Меню
Қашқадарё
“ЎХШАМАЯПТИ...”
– Ассалому алайкум, нима обкелай, хола? – тавозе билан сўради.
– Ваалайкум, – кампир инқиллабгина алик олди. – Нималаринг бор, қизим?
– “Ғилай” шўрва, лағмон, манти, сомса, жиз, димлама, гречка...– бидирлай кетди хизматчи қиз.
– “Ғилай”инг мол гўштиданми? Ярим коса...
Хизматчи қиз дарҳол кампирнинг буюртмасини муҳайё қилди. Кампир косани бир муддат кавлаб ўтирди. Кейин шўрвадан ярим қошиқ ичдию, афтини буриштирди.
– Қизим, – дея у яна нарироқда бошқа хўрандалар билан ҳисоб-китоб қилаётган хизматчи қизга юзланди. Қиз яна югуриб келди.
– Бунингни ичиб бўлмайдию, – кампир косани унинг ёнига суриб қўйди.
Ҳайрон бўлдим. Турмуш ўртоғим шу ердаги шифохонада даволанаётгани учун ҳар куни тушликни шу чойхонада қилишимга тўғри келаётган эди. Барча овқатлари жуда мазали. Ҳам арзон. Ҳозиргина ўзим ўша “ғилай” шўрвадан мазза қилиб ичгандим.
– Чучваранг борми? – инжиқ кампир яна тантиқланди. – Қўлда тугилганми?.. Магазинникимасми?..
Хизматчи қиз шўрвани олиб кетиб, чучвара келтирди. Бироқ кампирга бу ҳам ёқмади. Кейин лағмон... Кампир яна косани нари суриб, минғирларди. Ўзимча, бу кампир ё “шантаж”, ё фирибгар бўлса керак, деб ўйладим. Ниҳоят хизматчи қизнинг ҳам тоқати тоқ бўлди.
– Мени масхара қилаяпсизми, хола? – деди қўлларини белига тираб. – Бўлди-да, энди, есангиз енг, бўлмаса...
Қизнинг гапи оғзида қолди. Катак кўйлак кийган, гавдали бир киши уларнинг қошида пайдо бўлди.
– Нима гап? – дея сўради у уни кўриб, ранги оқариб кетган хизматчи қиздан. – Нимага хўрандага бақираяпсан? Фаросатинг борми ўзи?
– Тўрт марта овқат обкелдим, бу кишимга ёқмаётганмиш, – қиз алам билан шикоят қила кетди. – Ҳаммасини бемаза дейди.
– Уялмайсанми момонг тенги одамга шундай муомала қилишга, – “катак кўйлак” унга дакки берди. – “Мижоз ҳамиша ҳақ”, дейдилар. Онамиз нима сўрасалар, келтириб беравер. Пулиниям олма...
“Катак кўйлак” афтидан чойхонанинг бошлиғи шекилли, қиз югуриб, нари кетди. Зум ўтмай, патнисда яна бошқа таом келтирди.
– Мана бу маставадан ичиб кўринг, онажон, – бошлиғининг танбеҳи қаттиқ таъсир қилган шекилли, меҳрибонлик билан косани унинг ёнига суриб, нон ушатди. – Бу бошқача таом, бир ҳўпласангиз, танангиз яйрайди, касалингиз ҳам чиқиб кетади...
Кампир бир қошиқ ҳўпладию, яна қошиқни тарақлатиб қўйди.
– Мен мияси суюлган кампирдан хафа бўлма, болам, – деди тепасида ҳайрон боқиб турган қизга қараб. – Ўхшамаяпти-да...
– Нима ўхшамаяпти? – қаттиқ асабийлашганидан қизнинг қовоқлари пирпиради.
Кампир мунғайибгина бир оз тин олди. Сўнг қизнинг қулоғига томон эгилиб шивирлади:
– Келинимнинг овқатига...
ҚОРА КЎЗОЙНАК
– Ҳа, “брат”, саломлашайлик...
Дўкони ёнидан шу турқи совуқни кўрмаганга олиб ўтаётувдим, иложи бўлмади, истамайгина ортимга бурилдим. Қуйруқ деб гўштга елин қўшиб сотганидан бери шу Жобир қассобни жиним суймайди. Ўшандан бери дўкони ёнидан тескари қараб ўтаман.
Оғринибгина саломлашдим. Соя-салқинда ўтирса ҳам рапидадай юзини тўсгудай катта қора кўзойнак тақиб олган қассоб қўлидаги яғир латта билан гўштга ёпишган қовоқариларни нари ҳайдади.
– Кўзойнагингни обқўй, сояда ўтирибсан-ку, – “елин”нинг алами ҳали тарқамаган эканми, секин чақиб олдим. – Ўзи шу матоҳнинг дастидан кўчада ҳеч кимни таниб бўлмай қолди...
