Меню

Қашқадарё

06.12.2019 1755

ХАТ ВА ҲАЁТ

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси.

Хат ва ҳаёт

 ОВОЗ БЕРИШ ҲУҚУҚИ ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНАДИ

Яқинда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасида сайлов тизимининг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 117-моддасида ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади" деб белгилаб қўйилган.

Сайлов - ҳуқуқий демократик давлатнинг узвий қисми. Демакки, фуқаролар бу жараёнда фаол иштирок этиб, мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиёти йўлида муносиб хизмат қиладиган номзодга овоз берадилар.

Ҳамид БОБОҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

 ОЛИМЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Турон фанлар академияси академиги, профессор, Қарши давлат университетида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган Шониёз Қурбонов, Англия, Франция, Бельгия, Италия, Финляндия, Ҳиндистон каби давлатларда бўлиб, бой билим ва тажриба тўплаган биология фанлари номзоди Абдулазиз Қурбонов ҳамда яна бир доцент Олим Каримовнинг мактабимизда бўлиши қувонарли воқеага айланди.

Бугун бу устозларнинг шогирдлари мамлакат ижтимоий-иқтисодий, илмий ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Устозларнинг ҳаётий ўгитлари, умр йўли ҳақидаги ҳикоялари мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларида катта таассурот қолдирди. Улар томонидан иқтидорли ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига тақдим қилинган китоблар ҳам аҳамиятли бўлди. Куй-қўшиқлар тадбирни янада шукуҳли этди.

Албатта, нуфузли олимлар иштирокидаги бундай учрашувлар ёшларда ўқиб-ўрганишга маёқ бўлиб, келгуси ҳаётини илм йўли билан боғлашда муҳим ўрин тутади.

Д.ҚОДИРОВА,

Косон туманидаги 32-мактаб директори ўринбосари

Д.БАРАТОВА, ўқитувчи 

БЕФОЙДА ЎТГАН ЁШЛИК - МУСИБАТ

Халқимиз азалдан бола таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиб келган. Хўш, бугун-чи? Эртанги кунимиз эгаларининг одоб-аҳлоқи, билим ва салоҳияти, маънавияти, бир сўз билан айтганда, тарбиясидан кўнглимиз тўлаяптими?

Айрим ёшларнинг юриш-туриши, айниқса, кийинишини кўриб, ўйланиб қоламан. Наҳотки шу қиз ёки йигит бизнинг фарзандимиз, бизнинг тарбиямизни олиб ўсган бўлса? Баъзи қизлар миллатимизга хос бўлмаган либосларни кийиб юришини асло оқламайман. Ахир кийинишда маданият, халқимизнинг қадим қадриятларига ҳурмат бўлиши керак. Бу борада кенг жамоатчилик, айниқса, оилада ота-онанинг назорати муҳимдир.

Бугун аксарият ёшларимиз бўш қолди дегунча дарров қўл телефони билан машғул бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади, ижтимоий тармоқлардаги турли-туман маълумотлар билан танишади. Бунинг нимаси ёмон, техника даври-ку, дея ўзимизни оқлашимиз мумкин. Лекин ёшларнинг уяли телефонга асир бўлиб қолаётгани борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Чунки бу энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бинобарин, интернет тармоқларида алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида тарқатилаётган турли маълумотларга айрим ёшларимиз осонгина ишонмоқда. Натижада оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олмай, кимларнингдир қурбонига айланиб қолаётганлари учраб турибди.

Шундай экан, фарзандларимизни соғлом, комил инсон этиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин.

Моҳидил ҲУСАНОВА

Ғузор туманидаги 10-мактаб ўқитувчиси

36 ТА ФАН ВА СПОРТ ТЎГАРАКЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН МАКТАБ

Президентимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янада ривожлантириш мақсадидаги бешта муҳим ташаббуси   доирасида Яккабоғ туманидаги Ғуржоб қишлоғида жойлашган  37-мактабда ҳам аниқ тадбирлар ва режалар белгилаб олинган.

