Меню

Қашқадарё

08.11.2016 2081

ХОСИЯТСИЗ ЭКИН

 

Мисолларга назар ташлайлик. Вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 15 та ҳолатда оғирлиги 23 килограмм 594 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бу борадаги рақамлар ўтган йилгига қараганда ўсган. Мазкур ҳолат ташвишланарли. Чунки бу заҳри қотилнинг бир грамми ҳам кони зарар, у кўплаб оилаларга кулфат келтиради, қанча кишиларни қашшоқликка, яна қанчасини ўлимга бошлайди. Шу сабаб бундай ноқонуний, номақбул иш билан шуғулланган кимсаларга қарши қатъий чоралар кўрилади, жазо эса муқаррар.

Мисол учун, Чироқчи туманилик Акбар Каттаев (ҳуқуқбузарнинг исм-фамилияси ўзгартирилган)  гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний шуғулланиш жиноят эканлигини билса-да, мўмай пул топиш илинжида таваккалга қўл урди. У ҳовлисига заҳри қотил уруғини қадади. Олинган “ҳосил”ни қуритиб, унинг 61,7 граммини полиэтилен қопчага жойлади. Кейин кўз илғамайдиган жойга яшириб, устига хас-хашак ташлаб қўйди. Қолган 3 граммини гугурт қутисига жойлаб, ётоқхонасидаги кўрпа-тўшаклар орасида келгусида сотиш мақсадида сақлаб қўйди.

Тез орада харидор ҳам топила қолди. 61,7 граммлик оғу 1,8 миллион сўмга баҳоланди. Оғу сотиб, даромад қилишни ўйлаган Акбар Каттаев  2016 йилнинг 20 июнь куни вилоят божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ўтказилган тадбирда мазкур гиёҳванд моддани сотаётган вақтда қўлга олинди. Шунингдек, тадбир давомида гугурт қутисига жойлаб яшириб қўйилган 3 грамм гиёҳванд модда ҳам аниқланиб, ноқонуний фаолиятга чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг 2016 йил 9 августдаги ҳукмига асосан Акбар Каттаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўйлаб қоласан киши: Акбар Каттаевга ўхшаш одамларда экин экиб, ҳосил олишга ғайрат бор экан, нима учун шуни тўғри мақсадга йўналтиришмади? Агар шу одам озгина меҳнат қилиб, пешона терини тўкканида, заҳри қотилни сотишдан келадиган 1,8 миллион сўм ўрнига, ўйнаб-кулиб 10-15 миллион сўмлик даромад кўрган бўларди.

У бундай ҳаётни ўзига эп кўрмади. Натижада умрининг 10 йилдан зиёдини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бунинг устига эл олдида юзи шувут, шаънига доғ туширган кимсага айланди.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,

вилоят божхона бошқармаси божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!