Меню

Қашқадарё

24.02.2022 400

Хитой Америка ҳарбий-саноат компанияларини жазоламоқчи

Хитой ҳукумати АҚШнинг Тайванга қурол сотиш қарорига жавобан Lockheed Martin ва Raytheon Technologies компанияларига нисбатан санкция жорий қилади, дея баёнот берган мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбин идора томонидан ташкил этилган брифингда.

"ХХР суверенитети ва манфаатлари хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда хорижий санкцияларга қарши кураш тўғрисидаги қонун талабларидан келиб чиқиб, мамлакат ҳукумати узоқ вақтлардан буён Америка қуролларини Тайванга етказиб беришда иштирок этиб келаётган Lockheed Martin ва Raytheon Technologies ҳарбий-саноат компаниялари ҳаракатларига жавобан зарур чоралар кўришга қарор қилди", деган дипломат.

Унинг қайд этишича, Тайванга қурол сотиш "ягона Хитой" тамойилига мутлақо зид бўлиб, ХХР суверенитети ва манфаатлари хавфсизлигига, Пекин ва Вашингтон муносабатларига, шунингдек, Тайван бўғози ҳудудидаги тинчлик ва барқарорликка жиддий зарар етказади.

"Хитой бундай ҳаракатларни қаттиқ қоралайди ва қатъий қарши чиқади", дея қўшимча қилган Ван Вэньбин.

Айни вақтда расмий вакил санкция айнан қандай кўринишда бўлиши ва қачондан амал қилишига аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Хитой марказий ҳукумати ва Тайван ўртасидаги расмий алоқалар 1949 йилда барҳам топганига қарамай, мамлакат оролни ўз ҳудудининг ажралмас қисми деб билади. Икки томонлама ўзаро ишчи ва норасмий мулоқотлар 1980-йиллар охирида қайта тикланган, расмий Пекин Тайваннинг бошқа давлатлар билан тўғридан-тўғри алоқаларига қизғаниш билан қарайди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!