Меню
Қашқадарё
Хорижий корхона, маҳаллий ишчилар ва экспортбоп маҳсулот
Ҳамкорлик уфқлари
Қарши шаҳрида бундан етти ойча илгари россиялик ҳамкорлар билан маҳаллий бизнес вакиллари биргаликда асос солган тикув-трикотаж йўналишидаги "Osmon guli" масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси ўтган даврда 2 миллиард 683 миллион сўмлик маҳсулот экспортини амалга оширишга эришди.
Субъект фаолияти вилоят ҳокимлиги масъуллари раҳбарлигида қашқадарёлик етакчи ишбилармонларнинг Россияга амалга оширган амалий сафарлари доирасида "Твое" компанияси вакиллари билан ўтказган музокаралари натижасида йўлга қўйилган эди. "Русский трикотаж" холдинги таркибига кирувчи ушбу корхона ўзининг йирик ишлаб чиқариш, сотиш тармоғига эга. Дунёнинг таниқли дизайнерлари билан ҳамкорлик ўрнатган ва маҳсулотларини маҳоратли рассомлар, мода вакиллари ва стилистлар тавсиялари асосида тайёрлайди. Асосан аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Батош маҳалласи ҳудудида қисқа муддатда замонавий технологиялар билан жиҳозланган фабрика қуриб, март ойи охирларида фойдаланишга топширган "Osmon guli" хорижий корхонасида айни вақтда юз турдан ортиқ кундалик, уй ва спорт кийимлари тайёрланмоқда.
- Маҳсулотларимизнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш кўзда тутилган, - дейди субъект раҳбари Елена Щугарева. - Айни вақтга қадар тайёрланган 72 мингтадан ортиқ кийим-кечаклар Россияга сотилди. Янги иш бошлаганимизни ҳисобга олсак, бу ёмон натижа эмас. Келгусида ишлаб чиқариш салоҳиятимиз ҳам, экспорт кўрсаткичларимиз ҳам янада ошиб бораверади.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирча фабрикада 200 нафар киши доимий иш билан банд этилган. Уларнинг асосий қисмини аввал ишсиз бўлган ва уйда ўтирган хотин-қизлар ташкил этади. Корхонада яна 300 га яқин ишчи кучига эҳтиёж бор. Субъект масъулларининг вилоятимизда мунтазам ўтказиб келинаётган "Бўш иш ўринлари" меҳнат ярмаркаларида фаол иштирок этиб, иш изловчи муносиб номзодларни жалб этишга астойдил ҳаракат қилаётгани, турли ижтимоий тармоқлардаги тижорий саҳифаларда ҳам шунга оид таклифлар жойлаётгани боиси ҳам шундан.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.