Меню
Қашқадарё
ХОТИРА, МУНОСАБАТ ВА МИННАТДОРЛИК БИТИКЛАРИ
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Комилжон Султонов томонидан йўлланган мактуб “Инсон манфаати ва қадри – ҳамма нарсадан устун” деб номланган. Унда муаллиф Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-20 сентябрь кунларида АҚШга қилган ташрифи ва БМТ минбаридан туриб қилган маърузаси ҳақида сўз юритилган. Хатда, жумладан, шундай дейилади:
“Ушбу нутқни телевизор орқали диққат билан тинглаб, газета орқали қайта-қайта ўқиб чиқдим. Президентимизнинг ушбу нутқлари нафақат Ватанимиз манфаатини таъминлашга қаратилган, балки бутун дунё аҳлининг манфаати, келажагини ўйлаб, қайғуриб қилинган нутқ эканлигига амин бўлдим... Айниқса, бугунги кунда ёшлар масаласининг долзарблиги ва Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича Юртбошимиз томонидан берилган таклиф ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман. Чунки ёшлар ҳар қандай жамиятнинг, давлатнинг келажагидир...”
Дарҳақиқат, мазкур нутқ ўзининг ҳаётийлиги, бугунги давр руҳи ва талабидан келиб чиқиб сўзлангани билан аҳамиятлидир.
Умуман, кейинги пайтларда республикамиз ҳаётида кўплаб ўзгариш-янгиланишлар рўй бераяпти. Ижтимоий-маънавий соҳани ривожлантириш, иқтисодиётни тараққий эттириш мақсадида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, улар асосида хайрли ишлар амалга оширилаётгани юртдошларимизнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Косон педагогика иқтисодиёт коллежи директори Мақсуда Мустафоеванинг электрон манзилимизга йўллаган “Имкониятлар иқтидорни камолга етказади” сарлавҳали мақоласи шу мазмунда. Муаллиф Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълим-тарбия соҳасида муҳим аҳамият касб этганини таъкидлайди:
“Қарорда кўзда тутилганидек, Юртбошимиз ташаббуси билан 2018-2019 ўқув йили бошлангунга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг нодавлат хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилиши соҳада жуда катта ўзгаришлар юз беришини таъминлайди. Энг асосийси, давлат ва нодавлат таълим тизими фаолиятига ўқув йили тугагач, ўқувчиларнинг қанча фоизи таҳсилни олий ўқув юртларида давом эттира олишига қараб баҳо бериш мумкин бўлади. Бу ота-оналар учун ҳам жуда тўғри ва адолатли танлов усулидир. Бундан ташқари, қарорда таъкидланганидек, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган янги ўқув асбоб-ускуналари ва ўқув материалларини республикага олиб киришда божхона тўловларидан озод этилаётгани ҳам нодавлат таълим тизими ходимлари учун катта имкониятдир...”
Албатта, юрт эртаси, халқ манфаатини кўзлаб қилинаётган ҳар бир хайрли лойиҳа ўзини ҳақиқий ватанпарвар деб билган ҳар бир юртдошимиз томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинади, қўллаб-қувватланади. Зеро, бугун олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида бошланган эзгу, инсонпарвар тадбирларнинг узвий давомидир. Яккабоғлик Ҳикоят Улашова томонидан бизга юборилган мақола Буюк Йўлбошчи хотирасига бағишланган ва унда юқоридаги каби фикрлар баён этилган. “Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлади”, деб ёзади муаллиф.
Ўзбекистоннинг равнақи учун муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонлардан яна бири атоқли сиёсий арбоб, адиб ва шоир Шароф Рашидовдир. Унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган хайрли ишлар ҳамиша халқимиз эътирофида. Чироқчилик Бегмат Бобораҳматов таҳририятимизга йўллаган мактубида ана шу буюк арбоб фаолияти ҳақида сўз юритган. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Юртимизда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов номини билмаган ва эшитмаган инсон бўлмаса керак. Раҳбарлик салоҳияти ва инсонийлик фазилатлари билан ҳамманинг назарига тушган бу ажойиб инсон ўзидан ёрқин из қолдириб кетди. Юртимизда истиқомат қилаётган нуроний кексалар билан суҳбатлашсангиз, улар доимо Шароф Рашидов номини эъзозлаб тилга олишади, унинг ҳақига дуо қилишади. Ҳа, таъбир жоиз бўлса, қарийб чорак аср юртга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов элим деб, юртим деб, ёниб яшаган, мамлакат равнақи йўлида самарали фаолият кўрсатган инсон эди...”
Бу улуғ инсон таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори асосида айни кунларда турли ҳудудларда, ташкилот-муассасаларда ўтказилаётган тадбирларда ҳам шу каби фикрлар бот-бот таъкидланмоқда.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – саломатлик. Унга путур етса, кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Беморлик чоғида ўзига меҳр кўрсатган, соғлиғини тиклашига кўмаклашган инсонлардан чексиз миннатдор бўлади. Ғузор туманидаги 18-мактаб ўқитувчиси Ҳулкар Мустафоева соғлиғини тиклаб, жўшқин меҳнат фаолиятига қайтишида яқиндан кўмак берган шифокорларга бўлган чексиз миннатдорлик ҳисларини бизга мактуб шаклида йўллаган. “Дунёда саломатликдан-да ортиқ бойлик бўлмаса керак, - деб бошлайди мактубини Ҳулкар Мустафоева. – Тани-жони соғ-саломат инсонгагина барча нарса татийди. Лекин ҳаёт тасодифларга тўла. 2002 йилда оғир бетоб бўлиб қолдим...”
Мактуб давомида муаллиф вилоят эндокринология диспансери шифокорларига ўзининг самимий миннатдорлигини билдирган. Албатта, ўз касбини севган, ишига ҳалол, виждонан ёндашадиган ҳар қандай касб эгаси бу каби ташаккурномага лойиқ ва муносибдир.
Хуллас, таҳририятимизга келаётган хатлар, мақолаларнинг барчаси бизнинг эътиборимизда. Уларни саҳифаларимизда чоп этиб борар эканмиз, мактуб-мақолалар муаллифларига миннатдорлик билдирамиз. Зеро, таҳририятимизга келаётган мактублар сиз азизларнинг нашримизга бўлган эътиборингиздан даракдир.
ТАҲРИРИЯТ