Меню
Қашқадарё
ХОНТЕПА МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ –
"Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" шиори остида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Қурбонов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзини ўзи бошқариш органларининг ташкилий асосларини такомиллаштириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлашди.
Қайд этиш ўринли, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли бажариш тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимдан катта билим ва тажрибани, фидойилик ва юксак маъсулиятни талаб этади.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичида ана шу талабларга тўла мос келадиган йиғинлар фаолияти, хусусан, маҳалла ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида эришилган ютуқ ва натижалар, жамоатчилик комиссиялари иши юқори баҳолангани аҳамиятли.
Танловнинг вилоят босқичида иштирокчиларнинг ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлиги, ёшлар тарбияси, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш каби йўналишларда амалга ошираётган ишлари, маҳалла институтига оид қонун ҳужжатлари билан боғлиқ билими ва маҳалла ҳудудида дуч келинаётган турли муаммолар ечимини топиш бўйича тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу асосда Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалла фуқаролар йиғини энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, деб топилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Косон туманидаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ва Касби туманидаги Муғлон қишлоқ фуқаролар йиғинига насиб этди.
Ғолиблар диплом ва "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг фаолиятига оид фотоальбомлар, плакат ва стендлар, ҳунармандчилик ишлари, миллий либослар кўргазмалари ҳам намойиш этилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА