Меню

Қашқадарё

19.08.2017 2216

ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР ВА НАВОИЙ

Эътиборли жиҳати, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор таъсири буюк мутафаккир Алишер Навоий фаолияти ва ижодида ҳам яққол сезилади. Абдураззоқ Самарқандий Навоий авлиёлар қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳ мажлисидан файз ва офтоб янглиғ баҳра олгани ҳақида ёзади. Чиндан ҳам Навоий тафаккури ва дунёқараши ҳамда сўфийлик қарашлари шаклланишида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳузуридаги мажлислар ва суҳбатларнинг таъсири катта бўлган. Бу ҳақда Абу Тоҳирхожа “Самария” асарида Хожа Аҳрорнинг билим эгаларини севгани, мажлиси ҳамиша олимлар билан тўла бўлганини ёзади.

Айтиш ўринлики, Хожа Аҳрор Навоий қаламининг мухлиси эди. У бу оташнок шеърларни мутолаа қилиб, шоир ижодига юксак баҳо берган. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да темурий шаҳзода Кичик Мирзо Навоийнинг “Туҳфат ул-афкор” қасидасидан бир байтни Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга юбориб, авлиёдан таҳсину олқиш олгани қайд этилади. Навоий “Сирож ул-муслимин” асарини Хожа Аҳрор Валийнинг таклифи ва фикри сабаб ёзганини билдиради:

Ким, ул кўп назм дерга бўлди роғиб,

Бу янглиғ назм ҳам эрди муносиб.

Чу қилди Хожанинг амрига тақрир,

Ул эрдиким, бурунроқ бўлди таҳрир.

Бундан ташқари, Алишер Навоий ва Хожа Аҳрор хат ёзишиб туришган. Бизгача Хожа Аҳрорнинг Навоийга ёзган 128 та мактуби етиб келган. Албатта ушбу ёзишмаларни ўрганиш икки улуғ зот ўртасидаги пиру муридлик ва устоз-шогирдлик, дўст-биродарлик муносабатларини чуқур тадқиқ этиш имконини беради.

Манбалардан маълумки, нақшбандиядаги машҳур “Қўлинг ишда, дилинг  Аллоҳда бўлсин” шиорини Хожа Аҳрор ўзи учун муқаддас қоида деб билган. Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд    Мовароуннаҳр тарихи” китобида зикр этилишича, “Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор олим ва мутасаввуф сифатида шу қадар буюк ҳурмат ва обрў қозонган эдики, ўша вақтдаги ҳукмдорлар бир-бирига рақобат қилгандек, унинг ҳусни таважжуҳига ноил бўлишга интилар эдилар. Шу ҳолда ҳам у Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар тарафидан баён қилинган “Ал фақру – фахру” (фақирлик – фахримдир) сўзига қатъий риоя этиб, Қоракўл яқинида ўз қўли билан қўш ҳайдаб, камбағалдай яшар эди”.

Хожа Аҳрор Валийнинг шунча кўп еру мулклари бўлса-да, оддий ҳаёт тарзини маъқул кўрган. Чунки барча бойликларини бошқаларнинг манфаати ва эҳтиёжига сарфлар, бундан мамнун эди. Умаршайх Мирзо Тошканднинг бир йиллик хирожини талаб қилиб, лашкар тортиб келганда, шаҳар аҳолиси қашшоқликдан бунча маблағ (250 минг динор)ни тўлолмаган чоғда Хожа Аҳрор валий бу маблағни бериб, шаҳар аҳолисини ташвишдан халос этган. Шу билан бирга, халқ қишдан эсон-омон чиқсин, деб тошкандликларга яна 70 минг динор туҳфа этган. Хожа Аҳрор қурдирган мадраса ва хонақоҳларнинг сони 20 дан ортиқ, вақфнома дафтаридаги мол-мулклар сони эса 254 тани ташкил этган.

Хожа Аҳрор сахийлигининг чегараси йўқ эди. Умрининг охирроғида Тошкандда бўлганида Туркистонда бошланган қаҳатчилик сабаб кўплаб оч-юпун кишилар келаётганини эшитади. Шунда хизматкорларига ҳар кун ўнта қозон қуриб, кераклича мол ва қўй сўйиб, туркистонлик очларни боқишни буюради. Абдураҳмон Жомий “Футуҳат уш-шабоб” девонига кирган қасидасида Хожа Аҳрор Валийни “фақир аҳлининг пешвоси” деб бежиз атамайди.

