Меню

Қашқадарё

21.02.2020 1681

ХОМ АШЁ СОТИШДАН - ТАЙЁР МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШГАЧА

Ривожланиш стратегияси

Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган "Kesh Anvarova Ohuda" хусусий корхонаси 1999 йилда иш бошлаган. Йигирма йил давомида тоғ тошини майдалаб, уни хом ашё сифатида қайта ишлаш корхоналарга етказиб бериш билан шуғулланган бу кичик бизнес субъекти яқинда қурилиш материаллари бозорига тайёр маҳсулотлар тақдим этишни ҳам бошлади.

- Бу лойиҳани амалга оширишни бир неча йилдан буён ўйлаб юргандик, - дейди корхона иш бошқарувчиси Анвар Бердиев. - Ўтган йили тижорат банкидан 400 миллион сўм кредит олиб, Хитойдан зарур асбоб-ускуналарни харид қилдик. Улар ёрдамида гипс ва оҳакни қайта ишлаб, ҳозир анча харидоргир бўлган маҳсулотлар - қурилишда ишлатиладиган бўр ва шпатлёвка ишлаб чиқараяпмиз.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, фақат айрим турдаги химик қўшимчаларни ҳисобга олмаганда, қолган хом ашё тўлиқ ҳудуддаги тоғ-кон корхоналаридан харид қилинади. Бу эса маҳсулот таннархининг ошиб кетмаслигини таъминлаяпти.

Айни пайтда корхонада ойига 400 тонна хом ашё билан биргаликда, 100 тоннадан ошиқ тайёр маҳсулот ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Тадбиркорнинг эндиги мақсади эса лойиҳани янада кенгайтириб, тайёр маҳсулотлар тури ва салмоғини бир неча баробар кўпайтиришга қаратилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!