Меню

Қашқадарё

10.03.2022 1402

Хом ашёлар нархлари ўсиши дунё иқтисодиётига зарба бўлади

Украинада давом этаётган ҳарбий ихтилоф Европадаги иқтисодий ўсишни ҳам хавф остига қўяди. Moody's халқаро рейтинг агентлиги жаҳон иқтисодиёти хом ашёлар нархлари зарбаси ва Россияга қарши киритилган санкциялардан жабр кўради, деб ҳисобламоқда.

Россия ва Беларусь Ғарб санкциялари таъсирини ўзига тўғридан-тўғри қабул қилади. Ушбу жазо чораларининг салбий оқибатлари улар билан ишлаётган хорижий компаниялар фаолиятида ҳам билвосита акс этиб, жаҳон иқтисодиётида домино эффектини юзага келтиради.

Нарх зарбаси қадрсизланиш (инфляция) босимини кучайтиради. Хом ашёлар, жумладан, алюминий, платина, мис ва палладий каби металлар нархлари аллақачон кескин ўсган.

Модомики, ишлаб чиқарувчилар шу боис ортиб бораётган харажатлари ўрнини истеъмолчилар ҳисобидан қоплашни бошлар экан, харидорлар маҳсулотлар нархлари ошиши ҳодисаси билан тўқнашади, дея қайд этади рейтинг агентлиги.  

Россия ва Украина неон ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди (25 фоиз), бу элемент эса микрочиплар тайёрлашда асосий компонент (таркибий қисм) ҳисобланади. Демак, ҳарбий ихтилоф ярим ўтказгичлар тан-қислигини янада кучайтириши мумкин.

Буғдой нархи кескин ошди, соя дони ҳам қимматлади. Минерал ўғитлар баҳоси ўсаяпти. Нархлар ўсиши билан бир вақтда озиқ-овқат инфляцияси даражасининг ортиши айрим мамлакатларда ижтимоий тарангликни кучайтириши мумкин, дея ҳисоблайди агентлик экспертлари.

Халқаро молия бозорида таранглик кучаймоқда. Геосиёсий ноаниқлик, хом ашёлар нархлари ўсиши, санкциялар қатъийлашуви ва бизнес учун шароитнинг ёмонлашуви бозорларга салбий таъсир ўтказади. Ана шу омилларнинг барчаси ликвидлиликка жиддий ва давомли босимни келтириб чиқариб, жаҳон капитал оқимларига қарам бўлган мамлакатлар учун ташқи инвестицияларни жалб қилиш шароитларини ёмонлаштириши мумкин, дея хулоса қилади Moody's.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!