Меню
Қашқадарё
Хонаки топишмоқ: ФЖШМҚМИ НИМА?
Хўш, ФЖШМҚМИ дегани нима бўлди? Қизиғи, кўп номларни ўзига қулай тарзда мослаб оладиган халқ тилида ҳам унинг бошқа муқобили учрамайди. Чунки унинг департамент ёки "районо" каби ҳаётимизда айтарли таъсири, ўрни йўқ. Аслида бу аббревиатуранинг ёймаси Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти бўлиб, вилоятда унинг ҳудудий бўлинмаси ҳам фаолият кўрсатадики, улар ҳақида соҳага алоқадор кишилар билмаса, бошқаларнинг бохабарлигига ишониш қийин.
Ваҳоланки, Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги "Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ушбу институт фаолиятининг асосий йўналишлари келтирилган. Ушбу вазифалар қамровига назар ташларкансиз, улар ҳазилакам эмаслигига амин бўласиз.
Хусусан, халқ билан очиқ мулоқот ҳолати ва ривожланишини чуқур ўрганиш, давлат органлари фаолияти очиқлиги, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари кўриб чиқилишининг тизимли мониторингини йўлга қўйиш, аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир этувчи омилларни аниқлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа масалаларни ечишдаги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги иштироки таҳлилини амалга ошириш мазкур институт зиммасидаги вазифалар саналади.
Қолаверса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ривожланишини мониторинг қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятини танқидий ўрганиш, ёшларга таълим бериш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга оид лойиҳаларни мониторинг қилиш, рақобатдош кўп партияли тизимнинг ривожланиш даражасини ўрганиш, сиёсий партиялар томонидан ўз электорати манфаатлари йўлида амалга оширилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан ҳам айнан шу институт зиммасига катта масъулият юкланган.
Эҳ-ҳе, дейсиз беихтиёр. Бугун институт ҳудудий бўлинмасида бор-йўғи 4 киши (2 ўрин вакант) фаолият кўрсатиб турган, айтишларича, уларнинг ҳам айримлари қандайдир дастурлар ижроси сабаб 3 ойлаб туманларда юрган ва ҳудудий бўлинма биноси одатда ҳувиллаб ётадиган бир чоғда белгиланган вазифаларнинг қай бирини бажаришга улгуришаяпти экан?
Дейлик, давлат органлари фаолияти очиқлиги масаласи. ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмасидан маълум қилишларича, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун ижроси ўрганиб чиқилганда, маҳаллий ҳокимликлар веб-сайтида жонланиш, ахборотлар мунтазам равишда янгиланиб бориши кузатилган.
Чамаси бўлинмадагилар маҳаллий ҳокимликлар веб-сайти билан таниш эмас кўринади. Чунки бир неча йилдан бери ўнлаб ҳокимликлар сайтлари ишламай ётган, ишлаётганларига эса ҳар замонда шунчаки бирор хабар номига жойлаштириб қўйилаётган бир пайтда уларда жонланиш кузатилаяпти, дейиш нимани англатади?
Гапимиз қуруқ бўлмасин, ишлаб турган сайтлардан бири - Миришкор тумани ҳокимлиги веб-сайтидаги охирги маълумот шу йилнинг 7 август санасида жойлаштирилган бўлса, Нишон тумани ҳокимлиги сайти 2017 йил 2 июндаги "Ҳаёт ҳаракатдан иборат" номли хабар билан "ҳаракатсиз" қолган, яъни сайт бир ярим йилдан бери янгиланмайди. Қолган аксар маҳаллий ҳокимликлар сайтига эса кириш имконсиз.
Шундай экан, қандай қилиб ҳокимликлар сайтида жонланиш бор, деб бўлади? Ҳудудий бўлинма томонидан қай тариқа мониторинг ўтказилган, буниси қоронғи, аммо ундан ҳеч қандай натижа бўлмагани очиқ-ошкор кўриниб турибди.
Ёки бўлинма ўрганиши керак бўлган масалалардан бири - аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир этувчи омилларни олайлик.
Ҳеч кимга сир эмас, шу кунларда аҳолининг ижтимоий кайфиятига энг кўп таъсир кўрсатаётган омил бу - нарх масаласи. Айниқса, у ўзбошимчалик билан белгилаб олинган бўлса, эътирозлар янада кўпаяди. Демак, орага кимдир кириб, нарх-навони ўрганиши, таҳлил қилиб, натижасини тегишли мутасаддиларга тақдим қилиши керак. Яъни юзнинг қийшиқлигидан огоҳлантирувчи кўзгу бўлиши керак кимдир.
Масалан, шу йилнинг 16 ноябридан газ нархи ошгани баҳона қилиниб, вилоят миқёсида йўлкиранинг сунъий равишда оширилгани кузатилди. Бу аҳоли кайфиятига таъсир этдими? Этди. Буни ўрганиш керакми? Керак. Ҳудудий бўлинмадагилар-чи, улар ҳам мазкур жараённи таҳлил қилиб кўрса бўладими?
- Йўқ, - дейди ҳудудий бўлинма раҳбари Даврон Кесимов. - Чунки ўрганиш учун бизга юқоридан кўрсатма бўлиши керак. Биз ўзимизча ўрганиб кета олмаймиз. Топшириқ марказий аппаратдан келади, уларга эса топшириқ қаердан бўлишини ўзингиз биласиз.
