) етказдимми" (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи муқаддас эканини баён қилдилар. Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики: "Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир" ("Моида" сураси, 32-оят). Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир" ("Анъом" сураси, 151-оят).

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш)да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради" (Имом Термизий ривояти).

Мазкур оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, жаҳоннинг нуфузли фатво  бошқармалари уламолари ҳам турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишнинг   шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишнинг исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидланган.

Азамат УСМОНОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!