Меню

Қашқадарё

25.10.2019 1781

ХАТ ВА ҲАЁТ

Таҳририятимизга келаётган мактублар мавзуси ранг-баранг, уларда ижтимоий-сиёсий тадбирлар, давлат тили мақомини юксалтириш, дабдабали тўйлар, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишга даъват, фарзанд тарбиясига эътибор ва ҳоказолар акс этган. Нима бўлганда ҳам муштарийларнинг бизга ёзганлари доимий эътиборимизда.

 

ЙИЛЛАР ДАВОМИДА ҚИЙНАЛИБ ТОПГАН ПУЛИНИ КИМ БИР КУНДА ҲАВОГА СОВУРИШНИ ИСТАЙДИ?

Одамларнинг ўз турмуш тарзини гўзаллаштиришга ҳаракат қилиши ёмон эмас, албатта. Бироқ, дабдабали тўйлар, турли маросимларга сарф бўлаётган маблағнинг хўжакўрсинга ишлатилаётгани ташвишланарли. Менимча, бундай кимўзар тўйлар ва  маросимларга ҳавас маънавий эҳтиёж эмас, манманлик ва бошқалардан қолиб кетмасликка уринишдир.

Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 1 январидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар маълум тартиб асосида ўтади. Бу бўйича назорат маҳаллий Кенгашлар депутатлари, МФЙ раислари, ички ишлар профилактика инспекторлари зиммасига юкланди. Чунки асъасаю дабдаба шунчалик меъёридан ошиб, аниқ қолипга солмаса бўлмайдиган аҳволга келди.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳали ҳам шаҳар, қишлоқларда, хонадонларда   ўтадиган тўйларда овоз кучайтирувчи аппаратлар ёрдамида қулоқларни қоматга келтирувчи қўшиқлар одамларнинг тинчлигига путур етказаяпти. Ҳолбуки хаста, беморлар бор орамизда. Кимдир даволанаяпти, соғлом  бошқа бир фуқаро эса дам олмоқчи. Беҳуда шовқин-сурон кимга ёқади дейсиз.

Президентимиз тўй-ҳашамларда  кам одам қатнашса, тўй эгасига оғир бўлиб кетмаслигини таъкидлаган эди. Чиндан ҳам, дабдабали тўй қиламан, деб жуда кўп фуқароларимиз чет элларда, хусусан, Россияда азоб билан меҳнат қилаётгани бор гап. Йиллар давомида қийналиб топган пулни бир кунда ҳавога совургандан кўра, келин-куёвнинг кейинги ҳаёти учун зарур шароитлар яратиб берган маъқул эмасми? Шу билан бир қаторда, бой-бадавлат кишиларга, манманлик билан дабдабали тўйлар қилиб, кам даромадли оддий одамларнинг кўнглига қаттиқ тегишдан, ранжитишдан қўрқинг, демоқчиман.

Рўйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят Кенгаши раиси

БОШҚА ҲУЖЖАТЛАРДАН ФАРҚЛИ ЎЛАРОҚ

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бир вақтлар одамлар сўзлашадиган тиллар сони 8 минг атрофида бўлган ва бугун бу рақам 6 мингни ташкил этмоқда, цивилизация таъсирида уларнинг ҳам катта қисми йўқолиб кетиш хавфи остида.

Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шундай экан, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ривожи учун қайғурмоқ даркор. Аммо тил бўйича қонунимиз қабул қилинганига 30 йилдан ошган бўлса-да, давлат тилидаги ҳужжатларда, реклама баннерларида, бинолар пештоқидаги ёзувларда имло қоидаларига риоя қилинаётгани йўқ. Айрим телерадиоканалларда тил меъёрларига амал қилгилари келмаяпти. Шахсий киностудияларда ишланаётган фильмларда шевалардан ўринсиз фойдаланиш, рус, инглиз тилларидаги сўзларни ҳуда-беҳуда ишлатиш, жумлаларнинг ғализ тузилаётгани бугун табиий қабул қилинаётгандек.

Таъкидлаш лозим, Президентимизнинг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан муҳим вазифалар белгилангани, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши ўзбек тилшунослигида катта бурилиш бўлади, албатта. 

Унутмаслик лозимки, бошқа ҳужжатлардан фарқли ўлароқ, тил ҳақидаги қонунлар ижросига ҳам фақат назорат қилувчи органлар эмас, шу тилда сўзлашадиган ҳар бир инсон масъулдир.