Хусусан, ўқув йили бошида 28 та фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган бўлса, ҳозир яна 8 та янги тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Улардан айниқса, инглиз, она тили ва адабиёт, математика, информатика каби фанларга оид тўгаракларга қизиқиш катта.

Мактаб ҳовлисида "Устозлар хиёбони", "Мустақиллик боғи", "Филологлар боғи", "Китобсеварлар боғи" ташкил этилиб, номига мос равишда зарур ашёлар билан жиҳозланди. Бу боғларда тегишли фан ўқитувчилари дарс ўтишлари, ўқувчилар эса баҳс-мунозаралар олиб боришлари, ҳордиқ чиқаришлари, китоб ўқишлари мумкин.

Келгусида мўъжазгина "Ватанпарвар" боғини ташкил этиш режамиз бор. Унда республикамиздаги ҳар бир вилоятнинг аҳолиси, ҳудуди, географик ўрни, тарихий обидалари, буюк зотлари ҳақида қисқача маълумот, мамлакатимизнинг сиёсий харитаси ва муляжи, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани ва Ғуржоб қишлоғининг харитаси, шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз тўғрисида қисқача маълумот бериладики, ушбу кўргазмали воситалар ўқувчилар эътиборини тортиши шубҳасиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда, фарзандларимизни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, чинакам ватанпарвар, инсонпарвар этиб тарбиялаш барчамиз учун муҳим масалага айланмоғи лозим.

  Ибодулла ШОЙМАРДОНОВ,

мактаб директорининг маънавий-маърифий  ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари номзоди

ИЖТИМОИЙ РИВОЖЛАНИШ ВА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Чироқчи тумани ва Қарши шаҳрида "Тўй ва маросимларга муносабат" мавзусида сўровномалар ўтказилганда,  респондентларнинг  36 фоизи "ортиқча дабдаба", 32 фоизи "моддий сарф-харажатлар кўпайиб бормоқда", 14 фоизи "ўзининг бошқалардан устунлигини намойиш қилиш", 18 фоизи "ортиқча ташвиш" деган фикрларни билдиришган.

Аксарият тўйларимизга 500 дан 800 нафаргача одам айтилмоқда. Ундан ташқари, "куёв салом", "гул отиш", марказий йўлларда автомашиналарнинг турнақатор юриши, келин ва куёвнинг учрашувдан токи никоҳ базмигача бўлган жараённи оммага видеотасвирда намойиш қилиш (Love history), қудаларнинг у ёки бу нарсаларни олиб берсин, деган шартлари  миллий қадриятларимизнинг  "оёғини осмондан" қилиб юбораяпти.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан халқимизга йўлланган мурожаат шундай бир шароитда қабул қилинганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унга кўра, маънавий-маърифий тадбирларни изчил ташкил этиш, уларнинг таъсирчанлигини ошириш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ва юртдошларимизда ёмон иллатларга нисбатан муросасизликни шакллантиришга катта эътибор берилади. "Юқоридан - қуйига" тизими асосида ишни тўғри назорат қилиш йўлга қўйилади. Пировардида жойларда мутахассислар ва жамоат ташкилотлари ходимлари иш фаолиятини янада жонлантиришга эришилади.

Марказимиз учун мурожаатда кўтарилган масалалардан тааллуқли бўлмаган жиҳатнинг ўзи йўқ. Маънавий муҳит эса, шак-шубҳасиз, маҳалла билан боғлиқ. Энг оғриқли масала - тўйлар борасида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ўрганган ҳолда оилаларни мажбурлаш орқали эмас, аксинча барча эркин қабул қиладиган намунавий тўйлар тартиблари устида ўйлаяпмиз. Ахир, тўй ва маросимларни ўтказишда қарз кўтариб, ортиқча дабдаба эмас, ихчамлаштириб, никоҳланган ёшларнинг бахтли яшаши учун қайғуриш муҳимроқдир.

Латиф ҚАМБАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!