Меню

Қашқадарё

27.10.2023 8359

Хитой яна Қашқадарёнинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди

Долзарб статистика

Жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, вилоятимиз ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга мамлакатлар орасида биринчи ўринни Хитой Халқ Республикаси эгаллади. Ушбу давлат ҳиссасига Қашқадарё чет эллик ҳамкорлар билан қилган жами олди-сотдиларнинг қарийб бешдан бир қисми тўғри келди.

Вилоят статистика бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими томонидан тайёрланган шарҳда қайд этилишича, шу йил январь-сентябрь ойларида вилоятимиз ташқи савдо айланмаси ҳажми 463 миллион 630,1 минг АҚШ долларига етди ва 2022 йилнинг тегишли даврига нисбатан 48 миллион 866,5 минг долларга ёки 11,8 фоизга кўпайди. Мутахассисларнинг изоҳига қараганда, бундай ўсишга вилоятда “сўнгги йилларда экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш ва умуман олганда ташқи савдо мувозанатини таъминлаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида” эришилди.

-  Қашқадарё вилояти жаҳоннинг 72 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда, - дейилади статистика бошқармасининг пресс-релизида. – Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикаси (19,4 фоиз), Туркия (17,5 фоиз), Россия Федерацияси (15,4 фоиз), БАА (7,4 фоиз), Қозоғистон (6,3 фоиз),  Покистон (3,8 фоиз) ва Латвия (3,4 фоиз)га тўғри келмоқда.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 2020 йилда Қашқадарёнинг ташқи иқтисодий ҳамкорлари орасида яққол етакчилик қилган  Хитой Халқ Республикаси 2021 йилда бу борадаги биринчи ўринни Туркияга бўшатиб берди, ўтган йили эса Туркия ва Россиядан кейинги учинчи ўринга тушиб қолди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида вилоятимиздан Осмоности мамлакатига қилинган экспорт ҳажми ўтган йилнинг тегишли даври билан таққосланганда 2,3 баравар ўсиб, асосан тўқимачилик маҳсулотлари экспорти эвазига 30 миллион доллардан ошди. Қашқадарёга Хитойдан қилинган импорт ҳажми 10 фоизга камайиб, 59 миллион 682,7 минг долларни ташкил этган бўлса-да, ушбу мамлакат воҳамизга маҳсулот етказиб берадиган энг йирик импортёр мавқеини сақлаб қолди.

Қашқадарёнинг Хитой билан ташқи савдо айланмаси шу йил январь-сентябрь ойларида 13,3 фоизга кўпайган бўлса, воҳамиз ва Туркия ўртасидаги савдо олдинги йилнинг тегишли даврига нисбатан кескин (25 фоизга) тушиб кетди. Бунда вилоятимиздан экспорт ҳажми 18,4 фоизга қамайган бўлса, Туркиядан импорт ҳажми 46,7 фоизга қулади.

Воҳамизнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан яна биттаси – Россия билан ташқи савдо айланмаси ҳажми тўққиз ой давомида бирйўла ҳам экспорт (11,7 фоизга), ҳам импорт (3,8 фоизга) ҳажмларининг ортиши эвазига 71,3 миллион долларга яқинлашди.

 Прогнозларга кўра, жорий йилда вилоятимиз расмийлари ва тадбиркорларининг Хитой ва Россияга қилган самарали ташрифлари ҳамда хитойлик мутасаддилар ва ишбилармонлардан иборат делегацияларнинг воҳамизга бизнес-форумларда иштирок этиш ва музокаралар олиб бориш учун  келгани яқин келажакда ушбу мамлакатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларимиз янада кенгайиши учун замин яратади.

Жорий йил январь-сентябрь ойиларида вилоятимиздан экспорт қилинган маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 299 миллион 202,2 минг доллар (2022 йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати – 34,7 фоиз), импорт ҳажми эса 164 миллион 427,9 минг доллар (камайиш – 14,6 фоиз)ни ташкил этиб, ташқи савдо айланмаси ижобий сальдоси 134 миллион 774,3 минг долларга етди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!