Амина УСМОНОВА,

Қарши шаҳридаги 28-мактаб ўқитувчиси

БУГУН БИТТА КИТОБ ЎҚИГАН БОЛА, ЭРТАГА ТЕЛЕВИЗОР КЎРИБ ЎТИРГАН ЎНТА БОЛАНИ БОШҚАРИШИ МУМКИН

Маълумки, тарбия - фикр, ахлоқ, бадан тарбияси ва маънавий тарбияга бўлинади. Ушбу жараёнда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Айрим ҳолларда ота-оналардан фарзандларимизга тарбияни ўқитувчи берсин, деган гапларни эшитамиз. Тўғри, ўқитувчи болани тарбияга чақириш билан бирга, ўз вақтида билим беришни зиммасига олади. Бунда ўқитувчининг ташқи кўриниши, юриш-туриши, кийиниш маданияти, сўзлаш нутқи, теран фикрлаши ва ҳуснихати ўқувчиларга намуна бўлиб хизмат қилади.

Бироқ кўпгина ота-оналар таълим-тарбия жараёнида фарзандларининг ёнини олиб, ўқитувчининг ҳурматсизланишига сабабчи бўлаётгани ҳам сир эмас. Бу эса "устоз-шогирд" анъанаси давомийлигига зарар етказмасдан қолмайди. Ўқитувчи 45 дақиқалик дарс давомида битта ўқувчини турғизиб, дарснинг ярмини фақат унинг тарбияси билан ўтказиб вақт йўқотса, бу бошқаларнинг ўзлаштириш даражасига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.

Демак, бола тарбияни оилада, билимни мактабда олса, мақсадга мувофиқ бўлади (бундан бошланғич синф ўқитувчилари мустасно!). Бунинг ўрни алмашган тақдирда, барибир ота-она фанни ўқитувчи даражасида билмайди ёки етказиб беролмайди, мактабда эса ҳар бир ўқувчининг тарбияси билан тўла-тўкис шуғулланишга вақт етмайди.

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Ўз болангни ўзинг асра" ёки "Бугун битта китоб ўқиган бола, эртага телевизор кўриб ўтирган ўнта болани бошқариши мумкин", деган жуда катта тарбиявий аҳамиятга молик сўзлар бугунги кунда ота-оналаримиз ўз фарзандлари тарбияси учун масъулиятли бўлиши зарурлигини кўрсатмоқда.

Демакки, оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш фарзанд тарбиясида муҳим ўрин тутади. Бу борада энг муҳим восита - китобдир. Чунки китобга ошно бола яратувчанлик руҳида ва ота-онасига, бошқаларга меҳрибон, эътиборли бўлиб вояга етади.

Латиф ҚАМБАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси

СЎЗДА ЭМАС, АМАЛДА КЕРАК

Биламизки, "Давлат тили ҳақида"ги Қонун қабул қилинганидан 2 йил ўтиб,   халқимиз ҳаётида катта ўзгариш юз бериб, мустақиллик қўлга киритилган эди. Аниқроқ айтганда, тил ҳақидаги ҳужжатнинг "қадами" қутлуғ келганди биз учун.

Бош қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан  мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимиз байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Бироқ бу фақат қоғозда, сўзда "муқаддас" бўлиб қолаяпти, холос. Амалда тил беҳурмат қилинган ҳолларга ҳар қадамда дуч келиш мумкин.

Президент фармони билан янги ташкил қилинган Департамент илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини топиш, бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ҳамда топонимик объектларга ном берилишини мувофиқлаштириш каби вазифаларни бажариши кўпчилик юртдошларимизни қувонтириши баробарида ўзбек тили ривожини ҳам таъминлаши шубҳасиз.

Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Тилда миллатнинг бор-йўғи, ўй-фикри, дунёқараши, орзу-умидлари, ҳис-туйғулари акс этади. Шундай экан, она тилига ҳурмат - унинг бебаҳо хазинасидан ўринли фойдаланиш, равшан ва таъсирчан сўзлаб, ёза олиш, нутқий саводхонликка эришишда кўринади.

Гулчирой ЙЎЛДОШЕВА,

Қарши туманидаги 41-мактаб ўқитувчиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!