Меню
Қашқадарё
ХОРИЖГА УЮШТИРИЛГАН НАТИЖАСИЗ САФАРЛАР БИЛАН КИМ ҚИЗИҚДИ?
Савол туғилади
Бир ёмоннинг яхшиси бўлади, деганлари чин экан. Коронавирус шаънига кўп лаънатлар ёғдириб ётибмизу, аммо айнан у кўп мутасаддиларимиз ишига кўзгу тутганига ҳам кўз юмиб бўлмайди-да.
Биргина чет элга бўладиган сафарларни олинг. Масъулларимиз бир ўртада нуқул четга қатнаб қолди-ей. Ҳали Корея, ҳали Туркия, ҳали Россия, қўйингки, дунёнинг ҳеч жойи қолмади айланиб чиқилмаган. Хўш, вилоятимиз вакиллари у ерларда лайлак ҳайдаб келишди, деб ўйлайсизми? Йўқ-да, чет эллик инвесторлар билан учрашиб, гаплашиб, лойиҳалар бўйича келишиб келишди. Энди, чет элга борилгандан кейин сайру саёҳат деган гаплар ҳам бўлган бўлса керак. Биламиз, хорижда айланиб келишнинг ўзи бўлмайди: миллионлар сарф бўлади.
Хўш, натижа қани дейсизми? Тўғрисини айтадиган бўлсак, шуни ўзимизам билмаймиз. Ҳоким ё ҳоким ўринбосари хорижга бориб келганидан кейин бирор лойиҳа ишга тушди, деган хабарни ҳам эшитмадик. Ё камтарлик қилиб айтишмади, ё бундай ҳодиса чинданам юз бермади.
Бир неча кун олдин эса Туркиянинг яна бир савдо-саноат палатаси билан онлайн суҳбат ташкил қилингани ҳақида хабар чиқди. Унда айтилишича, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси ва Туркиянинг Ақсарай вилояти савдо-саноат палатаси вакиллари ўртасида келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан онлайн мулоқот ўтказилган.
Унда тўқима гиламлар ишлаб чиқариш, чорвачилик ва туризм йўналишларида келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўзаро ташрифлар ташкил этишга келишиб олинган.
Жуда яхши-да, нима дедингиз. Лекин нега шу амалиёт карантиндан олдин йўлга қўйилмади, деган савол ҳам бодраб чиқади-да, тўғрими? Аввал чет элга бориб, қанча маблағ исроф этилгандаям, рўпарангга камера қўйиб олиб, интернетда суҳбатлашсанг ҳам натижа бир хил бўлса, фалон миллион сўм маблағ сарфлашдан кимга фойда ва ўшандай хорижга уюштирилган натижасиз сафарлар ҳисобини ким суриштириб, ким ўрганади?
Албатта, хорижда бўлиб қайтган "катта"ларимиз "Ҳеч бир сафар натижасиз бўлмаган", дейишларига шубҳамиз йўқ. Демак, улардан ўша сафарларнинг аниқ натижалари ҳақидаги фикрларини кутиб қоламиз.
НАСРИДДИН