Меню

Қашқадарё

12.06.2020 1490

ХОТИНИНИ УРИБ, 15 СУТКА ҚАМАЛДИ

Қилмиш-қидирмиш

Ҳаётда ҳамма ҳар хил қарашга эга. Кимдир муаммоларни ақл билан, бошқа биров жаҳл билан енгишга одатланган. Жаҳл келса, ақл кетишини, бунинг оқибатида ён-атрофдагилар жабр кўришини эса ҳаммамиз яхши биламиз.

Айрим кишилар борки, аламини хотинидан, бола-чақасидан олади, уларни уриб-сўкади, ҳақоратлайди. Бу охир-оқибатда ажрашишга, турли жиноятларга йўл очгани учун оилада хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга эса ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилади.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган кишининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар ҳимоя ордери беришга асос бўлади. Ҳимоя ордери берилгач, зўравонга нисбатан турли чекловлар ва мажбуриятлар юкланади.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси бўлган, ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг турмуш тарзи мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Қарши шаҳар Гулшан маҳалласида яшовчи Ж.С. турмуш ўртоғи М.А.га доимий равишда жисмоний зўрлик ишлатиб келган. Ҳимоя ордерида турли чекловлар белгиланганига қарамай, яна бир бор жамоат жойида хотинига кучини кўрсатиб қўйишга уринган.

Натижада унинг хатти-ҳаракатларига Қарши шаҳар маъмурий судида баҳо берилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тегишли моддалари билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!