Меню

Қашқадарё

07.06.2019 1742

ХОРИЖГА НИМА СОТДИГУ, НИМА ХАРИД ҚИЛДИК?

Аҳамиятлиси, ҳудудга  хорижий  валюта тушумини таъминлаши лозим бўлган экспорт ҳажми деярли ошмаган. Дастлабки тўрт ойда вилоятимиздан хорижий мамлакатларга 95,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги  товар ва хизматлар экспорт қилинган.  Ўз-ўзидан маълум бўладики, ташқи савдо айланмаси таркибида импорт улуши салмоқли. Ички эҳтиёж учун зарур маҳсулотларни четдан харид қилишга 417,7 миллион АҚШ доллари сарфланган. Яъни, бултургига қараганда 3,8 баробар кўп импорт амалга оширилган. Натижада 318,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги салбий сальдо юзага келган. Албатта, салбий кўрсаткич яхши эмас, чунки  бу вилоятдан чиқиб кетган валюта миқдори кириб келган валютадан қарийб 4,5 баравар кўп эканлигини англатади. Бироқ ушбу сармоя иқтисодиётимизнинг технологик ривожига ишлатилган бўлса, афсусланишга ҳожат йўқ.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда замонавий қувватларни ишга туширишни мақсад қилган эканмиз, хорижнинг юқори технологияларига мурожаат қилишга мажбурмиз. Айни омил эса ҳудуднинг импорт кўлами баланд бўлишига туртки бермоқда. Январь-апрель ойларида 280 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ фақат шунга ишлатилгани ҳам фикримиз тасдиғи бўлади.

Ушбу даврда импорт қилинган айрим товарлар таҳлили ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар беҳуда эмаслигини кўрсатади. Масалан, 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлаб, четдан 629 дона автоюккўтаргич сотиб олиб келинган. 89 дона замонавий трактор харид қилишга ҳам 5 миллион АҚШ долларидан зиёд валюта талаб қилинган. Пахтачиликда кластер тизими кенг йўлга қўйилаётгани истиқболли лойиҳа ташаббускорларини ўз моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ундаяпти. Албатта, ушбу қишлоқ хўжалиги техникаси келгусида соҳада юқори самарадорликка эришишга шароит ҳозирлайди.

Шунингдек, маҳаллий ишбилармонлар томонидан хориждан 360 бош  наслли қорамол келтирилгани ҳам фойдага хизмат қилади. Тармоқнинг гўшт-сут ишлаб чиқариш қуввати ортади. Етиштириш қийин бўлгани сабаб вилоятимизга айрим цитрус меваларни импорт қилиш ҳамон давом этмоқда. 4 ойда 321 минг АҚШ доллари эвазига 680 тоннадан ортиқ маҳсулот сотиб олингани бунга бир мисол.

Вилоят статистика бошқармаси келтирган тегишли ахборотда чет эл давлатларининг вилоятимиз ташқи савдо ҳажмидаги ҳиссаси ҳам алоҳида қайд этилган.

Мазкур даврда вилоятимизга маҳсулот импорт қилишда Жанубий Корея асосий етакчиликни қўлга олган. Ушбу мамлакат ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчилари ҳудудга 156,5 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги товар ва хизматларни етказиб берган. Шунингдек, Хитой (97,9 миллион АҚШ доллари), Япония (26,2 миллион АҚШ доллари) ва Германия (21,2 миллион АҚШ доллари)ни ҳам бу борадаги асосий ҳамкорлар сифатида санаб ўтиш мумкин.

Экспортни оладиган бўлсак, бугун бу жабҳада Туркия (23,7 миллион АҚШ доллари), Эрон (13,1 миллион АҚШ доллари) ва Хитой (12,5 миллион АҚШ доллари) маҳсулот ва хизматларимизни сотиш учун энг мақбул бозорлар экани ойдинлашади. Кейинги ўринларда эса Россия, Қозоғистон ва   Афғонистон сингари мамлакатларни тилга олиш мумкин. Географик жойлашуви бўйича биздан анча узоқ ўлкалар - Европа, Шарқий Осиё, Африкага эса қашқадарёликларнинг кириб бориши ҳамон қийин кечаяпти.

Вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳақида сўз бораркан, охирги пайтда хорижликларни айнан қайси маҳсулотларимиз кўпроқ қизиқтираётгани масаласига тўхталмаслик мумкин эмас. Аҳамиятлиси, экспортимиз таркибида товарлар катта улушга эга - тегишли кўрсаткич 98 фоизга тенг. Шунинг асосий қисми (27,5 фоизи) озиқ-овқат, 17,1 фоизи кимёвий маҳсулотлар ва ундан тайёрланган буюмлар, 10,9 фоизи эса энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳудудий экспорт ҳажмини қиёсий таҳлил этарканмиз, бир ижобий ҳолат эътиборни тортмай қолмайди.      Экспортга қарийб 9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўқимачилик буюмлари йўлланган. Англашиладики, ҳудудда қайта ишлаш корхоналари кўпайгани сайин хомашёни четга чиқариш кескин камайиб, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улуши ошиб бормоқда.

Тан олиш керак, экспортни ривожлантиришда хизматлар соҳаси имконияти ҳам ниҳоятда катта. Дунёда фақат шунинг ҳисобидан кун кўраётган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Гонконг бунга ёрқин мисол. Лекин биз бу борада мақтана олмаймиз. Негаки бу йил январь-апрель ойларида ҳудуд  экспорти таркибида хизматлар ҳажми 2 фоиздан ошмагани ҳам ҳаммасини айтиб турибди. Атиги 1 миллион 937 минг АҚШ доллари қийматидаги хизматлар кўрсатилган, холос. Бунда ҳам асосий салмоққа транспорт хизмати, қурилиш, сафарлар ва молиявий хизматлар эвазига эришилган.

Дастлабки 4 ойда айнан нимани экспорт қила олдик? Бу ҳам қизиқиш уйғотмай қолмайди. Аввал деҳқончилик ноз-неъматларини кўриб боқсак. Ушбу фурсатда хорижий мамлакатлар биздан 4986 тонна пиёз ва саримсоқпиёз харид қилишган. Натижада 3 миллион 261 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта келиб тушган. Шунингдек, ўтган йилги ҳосилдан 721 тонна узум чет элликларга етказиб берилган. Янги ҳосил - карамга ҳам кўп харидор топилган. Қиймати 2 миллион 215 минг АҚШ долларилик 4371 тонна маҳсулот ташқи бозорга чиқарилган. 700 тоннадан кўп сабзи, 2 минг тоннага яқин бошқа мева ва сабзавотлар ҳам хорижий мамлакатлар бозорларидан жой олган. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорларимиз қарийб 3,5 миллион дона тухумни четга сотишган.

Қирғизистон (38,6 фоиз), Қозоғистон (16,3 фоиз) ва Россия (14,1 фоиз) воҳамизда пишиб етилган сархил мева-сабзавотларнинг асосий харидорлари сифатида намоён бўлади. Ўтган йилнинг мос давридан фарқли равишда, жорий йилнинг тўрт ойида камёб ҳол кузатилган, яъни Болгария, Кипр, Грузия, Жанубий Корея, Польша, Руминия, Покистон сингари ўлкаларга қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари етказиб берилган. Экспорт қилинган маҳсулот ҳажми камроқ бўлса-да, бу бозорларнинг ҳам аста-секин забт этилаётган кишини хурсанд қилади.

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!