Қизиқ, вилоятда аҳолининг катта қисмини қийнайдиган муаммо юзага келсаю, шуни ўрганиб, таҳлил қилиши керак бўлган идора юқоридан топшириқ кутиб ўтирса? Буни қандай тушуниш керак? Шу ўринда бир савол: вилоятдаги аҳволни шу ердагилар биладими ё марказий аппаратдагилар? Қуйида муаммо борлиги айтилмаса, қандай қилиб юқоридан топшириқ бўлсин? Нима энди Қашқадарёда газ нархи, йўлкира сунъий равишда оширилгани қачон марказий аппаратга етиб бораркан деб кутиб ўтириш керакми? Ташаббус кўрсатиб, мониторинг ўтказишга ким тўсқинлик қилади? Қолаверса ўрганаман деса аҳоли кайфиятига таъсир этувчи бошқа омиллар йўқ дейсизми?
Хўш, ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмасидагилар нима билан банд ўзи?
Бўлинма маълумотларига таянадиган бўлсак, шу йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда мурожаатлар билан ишлаш ва яраштириш комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 4 маротаба (!) (вилоятда 700 дан зиёд маҳалла мавжуд) семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилган. "Фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўналтириш", "Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш" каби сиртдан ялтироқ кўринувчи мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилган (улардан қандай натижа бўлганини "мардикор бозор"лари ва бир масала бўйича юзлаб ариза йўллаётган ёки Алининг ҳақини Валидан талаб қилаётган кишилар тимсолида кўриб турибмиз).
Шунингдек, телевидениеда мурожаатлар бўйича, радиода "Фуқаролик жамияти институтлари демократик ислоҳотларнинг янги босқичида" мавзусида чиқишлар қилинган (мавзу номининг ўзиёқ у ҳисобот учунлигини, халққа ҳеч нарса бермаслигини кўрсатиб турибди).
Вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими ҳамда бандлик бошқармаларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ўрганилиб, таҳлил жараёнларида мурожаатларни кўриб чиқишда қонунда белгиланган муддатларга амал қилиниши, сайёр қабулларга эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилган.
Ўз навбатида тиббиёт, таълим, солиқ, хусусий уй-жойлар мулкдорлари ширкати ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга аҳолининг муносабатини ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни аниқлаш мақсадида социологик сўровлар ўтказилиб, уларда 300 нафардан ортиқ респондент қатнашган.
Хуллас, шу ва шунга ўхшаш гаплар. Юқорида институт вазифаларини айтдик. Улар қай даражада бажарилаётганини эса кўриб турибсиз. Энди бир ўйлаб кўринг. Бу қилинган ишлар бир идора учун кўпми ё кам? Етарлими ё йўқ? Солиштириш учун бир мисол: уч кун аввал мақола тайёрланиши муносабати билан ижтимоий тармоқдаги саҳифада сўровнома ўтказдик. Қисқа муддатда 100 дан зиёд киши мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини баён қилди ва жараён ҳали-ҳануз давом этмоқда.
Қарангки, ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан йил давомида (!) ўтказилган социологик сўровда 300 киши қатнашибди. Наҳотки шугина рақам билан бутун бошли аҳолининг фикрини ўрганиб бўлса? Қолаверса, бу 300 киши кимлар, ҳақиқатда сўровда қатнашганми, нуқтаи назарини тўла-тўкис ифода этиб бера олганми, буниси ҳам ноаён.
Шундай экан, эскирган бир услубда, мажлис ўтказиб, фақат ҳисоботлар учун ишлайдиган, юқоридан топшириқ кутиб ўтирадиган идоранинг кимга кераги бор? Балки энди тушунаётгандирсиз ФЖШМҚМИни нега кўпчилик "танимаслиги" сабабини?
Ҳолбуки қайсидир ташкилот учун жамоатчиликнинг фикри қизиқ бўлса, зарур масала ижтимоий тармоққа жойлаштирилса кифоя. Минглаб киши муносабат билдиради. Сўровми, тадқиқотми, бемалол ўтказаверасиз. Камига юқорининг кўрсатмаси ҳам шарт эмас.
Тўғри, аввал йўли тўсилган кўп масалалар ФЖШМҚМИ томонидан кўтарилгани учун уларнинг фаолияти қизиқдай эди, аммо ҳозир фуқаролик жамияти шаклланиши даражасини жамиятнинг ўзи белгилаб бераяпти. Бунинг исботини ижтимоий тармоқларда кўтарилган ва шу асосда ташкил қилинган текширишлар, назорат тадбирлари мисолида кўрса бўлади.
Демак, институт ва унинг ҳудудий бўлинмаси ҳам ўз ишини ижтимоий тармоқларга "кўчириши" керак. Чунки бу ҳар томонлама самарали: сўров ўтказаман, деб қоғоз йўқотилмайди, мажлис қилиб одамларнинг вақти ўғирланмайди, ким қандай фикр билдиргани эса тармоқ лентасида акс этади. Энг муҳими, одамларни алдаб бўлмайди. Дейлик, ижтимоий тармоқда бир масала юзасидан сўров ўтказилиб, ҳамма салбий фикр билдирса, бўлинма "респондентларнинг муносабати ижобий" деёлмайди. Содда айтганда, қозонда бори чўмичга чиқади. Асосийси, бари халқ кўз ўнгида бўлади. Шунда кишилар ФЖШМҚМИ қандай идора эканини била бошлайди.
Ўйлаб кўринг, аллақандай "ўрганиш"лар, вазиятни ўнгламайдиган мониторинглару аҳолининг катта қисми умуман бехабар сўровлар фуқаролик жамияти ривожида бирор ўзгариш ясаши мумкинми?
Б.ЎКТАМ