Меню

Қашқадарё

06.11.2018 1866

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Бу ҳақда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида айтиб ўтилди.

Анжуманда жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари ва бошланғич ташкилотларининг 2014-2018 йиллардаги фаолияти атрофлича муҳокама этилди.

Бу бўйича вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафаеванинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилганидек, ўтган давр оралиғида хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш бўйича тизимли ишлар бажарилди.

2017-2018 йиллар давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 168 нафар хотин-қизга тикув машиналари берилиб, улар касаначилик асосида иш билан таъминланди. Шунингдек, уй-жойга муҳтож 250 нафар ногирон манзилли рўйхати шакллантирилиб, шу йилнинг 1 октябрига қадар 45 нафари турар жой билан таъминланган бўлса, 17 нафарининг хонадони таъмирланди, 21 кишига уй-жойлари учун бошланғич тўлов тўлаб берилди. Шунингдек, Қарши туманидаги Равот маҳалласи ва Қарши шаҳридаги Шайхали маҳалласи ҳудудида мослаштирилган кўп қаватли бинога 70 нафар ногиронлиги бўлган, оғир турмуш шароитидаги фуқаролар жойлаштирилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан 1479 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 125 миллиард 152 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишига эришилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 120 нафарининг бандлиги таъминланди, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, инқирозли ва зиддиятли вазиятларга тушиб қолган, оилада турли зўриқишлар билан яшаётган, хорижий давлатлардан депортация қилинган аёлларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.

Жорий йилда вилоят хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан жиноят содир этган 10 нафар аёл суд жараёнида жазодан озод этилди.

Конференцияда мазкур йўналишдаги ишлар билан бир қаторда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Жумладан, бугунги кунда оилалар билан ишлаш, аёлларни спортга жалб этиш, қизларимизнинг эрта турмушга чиқиши, ўз жонига қасд қилиш, жиноятлар содир этилишининг олдини олишда бошланғич ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Мазкур хато ва камчиликларни бартараф этиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбирда, шунингдек, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг янги бошқарув аъзолари сайланди ва пленум йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Махсуда Мустафаева вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб сайланди.

Тизим ривожига ҳисса қўшиб келаётган фаол хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!