Меню
Қашқадарё
ХАТДА АКС ЭТАР ҲАЁТ
Шаҳрисабзлик Динора Алиева бизга йўллаган мақола Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган. “Ислом Каримов – буюк давлат асосчиси” сарлавҳали мақолада Буюк Йўлбошчининг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти, унинг раҳбарлигида мамлакатимизда нисбатан қисқа даврда амалга оширилган оламшумул ишлар ҳақида сўз боради. Жумладан, мақолада шундай фикрлар келтирилган:
“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришнинг энг асосий тамойилларидан бири – қонун устуворлигидир. Ислом Каримов қонун устуворлигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қилар экан, қуйидаги фикрни билдиради: “Қонун устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг принципидир. У ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Ҳеч бир давлат органи, ҳеч бир хўжалик юритувчи ва ижтимоий-сиёсий ташкилот, ҳеч бир мансабдор шахс, ҳеч бир киши қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос бўлиши мумкин эмас”.
Дарҳақиқат, Ислом Каримов Ўзбекистон халқи учун энг қадрли сиймолардан. Унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар эртамиз учун мустаҳкам пойдевор бўлгани, мамлакатимиз тараққиётига улкан таъсир кўрсатгани ҳаммамизга аён ҳақиқатдир. Бу буюк сиймонинг хотираси олдида эса ўзбек халқи ҳамма вақт таъзим қилади.
Қарши шаҳрилик Ситора Жўрабоева таҳририятимизга йўллаган мақола эса “Мустақиллик ва миллий тарбия” деб номланган. Унда муаллиф истиқлол йилларида миллий тарбия масалаларига қаратилган эътибор, ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол шахслар этиб тарбиялашда миллий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этган. “Мустақил Ўзбекистон давлатининг порлоқ келажагини таъминлаш масъулияти собиқ шўро тарбия тизимидаги йўл қўйилган хатоликларни бартараф қилиш ва Ватан талабларига мос, ижобий тарбияланган комил инсонларни вояга етказиш масаласини олдимиздаги долзарб масала қилиб қўйди”, деб ёзади муаллиф. Давомида эса истиқлолнинг илк йиллариданоқ ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратилгани, унинг камолоти учун яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг қонуний асослари тўғрисида сўз боради:
“Ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгиланди. Бу борада белгилаб олинган стратегик мақсадларнинг асосий тамойиллари эса Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда ушбу соҳага тегишли 22 та қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланди...”
Албатта, юртимизда ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятларга бошқа давлатдаги ўғил-қизлар ҳавас қилади. Шу шароитлардан унумли фойдаланган кўплаб йигит-қизларимиз бугунги кунда Ватан шарафини кўкларга кўтараётгани, жаҳон бўйлаб Ўзбекистон нуфузини ошириш учун ҳисса қўшаётгани барчамизни қувонтиради.
Аммо глобаллашув даври биздан ёшларимизни турли маънавий таҳдидлар, турли ёт ғоялар таъсиридан асрашни ҳам талаб қилади. Бу – барчамизнинг зиммамиздаги долзарб вазифа. Қарши тиббиёт коллежи ўқувчиси М.Ҳамзаева таҳририятимизга йўллаган мактубида ёшлар маънавияти, хусусан, ёш қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган ёт омиллар хусусида сўз юритган. Ўз тенгдошларининг пардоз-андозга ружу қўйгани ҳақидаги кузатувларига асосланиб, муаллиф шундай ёзади:
“Ўсма ва сурманинг фақат рангига тақлид қилувчи, аммо унинг табиий жиҳатларига умуман зид келадиган пардоз воситалари теримизни даволаш учун хизмат қилмайди... Унутмаслик керакки, бора-бора бу сунъийликка ўрганган гўзаллик ортида яширинган “оммавий маданият” сизни кишанлай бошлайди...”
Одоб-ахлоққа оид асарларда қиз боланинг асл чиройи унинг гўзал хислатлари, илму тарбиясида, инсоний фазилатларида эканлиги бот-бот таъкидланади. Бундай қиз оиланинг фахри, жамият безагидир. Қизлар маънавиятини миллий қадриятларимиз, момолар ўгити, донолар панди билан бойитиш уларнинг келажакда миллат тарбиячилари, аждодларига муносиб ворис бўлиб етишишларида муҳим аҳамиятга эга.