 Мир Алишер Навоий ҳам худди Хожа Аҳрордек йўл тутганки, Ҳирот шаҳрида очлар, мискину камбағалларга доимий ёрдам кўрсатиб, дошқозонларда таом пиширтириб, уларнинг қорнини тўйғизган ва кийим-кечак улашган. Булардан шу нарса маълум бўладики, Ҳазрат  Навоий Хожа Аҳрордан ҳар томонлама ўрнак олган, аниқроғи, у Мовароуннаҳрда амалга оширган хайрли ишларни шоирлар султони Хуросонда давом  эттирган, унга эргашган.

Хожа Аҳрор аразлашган ва урушишга қасд қилган султонларни яраштириб, қон тўкилишларнинг олдини олишдаги жонбозлиги билан ҳам машҳур. “Тарихи Рашидий”да айтилади:

“...Ул зимистон Сайрам бўлиб, ўзининг (Юнусхон) чўнг ўғли Султон Маҳмудхонни ўттуз минг киши бирла Султон Аҳмад Мирзонинг муқоталасига юборди, етиб келиб жанги азим пайдо қилдилар. Вақтики бу хабар Ҳазрати қутби доираи иршод, маҳбуби Ҳазрати Илаҳ Хожа Носириддин Убайдуллоҳға етти, улар киши юбордиларки, бизлар ҳам борамиз, деб. Ондин бу хабар уч султонга етти. Ҳамма ўз жойларида турдилар. Вақтеки, Ҳазрати Эшон етиб келиб, Мирзо Султон Аҳмад лашкарига тушдилар. Ва хон (Юнусхон) ва Умар Шайх Мирзо анинг олдиға киши юбордилар, сулҳға турдилар. Ва уларнинг муборак нафасларини ҳеч киши рад қилолмади, анинг учунки, аҳлуллоҳға фано даст бериб ўзлукидин чиқибдурлар, ҳар нарсаки улардин вужудга келса, ани қилғучи ҳақиқатда Ҳақ таоло ўзи бўлғай...

Бу уч подшоҳни ўлтурғузуб ҳар бирига аҳд ва шарт буюрдиларки, қилдилар. Тошкандни Юнусхонга бердилар. Ва Умар Шайхга Фарғонани амр қилдилар. Султон Аҳмад мирзоға Самарқандни бердилар”.

Шунга монанд, Алишер Навоий ҳам Султон Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари отасига қарши исён кўтарганда, ота-болаларни яраштиришга, урушнинг олдини олишга ҳаракат қилгани тарихдан маълум.

Бу иккала шахс ҳам ўз мамлакати аҳолиси ва қўшни мамлакатлар ҳукмдорлари ўртасида нуфузи ва   мавқеининг юқорилиги сабаб юрт тинчлиги ва осойишталиги кафолати ҳисобланишган. Буни ўша замоннинг ҳукмдорлари ҳам яхши билган. Мисол учун, Султон Абу Саид Хожа Аҳрорни 1451 йилда Тошкентдан Самарқандга чақириб олади. Тўғрироғи, Абу Саид Тошкентга борганида Хожа Аҳрорга қўл бериб, мурид тушади ва шундан кейин қатор ғалабаларга эришади.

Султон Ҳусайн Бойқаро эса Хуросон тинчлигининг устунларидан бўлмиш дўсти Навоийнинг мамлакатни муайян вақт тарк этишига, тўғрироғи Ҳажга бориб-келишига унамайди. Ва ниҳоят 1500 йилда махсус фармон билан Ҳажга рухсат этилган бир пайтда Хуросоннинг улуғлари, машойихлари, олимлар ва иршод аҳли  Навоий хонадонига келиб, мамлакатга турли тарафдан хавф соя солиб турган бир даврда тинчлик ва аҳолининг турли табақа ва гуруҳларига мансуб кишилар ўртасидаги осойишталик кафолати сифатида ундан  сафарни кечиктиришни илтимос қилишади.

Мухтасар айтганда, бу икки валий – комил зотларнинг тарихдаги ўрни беқиёс. Улар элу юрт манфаатини биринчи ўринга қўйишди ва шунга яраша иззат-эътиборга муносиб кўрилдилар. Шунга кўра, яқинда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз қатори Хожа Аҳрор Валийнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, унинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилгани ҳам бежиз эмас.

Шерхон ҚОРАЕВ, Талимаржон саноат ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи директор ўринбосари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!