Меню

Қашқадарё

03.10.2024 446

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ИШТИРОКИНИ ЯНАДА ФАОЛЛАШТИРИШ ҲАМИША ДИҚҚАТ МАРКАЗИМИЗДА

Муносабат

Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим омили бўлган фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги, уларнинг мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар юзасидан билимларини оширишда сиёсий партияларнинг роли катта.

Шу туфайли ҳам сиёсий партиялар сайловолди дастурларида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, оғирини енгил қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш, давлат ва жамият қурилишида фаол иштирокини таъминлаш, гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш  долзарб вазифа этиб белгиланган.   

Дарвоқе, сайлов - ҳар бир партия учун катта синов, шу билан бирга кенг имконият ва масъулият ҳамдир. Айниқса, бу йилги янгича  аралаш тизимда ўтадиган сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро рақобат, ғоявий кураш янада юқори даражага кўтарилади.

Сайлов қонунчилигига кўра, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида қирқ фоизини ташкил этиши керак. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер тенглик сиёсати, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтириш борасидаги ислоҳотларга мос ва ҳамоҳанг бўлган жиҳатдир. 

Юртимиз сайловчиларининг ярмидан кўпи  хотин-қизларни ташкил этади. Шунинг учун уларнинг сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ва овоз бериши Ватан келажагини, равнақини, истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Айни жараёнда  уларнинг сайловчи сифатидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида  муҳим  ишлар  олиб борилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга доир тадбирлар дастури асосида сайловчи хотин-қизларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишда Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг "Аёллар қаноти" ҳам фаол киришган.

Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларига асосан сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни таклиф этишди. Ушбу таклиф инобатга олиниб, Сайлов кодексига тегишли ўзгаришлар киритилди. Бу эса, ўз навбатида, партиямизнинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва энг муҳими, ишончи юқори эканлигидан далолат беради. Кейинги йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида уларнинг фаол иштирокини таъминлаган ҳолда ташаббускорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг мавқеини ошириш ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Яратилган шундай имкониятлар натижасида мамлакатимиз парламентида ва маҳаллий кенгашларда хотин-қизлар сони ва ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. 

Партия хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб боради. Мазкур йўналишда партиямиз Сайловолди дастурида  қуйидаги вазифаларни таклиф қилади:

- хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтириш;

- зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш;

- хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада кафолатлаш ҳамда ёлланма ишчи аёллар меҳнати муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

- туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга давлат томонидан бепул бериладиган витаминлар, йод ва фолий кислотасининг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш;

- илм-фан билан шуғулланиш истагида бўлган олима хотин-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳага оид қонунчиликка уларга қўшимча имтиёзларни кўзда тутувчи нормалар киритиш;

- хотин-қизлар ва болаларнинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида "шелтер" (уйсизлар, шунингдек, жинсий зўравонлик қурбони бўлган ёки уйда зўравонликни бошдан кечирган хотин-қизлар ва болалар учун бошпана)лар очиш ва уларда зўравонликка учраганларга то вазият ўнглангунга қадар таълим бериш, зарур тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш бўйича чоралар кўриш.

Мен "Адолат" социал-демократик партияси фаоли сифатида  Сайловолди дастурда хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий фаоллигини янада ошириш,  оилада ва ҳаётда кенг имкониятлар яратиш борасидаги илгари сураётган барча таклифларини қўллаб-қувватлайман. Партия томонидан бу борада белгиланаётган вазифалар амалга ошса, хотин-қизларимизнинг ижтимоий турмушларида катта ўзгаришлар юз беради. Ҳаётимиз бунданда фаровонлашади.

               Дилрабо ЧОРИЕВА,

ҳуқуқшунос, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши "Аёллар қаноти" фаоли

 

АДОЛАТЛИ ВА МУСТАҚИЛ СУД ТИЗИМИНИ ЯРАТАМИЗ

Сайловлар ҳамма жамиятда ҳам фуқаролар фаровонлигини таъминлашга хисса қўшадиган жараёндир. Мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар ҳам халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини барқарорлаштиришда аҳамияти беқиёсдир. Мен судья сифатида юртимизда фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдим. Айниқса, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг "Ҳуқуқий давлат барпо этиш - олий мақсадимиз" деб номланган бўлимида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида илгари сурилган таклифлари менга маъқул бўлди.

Адолатли ва мустақил суд тизимини яратиш орқали фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш жуда муҳимдир. Фуқароларга енгиллик яратиш ҳамда судлар фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш вақти келди. Сайловолди дастурда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш мақсадида давлат органи ва улар мансабдор шахсларининг қарори ва хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга шикоят қилишда низоларни судгача ҳал килиш тартибини жорий қилиш муҳим ҳисобланади. Шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартибини йўлга қўйиш, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида "Судьялар мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини ишлаб чиқиш, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тез ва сифатли таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида судьялар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайтириш керак. Бундан ташқари, партия дастурида судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш масаласи ҳам ўртага қўйилаяпти ва аниқ таклифлар илгари сурилмоқда. Жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш каби бугунги кундаги энг муҳим ислоҳотлар сайловолди дастуридан ўрин олган. Ўйлайманки бу каби янгиликлар келгусида Янги Ўзбекистон тараққиётига, тинчлиги ва фаровонлигига, адолатли жамиятни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Музаффар РАУПОВ,

Қашқадарё вилояти суди судьяси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!