Меню
Қашқадарё
ХИРУРГИЯ МАРКАЗИ ФИЛИАЛИ 3,5 МИЛЛИАРД СЎМЛИК АППАРАТ ВА ЖИҲОЗЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ
Тиббиёт истиқболлари
Жорий йилнинг охиригача академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиали умумий қиймати 3 миллиард 471 миллион сўмга тенг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
Маълумки, жорий йил 4 октябрда мамлакат Президенти "Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди.
Мазкур ҳужжатга биноан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази - вилоят - туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш юртимизда хирургия хизматини трансформация қилишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, қарорга мувофиқ 2021 йилда хирургия маркази филиалларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 42,5 миллиард сўм маблағ ажратилади. 2022-2023 йилларда эса туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига бириктирилмаган 26 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 71,4 миллиард сўм йўналтирилади.
Ҳужжатнинг тегишли иловасида қайд этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг охиригача академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилояти филиали жарроҳлик жиҳозлари жамланмаси, ультратовушли скальпель (Harmonic), видео-лапароскопик аппарат, видеоэндоскопик ускуна (гастроскоп, бронхоскоп ва колоноскоп), биокимёвий анализатор, икки камерали вақтинчалик кардиостимулятор, соясиз шифтли жарроҳлик лампаси ва бошқа замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Филиални мазкур аппарат ва жиҳозлар ҳамда онлайн режимда маълумотлар узатиш имконини берадиган алоқа хизмати билан таъминлаш тенг улушларда республика бюджети ва вилоятнинг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига бириктирилмаган Миришкор тумани тиббиёт бирлашмасининг хирургия, анестезиология-реанимация бўлими эса 2022 йилда умумий қиймати 2 миллиард 745 миллион сўмга тенг 15 номдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Улар орасида хирургия маркази филиалида ўрнатиладиган айрим аппаратлар билан бир қаторда биполяр электрокоагулятор, центрифуга, автоклав, лаборатория тарозиси, электр қуритгич каби жиҳозлар ҳам бор. Яна бир йилдан сўнг худди шундай асбоб-ускуналар Деҳқонобод тумани тиббиёт бирлашмасига ҳам етказиб берилади.
Президент қарори билан Хирургия хизматини 2021-2023 йилларда трансформация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган экан, унга ҳудудлар ҳамда туман ва шаҳарлар даражасида хирургик амалиётларнинг янги турларини (лапароскопик, торакоскопик ва эндоваскуляр) ва даволаш усулларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, кам инвазив ва юқори технологик амалиётларни амалга оширишни услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш каби бандлар ҳам киритилган.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази умумий хирургия бўлими шифокори, тажрибали хирург Маҳманазар Пардаевнинг таҳририятимизга маълум қилишича, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиали у ишлаётган бўлим негизида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда филиални рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилаяпти.
Ўз мухбиримиз