Меню

Қашқадарё

23.08.2018 1805

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШДА ЖОЗИБАЛИ МУҲИТ ЯРАТИЛАДИ

Бу борада юртимиз эришган натижалар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ жаҳон иқтисодиёти ривожланишидаги бугунги рақобат шароитида эришилган натижалар билан қаноатланиб, хотиржамликка берилиш, сусткашликка йўл қўйиш мумкин эмас. Бу нафақат хорижий инвесторлар, балки маҳаллий сармоядорларни ҳам йўқотишимизга сабаб бўлиши мумкин. Президентимизнинг 2018 йил 27 июлда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада бир қатор енгилликлар яратишни кўзда тутиши билан ниҳоятда катта аҳамият касб этди. 

Ушбу ҳужжатга биноан, юртимизда тадбиркорлик ва бизнес соҳасида ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган тўсиқларни бартараф этиш, хусусан тадбиркорларнинг оёғига тўшов ўлароқ, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган қарзлардан кечилгани уларнинг яна иш бошлашига имкон яратиб, юртимизда шаффоф инвестициявий муҳитни пайдо қилади, тадбиркорларимизнинг давлатга ишончини янада оширади. 

Фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва мазкур санадан эътиборан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳисобланган қатъий белгиланган солиқдан, ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликлар, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш белгиланмоқда.

Бу қарздорликларни ҳисобдан чиқариш учун эса тадбиркорлик субъекти 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кифоя қилади. Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинмоқда.

Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш амалиёти ҳам бекор қилинмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжатда юридик шахсларга ҳисобланган ундириш умидсиз бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, уларга ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликларни ҳам ҳисобдан чиқариш чораларини кўриш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги бўлган ва икки ой давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини қайта кўриб чиқиш, молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Албатта, тегишли қарор билан хусусий тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган ушбу имкониятлар ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига ҳам хизмат қилади. Ишбилармонлик муҳити сифат жиҳатидан яхшиланиши чет эллик инвесторларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Уларнинг ўз бизнес-ғояларини фаол рўёбга чиқаришига туртки беради.

Биргина Қашқадарё мисолида қарайдиган бўлсак, шу вақтгача ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни у қадар қониқарли, деб бўлмайди. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатида вилоятда хорижий капитал иштирокида атиги 62 та корхона фаолият кўрсатаётгани ҳам барчасини айтиб турибди. Чунки бошқа вилоятлар билан таққосласак, бу жуда кичик кўрсаткич экани аён бўлади. Ўтган бир йилда бу тоифага мансуб тадбиркорлик субъектлари сони 9 тага кўпайган, холос. Улкан хом ашё ресурслари, саноат салоҳияти, зарур инфратузилмаси, меҳнаткаш ишчи-кадрлари бўлган ҳудуд учун бу ёмон натижа.

Қолаверса, хорижий сармоя иштирок этган корхоналарнинг асосий қисми Қарши шаҳри, Китоб, Қарши туманларида жойлашган. Деҳқонобод ва Яккабоғ туманлари ҳиссасига эса фақат 1 тадан шундай субъект тўғри келади. Миришкор тумани иқтисодиёти тармоқларига эса умуман хорижий капитал олиб кирилмаган. Бу ҳудудларда хорижий инвесторлар билан ишлаш паст даражада. Эндиликда эса мавжуд имкониятлардан ўринли фойдаланиш, чет ишбилармонлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим бўлади. Бинобарин, бунинг учун барча шароит етарли, ҳуқуқий асослар яратиб берилди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони юртимизда иқтисодиётнинг жадал ривожланишида, бизнес юритиш учун шароитларнинг янада яхшиланишида, хорижий инвестицияларни жалб этишда жозибали ва ишончли муҳитни яратишда ҳал қилувчи омил бўлади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!