Меню

Қашқадарё

28.06.2019 1828

ХОРИЖИЙ САРМОЯ ИШТИРОКИДАГИ ЗАМОНАВИЙ ҚУВВАТ

Буни вилоятимиз ҳудудида хорижий сармоя жалб этган ҳолда рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар кўлами кенг эканидан ҳам яхши билиш мумкин. Мазкур ташаббуслар юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилгани эътиборга молик. Бугунги кунда Китоб туманидаги "Erkan machinery" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа истиқболи ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Унинг умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, ўзимизда импорт ўрнини босувчи замонавий технологик ускуналар тайёрлашни кўзда тутади.

- Лойиҳани икки босқичда тўлиқ ишга туширамиз, - дейди қўшма корхона директори Алижон Эшқобилов. - Асосийси, яқин орада биринчи босқич доирасидаги ишларни буткул якунлаймиз. 90 фоизга бажарилган ҳисоби. Ишлаб чиқариш биноси тайёр ҳолга келган. Маҳсулот ясаш учун зарур дастгоҳ ва линияларни четдан олиб келиб ўрнатдик. Монтаж ишларини тугатиб, июль ойида ишлаб чиқаришга киришамиз. Ҳозиргача 1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилганини алоҳида қайд этиш керак.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, янги қувват фойдаланишга топширилса, донни қайта ишлаш корхоналари учун тегирмон ва омихта ем ишлаб чиқариш ускуналари етказиб бериш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда ушбу технологик жиҳозлар юртимизга четдан импорт қилинаётгани инобатга олинса, келгусида анчагина валюта тежаб қолиниши аён бўлади. Биринчи босқичда маҳсулот тури 20 тага етказилади. Йиллик қувват ўртача 100 жамланма ишлаб чиқариш имконини беради. Кейинчалик ассортимент 50 турдан ошади. Яъни мураккаб ускуналарни тайёрлаш ҳам фаол ўзлаштирилади.

Аввалига корхонада 20 нафар киши иш билан банд этилади. Кейинчалик бу сон янада кўпайиши мумкин. Алижон Эшқобиловнинг билдиришича, қўшма корхона қошида очиладиган бир нечта кичик ёрдамчи қувватлар бунга кенг йўл очади. Ушбу цехларда тайёр ускуналар учун ишлатиладиган айрим деталларни ясашни ташкил этиш мақсад қилинган. Бошқача айтганда, фаолият кооперация асосида олиб борилади. Шундай қилинса, корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини дастлабки 50 фоиздан 70 фоизгача чиқаришга эришилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, вилоятимизда суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш, нефть-газ конларини ўзлаштириш сингари йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани жорий йил биринчи чорагида ҳудуд иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми ўтган йил мос даврига нисбатан 2 баравардан ҳам кўпроқ ошишига туртки берган.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: "Erkan machinery"  қўшма корхонаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!