– Ҳа, энди, одам ўрганиб қоларкан-да, – у кўзойнагини пешонасига суриб, тиржайди. – Бу “ачки” ҳузурижон нарсайкан-да ўзи, кўзингиз иссиқда қамашмайди, ачишмайди, “зомбир” чақмайди...
– Яширишга ҳам қулай-да, – дедим кесатиқни давом эттириб.
– Нимани... яшираман? – қассоб ажабланди.
– Кўзингни-да, – дедим юзига тик боқиб. – Бўлмаса, шунча лўттибозлигинг билан одамларнинг кўзига қандай қарайсан?
ХАВОТИР
Ука бемор опасини шошилинч шифохонага келтирди. Дўхтирлар дарҳол операцияга тайёрлаш кераклигини айтишиб, бир қулоч дори-дармон рўйхатини тутқазишди.
Ука дорихонага югурди. Йўл-йўлакай жиринглаган телефонига жавоб бераман, деб, дорихона зинасида қоқилиб тушди.
Қўнғироқ қилаётган каттакон идорада бошлиқ бўлиб ишлайдиган акаси экан.
– Нима гап? – салмоқланиб сўради ака. – Каромат яхшими?
– Ҳозир операция қилишар экан, – ука шилинган тирсаги билан манглайидаги терни сидирди. – Хавфли дейишаяпти. Дориларини оббораяпман... Келасизми?
– Ҳимм... Боролмасам керак. Ҳозир ҳокимиятда йиғилиш... Кейин районга кетишим керак. Ўзинг дўхтирлар билан яхшилаб гаплаш...
Ака кейинги гал қўнғироқ қилганида ука опаси учун қон топшираётган эди. Боши айланиб кетаётганидан акасининг овозини аранг эшитди.
– Нима гап? Каром яхшими? – бояги саволини яна такрорлади ака.
– Уч соатдан ошди операцияга кирганига... қон сўрашди. Донор тополмадим. Ўзим топширдим...
– Пул-мул керакмасми?
Ука индамади.
– Онам ҳам ўша ердаларми? – ака сўроқни давом эттирди.
– Ҳа, зах зинада эрталабдан бери ўтирибдилар. Қари одам, чарчаб қоласиз, кетинг, десам, кўнмаяптилар... Обкетасизми, девдим...
– Қайсар-да, момашка, – ака ўзича жиғибийрон бўлди. – Мен ишдаман, ҳозир сезон пайти, тушунасан-ку, ҳеч қаерга қўзғалиб бўлмайди. Ўзинг қараш... Пул керак бўлса, етказаман...
Акасидан навбатдаги қўнғироқ келганида томчи дорига термулганича турган ука ҳам, оғриқдан инграб-инграб, энди кўзи илинган опа ҳам бир чўчиб тушди.
Кейинги қўнғироқ ука пойи-пиёда уч чақирим наридаги дорихонага югуриб кетаётганида бўлди (таксига пули қолмаган эди)...
Кейингисини... эшитмай қолди.
Шифохона ҳовлисидаги скамейкада ғужанак бўлиб ухлаб ётарди...
Уч кундан сўнг... Тонгдан яна қўнғироқ бўлди. Телефонини оламан деб чўнтак кавлаган уканинг қўлидаги иссиқ банка тушиб кетай деди.
– Ука, яхшимисан? Каром яхшими?
– Яхши. Онам тепасида ўтирибди. Сизни сўрадилар опам...
– Кўрмайсанми, яна мажлис... Ўзинг...
Уканинг сабри тугади:
– Мана, онам билан гаплашинг, ака, опамга овқат обкелувдим, қўлим куяяпти...
Момо телефонни қўлига олди:
– Бормисан, ўғлим?
– Ҳа, онажон, яхшимисиз? Каром...
– Ўзингни ҳам, бошқаларниям алдашни қўйгин, болам... - момо палатадан даҳлизга чиқди.
– Бу нима деганингиз? Мен... Каром...
– Нима, эллик марта сўраганинг билан яхши бўпқоладими Каром? Бу – худбинлик, болам...
– Қанақа худбинлик? Мен ҳам бу ерда қовурилиб ўтирибман-ку...
– Қовурилиб эмиш. Сен – худбинсан, болам. Каром яхшими, деб сўрайвериб, ўзингча акалик бурчингни бажараяпсан-да? Шу билан ўзингга ўзинг таскин бериб, ётиб, уйқуни уравер. Мажлисингдан қолма... креслонгни қўриқлаб ўтир. Яна биров обкетиб қолмасин. Пулингни ҳам пишириб е. Жигаринг энди яхши, хавотир олма. Фақат... Бир гап. Келолмасанг, ҳеч бўлмаса, халақит бермай тур. Уканг опасига овқат едираяпти...