Таҳририятимизга келаётган мактублар орасида турли ташкилот-муассасалар фаолиятига бағишланган мақолалар, олиб борилаётган муҳим тадбирлар тўғрисидаги хабарлар ҳам бор. Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мухтор Гулов томонидан юборилган мақолада бошқарма фаолияти ҳақида сўз юритилган. “Вилоятдаги 30 дан ортиқ йирик корхоналардан ташқари 1700 га яқин кичик корхона, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари палата аъзоси сифатида ташкилот хизматларидан бепул фойдаланиб келмоқда, - дейилади мақолада. – Бундан ташқари, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси томонидан “Бошқарув кадрларни тайёрлаш (МТР)” лойиҳаси доирасида 1 ой давомида Европа давлатларида бўлиб ўтадиган стажировкалар, “Jika” лойиҳаси бўйича Японияда ўқиш имтиёзли равишда ташкил этилган”.
Бу каби тадбирлар юрт тараққиётига хизмат қилиши, тадбиркорлар ва ҳунармандларимизнинг фаолиятини янада ривожлантиришда кенг йўл очиб бериши билан аҳамиятли.
“Талимаржон ИЭС” унитар корхонаси ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси инспектори Ж.Мавлонов бизга корхонада ёнғин хавфсизлиги борасида олиб борилаётган тадбирлар ҳақида ёзиб юборган. Жумладан, корхонада жорий йилнинг 3-чораги мобайнида қуйидаги тадбирлар амалга оширилган:
“Объектда ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлмаганлиги, корхона ҳудудида ҳисобга олинган мавжуд 20 та масканнинг 14 тасида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш мақсадида қайта текширувлар ўз вақтида ўтказилган. Қўриқланаётган корхонанинг объектларида ёнғинга қарши ўрнатилган режимга қаттиқ риоя этилиши бўйича назорат кучайтирилган тартибда олиб борилади. Бу борада қонунбузарликка йўл қўйган 10 нафар мансабдор шахсга 1 миллион 497 минг 750 сўм маъмурий жарима чоралари қўлланган...”
Бу каби амалий чораларнинг корхоналарда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда аҳамияти катта.
Ижодга ошуфта кўплаб юртдошларимиз ўз ижодий намуналарини бизга йўллашган. Қамашилик ижодкор Турсунбой Боймировнинг “Ёдгорнинг ёзиғи” ҳикояси диққатимизни тортди. Мазкур ҳикоя чет давлатга ишлаш учун кетган турмуш ўртоғини кута-кута ҳаёт билан видолашган аёл ҳақида ёзилган. Унда шундай тасвирлар бор:
“Нурияни касалхонага ётқизганларига бир ойдан ошди. Жарроҳ Ўлжа бобони чақириб олиб, олдин сабр тилади. Тақдири азал, бандаси бошига ташвиш тушса, Аллоҳнинг иродаси эканини тушунтирди.
- Келинингизнинг бу дардга чалинганига камида уч-тўрт йил бўлган. Аммо ичига ютиб келган. Нима десам экан, қовурға туташган икки умуртқанинг суяклари чириган. Пойтахт ва вилоятдан малакали дўхтирларни чақиртирдик. Бугун ҳомиласини жарроҳлик йўли билан оламиз, бола етти ойлик экан...Ўғил. Исмини Ёдгор қўйинг...”
Қарши давлат университети талабаси Эъзоза Арзиеванинг таҳририятимизга йўллаган шеърларида ёш қалбнинг кечинмалари ўз ифодасини топган. Улардан бири шундай бошланади:
Кунлар ўтди, қўлга қалам тутмадим,
Ташвишларим ортди улғайган сарим,
Аммо сизни жуда соғиниб кетдим,
Қоғозларда қолиб кетган шеърларим...
Албатта, ижод – машаққатли иш. У истеъдод билан бирга тинимсиз меҳнат, ўқиш-изланишни ҳам талаб қилади. Эъзоза сингари ижодга ошно ёшлар мана шу талабларга жавоб беришга интилишса, келажакда яхши ижодкор бўлиб етишишларига шубҳа йўқ.
Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳар бир мактубни диққат билан ўқиймиз, синчиклаб ўрганамиз. Зеро, улар газетхонларимизнинг бизга бўлган меҳри ва эътиборидан далолат беради.
ТАҲРИРИЯТ