Меню
Қашқадарё
ХАВФСИЗ ХИЗМАТ, НАРХИ ҲАМ ЧЎНТАКБОП
Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу каби ишлар рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу қарор ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Яқинда вилоят ҳокимининг “Қарши шаҳри аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатилишини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу ҳужжат воҳа марказидаги энг серқатнов маршрутлардан бири ҳисобланган ўша 1-йўналишда йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш, қатновларни тартибли асосда ташкил қилишни назарда тутади.
Президент қарори ва ҳоким фармойиши талабларидан келиб чиқиб, ўтган қисқа муддатда “Темир йўл” шоҳбекатидан “Ерқўрғон” бозоригача бўлган ушбу йўналиш бўйича 40 дан зиёд автобуснинг мунтазам қатновни амалга ошириши таъминланмоқда.
- Дарҳақиқат, бу йўналишда транспорт хизматидан фойдаланувчи йўловчилар кўп, чунки асосий ташкилот ва идоралар, кўп қаватли аҳоли турар жойлари Ўзбекистон кўчаси бўйлаб жойлашган, - дейди вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси техника назорати бўлими бошлиғи, подполковник Дилмурод Камолов. – Бу эса тегишли лицензияга эга бўлмасдан йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошираётган кўплаб ҳайдовчилар учун ноқонуний даромад манбаи бўлиб келаётганди. Улар йўлнинг исталган жойида тўхтаб, одам чиқариб олишни, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланишни одат тусига айлантириб олишганди. Бу йўловчи ва пиёдалар учун ҳам хавф туғдириб келаётганди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўтган йили айнан Ўзбекистон кўчасида “Дамас”чилар иштирокида 19 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. 12 ҳолатда ҳайдовчи пиёдани уриб юборган. Боз устига ушбу йўналишда юрадиган белгиланган тартиб-қоидаларга кўра “Дамас”чиларнинг қайсида йўловчи ташиш фаолияти учун рухсатнома бор, 3 йиллик стажга эгами, йўналишга чиқишдан олдин унинг ўзи тиббий кўрикдан, улови эса техник кўрикдан ўтказилганми, назоратга олиш жуда қийин эди.
Ростдан ҳам, 1-маршрутда юрган ва машина бошқаришни бошлаганига ҳеч қанча бўлмаган, тайини йўқ, уловни билганича юргизадиган ёш-яланг, учар “Дамас”чиларга ҳаётимизни ишониш қийин эди. Автобуслар қўйилиши билан кечагина энг бетартиб йўналиш ҳисобланган “1” сокинлашиб қолди. Унда соат эрталабки 7 дан кеч 8 гача қатновни амалга ошираётган автобусларга фақатгина бекатларда тўхтаб йўловчи чиқариш, бунда ҳаракат жадвалларига қатъий амал қилиш белгиланди, бу борадаги ишлар ҳар жиҳатдан тартибга солинди.
- Ушбу йўналишнинг бир томонлама кетма-кет ҳаракатланаётган икки автобуснинг қатнов вақти орасидаги фарқ 2 дақиқадан ошмайди, - дейди “Шарофиддин Нурилло” МЧЖ раиси Нарзулла Намозов. – Бу дегани, йўловчи автобус келишини кўп кутиб қолмайди. “Исузу” русумли бу автобуслар ўртача 35 нафар кишини ташишга мўлжалланган. Қолаверса, йўналишнинг бошланиш ва охирги нуқтасида нозимхона фаолияти ташкил қилинган. Нозим йўналишга чиқаётган автобусни рўйхатга олади, қатнов суръатини мувофиқлаштиради. Ҳар бир чорраҳада турган назоратчилар эса нозимхона вакилларига йўналишдаги аҳвол ҳақида маълумот бериб боради. Шу тариқа куннинг энг тиғиз пайтларида ҳам йўловчиларга қониқарли хизмат кўрсатиш кафолатланади. Айни вақтда кира нархи 500 сўм этиб белгиланган. Мавжуд эҳтиёжни ҳисобга олиб, келгусида автобуслар сонини кўпайтирмоқчимиз.
Албатта, бу каби янгиликлар аҳолига кенгроқ қулайлик яратаётгани, уларга сифатли хизмат кўрсатилиши таъминланаётгани билан муҳимдир.
- Ишхонам, фарзандларим таҳсил оладиган коллеж Ўзбекистон кўчасида жойлашган, - дейди Қарши шаҳрилик Гулчеҳра Пўлатова. – Бу йўналишда автобус юра бошлагани бизга ўхшаган инсонларга анча енгиллик берди. Яна “Дамас”дагидек юрак ҳовучлаб ўтирмаймиз. Негаки, бу транспорт воситаси ҳаётимиз учун хавфсиз. Авваллари йўл ҳақи учун кунига ўртача 6 минг сўмдан сарфлардик. Эндиликда харажатлар 2 баробар камайди. Бир ойда анча пул тежаб қоламиз.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлимининг маълумотларига кўра, 2017-2021 йилларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни янада яхшилаш бўйича яна бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгилаб олинган. Хусусан, тегишли даврда вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқларида автобусларда йўловчи ташишни такомиллаштириш мақсадида 16 та янги йўналиш ташкил этилади. Бунинг учун қўшимча 287 та янги автобус сотиб олиниши мўлжалланган. Ушбу муддатда ҳудудда 3 та янги автостанция қурилса, мавжуд 3 таси реконструкция қилинади. Шунингдек, жамоат транспортида йўл ҳақини нақдсиз тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Шу мақсадда автобуслар махсус электрон қурилмалар билан жиҳозланади, тўловни амалга ошириш воситаси ҳисобланган электрон карталарни сотувга чиқариш режалаштирилган. Бу тадбирлар аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.