ПУЛ КЎТАРГАН ОДАМ
- Нима, бозорми бу ер савдолашасан? – дўхтир одмигина кийинган дўппили йигитга зарда қилди. – Онангнинг палатасида ётган холанинг изидагилар “бир ярим” беришди. Сенинг аҳволингни тушуниб, “битта” деяпман. Хизматга туҳмат, деб шуни айтишса керак-да...
Йигит қўлини кўксига қўйдию, ҳозир деб нари кетди.
Пастга тушиб, машинасини ўт олдираётган эди, дўппили йигит яна пайдо бўлиб, ойнани чертди. Дўхтир ойнани тушириб, савол назари билан боқди.
- Обкелувдим, - деди йигит қунишиб.
- Тўлиқми? “Бардачок”ка ташла, - дўхтир атрофга бир аланглаб, йигитга шивирлади...
Бозор ёнидан ўтаётиб, бирови кўзига иссиқ кўриниб, ёнида тўхтади. Собиқ синфдоши Тожибой экан. Илиққина кўришишди. Дўхтир “уйингга ташлаб ўтаман”, деб қўярда-қўймай уни машинасига чиқарди.
- Эсинг жойидами ўзи, ошна? - чамбаракни усталик билан айлантираркан, дўхтир Тожибойга сўз қотди.
Тожибой аввалига тушунмади. Дўхтир унинг қўлидаги бир неча даста пулга имо қилгач, кулимсиради.
- Э-ҳа, буни айтаяпсанми? Қулупнай сотувдим... Энди... тирикчилик... жиянларингдан иккитаси “контрак”ка ўқийди...
- Сотсанг, сотаверу, - дўхтир мийиғида илжайди. – Лекин пул деганни мундо-о-оқ “кашелок” деган нарсада кўтарилади. Ҳеч кимга кўрсатмасдан... А? Яширмасанг, баракаси қочиб кетади. Ё “кўрмаганнинг кўргани қурсин”, дейсанми?..
- Етиб келдим, тўхта, ошна, - дедию Тожибой “бардачок”ни очиб, дўхтирнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, беш мингталик пул ташлади.
Сўнг қўлидаги пулларини чангаллаб, пастга тушдию, дўхтирга юзланди.
- Бу менинг пешона терим, - унинг кўзлари чақнаб кетди. - Бола-чақамнинг ризқи. Мана шу қадоқ қўлларим билан ишлаб топганман. Нега энди пул кўтариб юришга уялишим керак? Ўғрилик, ғарлик қилганлар уялсин. Порахўр муттаҳамлар уялсин...
Дўхтир хижолатомуз бош эгди. Кўз ўнгида шифохонадаги дўппили йигитнинг илтижоли нигоҳлари намоён бўлди.
Сўнг секингина “бардачок”ка қаради...
ЎЧИРИЛМАГАН РАҚАМ
Янги танишнинг телефон рақамини сақлаб қўяман деб, телефон титкиладим. “Бўш жой йўқ”, деган ёзув чиқди. Демак, зарур бўлмаган рақамларнинг баҳридан ўтиш керак.
Бирма-бир сақлаб қўйилган рақамларни кўздан кечира бошладим. “Бу ердаги” таниш-билишларни уч тоифага ажратса бўлар экан. Биринчиси – ҳар куни гаплашиладиганлар. Иккинчиси – бир-икки ойда керак бўладиганлар. Учинчиси – йилда бир ишинг тушадиганлар...
Хўш, кимни ўчирамиз?
Саттор монтёр... Турсин-чи, керак бўпқолар. Санжар МИБ... Ўчириб бўладими? Тўра дўхтир... “Осма” олгунча чақирамиз-да... Улуғбек... Ким бўлди бу?.. Э-ҳа, эсладим, ўтган йили томорқамизни беллаб берувди...
Холиқ тоға... Узоқ йил бирга ишлаганмиз. Оллоҳ раҳмат қилсин. Яхши одам эди. Ўтган йили қазо қилувди. Рақами турган экан-да... Энди бу рақам нега керак?
Ўчирамизми?.. Ўчирамиз...
Аммо “ўчириш” тугмасини босишдан аввал ўйланиб қолдим. Сўнг иккиланибгина яшил тугмани босдим.
- Ассалому алайкум, ака, - дафъатан телефондан Холиқ тоғаникига ўхшаган гулдурак овоз эшитилди.
- Ким бу? – чўчиб тушдим аликни ҳам унутиб.
- Танимадингизми? Мен – Худойбердиман... Холиқ тоғанинг ўғли... Узоқлашиб кетдингиз?.. Кўринмайсиз? Онамиз сизни кўп сўрайдилар. “Ота қадрдонларинг билан узилишиб кетманглар”, дейдилар... Яхши бўлди қўнғироқ қилганингиз. Ўзингиз яхши кўрадиган тут пишган. Жиянларимни, янгамни олиб, бир келмайсизми?
Худойберди билан гурунгимиз узоқ чўзилди...
Нуриддин ЭГАМОВ