Меню
Қашқадарё
ХОРИЖЛИК ҲАМКОРЛАР ҚОВУН, ЎРИК ВА ПОМИДОРГА ХАРИДОР
Аниқроғи, ушбу субъект томонидан бултур Латвия мамлакатига кўп миқдорда таъми тилёрар қовун экспорти йўлга қўйилди.
Хўжалик раҳбари Акрам Солиев бу йил ташқи бозорга чиқарилажак маҳсулот ҳажмини ошириш, турини кўпайтиришни мақсад қилган. Албатта, бунга тўла асос, етарли имконият бор. Бугунги кунда мазкур хўжалик тасарруфидаги экин майдонларида етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари экспорт талабига ҳар томонлама жавоб беради.
- 2016 йилнинг ёзида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида қатнашиб, янги хорижлик харидорлар билан ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлдик, - дейди фермер. – Ушбу ҳамкорлик асносида маҳсулот олди-сотдиси бўйича қиймати 300 минг долларлик шартномалар имзоладик. Айни вақтда келишувларда белгиланган мажбуриятларимизни адо этиш ҳаракатидамиз. Жорий йилда 20 гектар майдонда 4 хил навли қовун парваришладик. Ҳар гектаридан 25 тоннадан зиёд маҳсулот олишни мўлжаллаяпмиз. Қовунлар аллақачон узишга тайёр бўлган. 1,5 килограммдан 3,5 килограммгача бўлгани ва сарасини экспортга жўнатамиз. Бундан ташқари, 2 гектар очиқ жойда ва 50 сотих майдонда иссиқхона шароитида помидор етиштирдик. 10 гектар боғ барпо қилганмиз. Асосан, ўрик дарахтларини ўстираяпмиз. Бироз аввал ҳамкорларимиз хўжалигимизга келиб, бу маҳсулотлар сифатини ҳам кўздан кечирди, барчаси уларга маъқул келди. Тез орада пишиб етилган мева-сабзавот ва полиз экинларимизни юк машиналарига ортиб, Россия ва Латвияга жўнатишни бошлаймиз.
Фермернинг айтишича, ҳозирги пайтда яна 10 гектар ерда сабзи етиштирилмоқда. Агар ҳамкорлардан талаб бўлса, уни ҳам экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Шунингдек, келгусида ғалладан бўшайдиган 50 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экиш режалаштирилган. Бу маҳсулот ҳам ташқи бозорда ўз харидорига эга. Ишбилармон ўзи етиштирган маҳсулотларни йил давомида экспорт қилиш чорасини кўраяпти. Бу ноз-неъматларни сақлашни ташкил этиш мақсадида замонавий технологиялар билан жиҳозланган совуткич қуриш белгиланган. Ушбу тадбирлар эса хўжаликнинг экспорт салоҳияти янада юксалиши, маҳсулот кўлами сезиларли даражада ошишини таъминлашга хизмат қилади.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: Қарши туманидаги “Насаф янги ҳаёт” фермер хўжалиги фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.