Меню

Қашқадарё

20.11.2020 2459

Хавфсиз овқатланиш бўйича "Беш калит дастури" қандай қоидалардан иборат?

Саломатлик сирлари

Президентнинг шу йил 10 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2020-2025 йилларда аҳолида соғлом овқатланиш одатини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 56 банддан иборат бўлса, улардан бири Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг хавфсиз овқатланишни таъминлаш бўйича "Беш калит дастури"ни тарғиб қилишга қаратилган.

 

ЖССТ инсон озиқ-овқат маҳсулотлари туфайли 200 дан ортиқ касалликларга чалиниши мумкинлиги ва дунёда бундай хасталиклардан ҳар йили  1,8 миллионга яқин одам вафот этишини ҳисобга олган ҳолда, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида хавфсиз таомлар тайёрлашнинг ўнта олтин қоидасини ишлаб чиққан эди.

Бироқ бу қоидалар кенг оммалашмагани боис ташкилот вакиллари айнан шу мавзуда содда тилда ёзилган ва  барча фойдаланиши мумкин бўлган қўлланмани ишлаб чиқишга ҳаракат қилишдан тўхтамадилар. Ва ниҳоят 2001 йилда ЖССТ мутахассислари  салкам бир йил давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг "Хавфсиз овқатланишнинг бешта энг муҳим тамойили" плакатини яратишди ва унда барча "олтин қоидалар"ни оддий сарлавҳалар остида, осон эсда қоладиган тарзда баён этишнинг уддасидан чиқишди. Ундаги бешта тамойил қуйидагилардан иборат: биринчиси - тозаликка риоя қилинг; иккинчиси - хом маҳсулотни тайёр таомдан алоҳида қўйинг; учинчиси - маҳсулотларга астойдил термик ишлов беринг; тўртинчиси - озиқ-овқатни хавфсиз ҳароратда сақланг;  бешинчиси - хавфсиз сув ва хавфсиз хом ашёдан фойдаланинг.

"Беш калит дастури" акс этган плакат 40 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. Ҳозир ундан бутун дунёда ЖССТнинг озиқ-овқат гигиенаси жабҳасидаги ғоялари тарғиботи учун кенг фойдаланилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!