Меню

Қашқадарё

13.08.2019 2143

ХОТИРАНГИЗДАН ШИКОЯТИНГИЗ БОРМИ?

Умуман олганда, инсон мияси томонидан бирор нарсани хотирада сақлаб қолиш ва уни керак бўлганида қайта тиклаш фанда охиригача ҳал қилинмаган масалалардан биридир.

 Бу ўринда мия фаолиятини ўрганиш бўйича халқаро Нобель мукофоти соҳиби, физиолог олим Иван Петрович Павловнинг "Мен шунча йиллар давомида мияни ўрганиб унга фақат кириш ва чиқиш борлигидан бошқа нарсани кўрмадим", деганини эслаш кифоя.

Айтиб ўтиш жоизки, хотиранинг кучи, унинг сақланиш муддатлари, қайта тикланиб маълум хулоса ва тушунчаларга олиб келишида наслдан-наслга ўтиб келувчи генетик омиллар муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, тенг ёшдаги кишиларнинг бири эшитган, кўрган нарсаларини узоқ вақт ёдида сақлаб қолса, ўқиган шеърларини тез ёдлаб, тил ўрганишга чечан бўлса, бошқасида бундай қобилиятлар кучсизроқ. Лекин ҳар қандай одамда ҳам ёш ўтиб бориши билан дисмнезия (хотиранинг тўзғиб кетиши), амнезия (хотиранинг йўқолиши), деменция (зеҳннинг пасайиши) каби ҳолатлар кузатила бошлайди. Бу     муаммоларга ўз вақтида эътибор берилмаса, кун келиб альцгеймер (хотиранинг йўқолиб одам ўз уйини, яқин кишиларини таний олмаслиги, исми-шарифини эсдан чиқариб қўйиши ва ҳоказо) ёки паркинсон (мускуллар таранглиги, ҳаракатнинг камайиши, қўл-оёғининг титраши, нутқнинг бузилиши) хасталикларига сабаб бўлиши мумкин.

Хўш, бундай ҳолатга учрамаслик, яъни хотира сусайишининг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, яъни жисмоний фаоллик бу борада муҳим аҳамият касб этиши тадқиқотларда исботланган.

Хотира нерв ҳужайралари ва улардан ташкил топган ядроларнинг функцияси ҳисобланиб, эслаб қолиш даражаси уларнинг кислород ва тегишли озиқ моддалари билан таъминланиш даражасига боғлиқ. Мияда қон етарли ҳаракат қилмаса (бундай ҳолатлар давомли камҳаракатлилик, яъни гиподинамия, кучли асабийлашиш туфайли қон томирлари торайса ёки уларнинг ёш билан боғлиқ эластиклиги камайса), нерв ҳужайраларига етарли кислород, озиқ моддалар етиб бормайди. Натижада нерв ҳужайралари фаолияти бузилиб, эсда сақлаш қобилияти ёмонлашади.

Ҳаммага маълумки, энди уйқудан турганингизда хотира билан боғлиқ функциялар, масалан, бирор воқеа-ҳодисани аниқ, равшан айтиб бериш, тасвирлаш анча қийин бўлади. Чунки одам узоқ вақт қимирламасдан ётганида мияга қон бориши камаяди, шу боис нерв марказлари ишида сусайиш кузатилади. Киши ўрнидан туриб ҳаракат қила бошлагач (бадантарбия, юз-бошларини силаб- сийпалаш, ювиниш ва ҳоказо) мияда қон айланиш меъёрига келиб, воқеа-ҳодисалар батафсилроқ эсга тушади. Ёки уйқудан кейин ақлий қобилиятнинг маълум даражада кучайиши ҳам мияда қон айланишининг (у дам олганидан кейин) яхшиланиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳар ким ёши, жинси, касбини ҳисобга олган ҳолда маълум жисмоний фаолликни канда қилмаслиги муҳим.

Ўтказилган кузатувларда шу нарса тасдиқланганки, жисмоний фаол, домий равишда гиподинамия элементларига қарши курашиб келадиганларда хотира билан боғлиқ нуқсонлар бошқаларга нисбатан бир ярим, икки марта кам учрар экан. Шунинг учун хотира кучсизланиб қолишининг олдини олишда ҳар куни бадантарбия машқларини канда қилмаслик, ҳеч бўлмаганида оддий юриш билан машғул бўлиб туриш жуда яхши самара беради. Машғулотларнинг миқдори, давомийлиги ҳамда тезлиги ҳар кимнинг ёши, жинси ва организмининг физиологик хусусиятларига қараб мутахассис-врачлар томонидан аниқлаб берилади.

Бош мия нерв марказларининг тегишли озиқ моддалари макро  (оқсиллар, ёғлар, углеводлар) ва микронутриентлар (витаминлар, минераллар, биологик фаол моддалар) билан қандай таъминланиши ҳам муҳим ҳисобланади.

"Ундай бўлса, ейиш-ичишдан камчилиги йўқ одамлар орасида ёш улғайиши билан хотиранинг ёмонлашиб боришини қандай тушуниш мумкин?" деган савол туғилиши ҳам табиий.

Албатта, ҳамма вақт ҳам мазали, хуштаъм таомлар истеъмол қиладиган одамлар овқатдан барча керакли озиқ-овқат компонентини олади, деб айтиш ярамайди. Чунки бундай овқатлар кучли технологик қайта ишлаш йўли билан тайёрланади. Натижада улардаги табиийлик тамоман йўқолиб, кўпгина фойдали хусусиятлари кескин камайиб кетади.

Боз устига, уларнинг организм учун зарари ҳам бисёр. Яъни бундай таомлар одатдагига қараганда кўп миқдорда ейилади, шунга яраша танада семириш кузатилади. Ошиқча вазннинг пайдо бўлиши эса, ўз навбатида, давр касалликларни (юрак-қон томирлари касалликлари, қандли  диабет, атеросклероз ва бошқалар) келтириб чиқаради. Бу ҳол миядаги майда капилляр томирлардаги қон ҳаракати ёмонлашувига ҳам олиб келиб, натижада нерв марказлари, айтиб ўтганимиздек, энг керакли моддаларга муҳтожлик сезади.

Шундан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, ёш ошиб борган сари хотира ёмонлашуви билан боғлиқ хасталикларнинг олдини олишда соғлом овқатланиш муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда кундалик рацион таркибида семиз бўлмаган маҳаллий қорамол, дала шароитида боқилган қўй, курка, товуқ гўштлари, ёғли денгиз балиғи, ўсимлик, ёнғоқ, писта ёғлари етарли миқдорда бўлиши асқатади.

Киши кексайиб боришига қарамасдан хотиранинг ёмонлашишини тўхтатиш йўлида яна бир муҳим тадбир мияни машқ қилдиришдир. Танадаги ҳар қандай аъзо, жумладан, бош мия ҳам доимий равишда фаол ишлаб турмаса, аста-секин морфофункционал жиҳатдан кучсизланиб, яъни кичиклашиб боради.

Олиб борилган кўпгина тадқиқотларда шу нарса аниқланганки, ақлан фаол одамларда бошқаларга нисбатан хотира анча кучли бўлар экан. Шу боис ҳам киши ёши улғайгани сари шахмат ўйини, унчалик мураккаб бўлмаган математик ҳисоб-китобларни калькуляторсиз бажариш, тил ўрганиш, шеър ёдлаш, китоб ўқиб ундаги воқеаларни бошқаларга айтиб бериш каби амаллар билан кўпроқ шуғулланса, хотираси мустаҳкамлигини яхши сақлаш учун асқатади. Яъни, бундай машқлар бош миядаги хотира билан боғлиқ нерв ҳужайралари марказларининг бир-бири билан фаоллашиб ишлашини рағбатлантиради, натижада бирон нарсани эслаб қолиш, олдин билган нарсаларни эътироф этиш, фикр юритиб, маълум масалаларни ечиш осон кечади. 

Хотирангиздан шикоятингиз борми? Марҳамат, айтганларимизни ўзингизда синаб кўринг!

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор 

Гулноза БУРАНОВА,

физиолог

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!