Меню
Қашқадарё
ХАЗОН: КЎМСАНГИЗ – ОЗУҚА, ЁҚСАНГИЗ – ЗАҲАР
Чунки хазон ёқилганда одам учун хавфли бўлган барча зарарли моддалар ҳаво орқали инсон ўпкасига киради. Улар инсон организмида тўпланиб, нафас олиш органларида, кўз ва терида турли хил аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ўз навбатида атроф-муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, чала ёнган хазондан ажралган заҳарли тутун таркибида инсон соғлиғи учун зиёни кўп бўлган углеводород гази, азотли оксид мавжуд. Энг аянчлиси, кўкка ўрлаётган тутун ҳомиладор аёллар учун жуда хавфли. Келажак авлод соғлиғига у ҳали дунёга келмасданоқ путур етказади. Сил ва саратон касаллигига замин яратади.
Бир тонна хазон ёқилганда сизу биз нафас олаётган ҳавога 30 килограммгача углерод оксиди тарқалиши аниқланган. Оддийгина хазондан юзага келаётган хавф қанчалик катта эканини шундан ҳам билиб олиш қийин эмас. Чиқинди ва хазонларни ёқаётган юртдошларимиз ўз хатти-ҳаракатлари оқибатларини ўйлаб иш кўришса мақсадга мувофиқ бўлади.
Айни пайтда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан жойларда хазонни ёқмаслик бўйича “Барги хазон” экологик рейди ўтказилмоқда. Тадбир давомида хазонни ёқишдан кўра, уни тўплаб, кўмиш энг самарали усул экани, шунда хазон тупроқ учун ўта фойдали чириндига айланиб, ер унумдорлигини оширишда муҳим озуқа бўлиб хизмат қилиши айтилаётган бўлса-да, аммо барибир, айрим жойларда ёқилаётган хазоннинг аччиқ тутуни димоқни ачиштириб, кўнгилни беҳузур қилишига гувоҳ бўламиз.
Хазонни ёқаётган одам нафақат атроф-муҳитга, инсон саломатлигига, балки оилавий бюджетига ҳам катта зарар етказади. Чунки бундай хатти-ҳаракат учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланган.
Фан ва тажрибадан маълумки, хазонлар ер мадори, дарахт озуқаси ҳисобланади. Қуриган дарахт барглари бир жойга тўпланиб, дарахтлар остига ўра қазиб кўмилса, ерни кучлантиради, кейинги йил ҳосилига ҳосил қўшади.
Шундай экан, хазонни ёқиш табиат ва инсон соғлиғи учун катта зарар етказишини унутмайлик!
Носир ҲАЛИМОВ, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари